Қирғизистон президенти муфтийлар билан учрашди

18:20 14.09.2018 1467

Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков пойтахт Бишкекда ўтказилган “Маънавий ипак йўли. Буюк инсоний анъаналар ва замонавий таҳдидлар” деб номланган конференция иштирокчилари билан учрашди.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, учрашувда Қирғизистон, Қозоғистон, Хитой, Литва, Россия, Ўзбекистон, Тожикистон ва Эстония муфтийлари қатнашди.

Сооронбай Жээенбеков учинчи бор ташкил этилган халқаро анжуман диндорлар ўртасида радикаллашувнинг олдини олишга ва инсонлар ўртасида тоқатлиликни ёйишга ёрдам беришига умид билдирди.

“Бир вақтнинг ўзида бир нечта мамлакатлар муфтийларининг ташриф буюриши мамлакатимизнинг ижтимоий, маданий ва диний ҳаётида муҳим воқеадир”, – деди Қирғизистон раҳбари.

Унинг фикрича, диний етакчилар, дин бўйича олимлар ва экспертлар иштирокида халқаро анжуманнинг ташкил этилиши ҳам давлат органлари, ҳам диний ташкилотлар учун фойдалидир.

Учрашувда “Маънавий ипак йўли” конференциясининг навбатдагиси 2019 йили Қозоғистонда бўлиб ўтиши маълум қилинди.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!