Қирғизистон ҳукумати Қозоғистонда бўлган ва ўз ватанига қайтиш истагида бўлган ватандошларини эвакуация қилишни бошлади. Бу ҳақда Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги хабар берган.
«Ҳозирда Ташқи ишлар вазирлиги ватандошларга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш доирасида Қирғизистон-Қозоғистон чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктлари орқали Қирғизистон фуқароларини эвакуация қилиш ишларини олиб бормоқда», — дейилади хабарда.
Вазирлик маълумотларига кўра, ҳозирда икки давлат чегарасида жойлашган назорат-ўтказиш пунктлари ишламоқда, зарурат туғилганда ватанига қайтишни хоҳловчи Қирғизистон фуқаролари чегарадан бемалол ўтишлари мумкин.
“Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик хизмати департаментида, Қирғизистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси ва Қирғизистоннинг Олмаота шаҳридаги Бош консуллигида «Ишонч телефонлари» мавжуд бўлиб, улар орқали Қирғизистон Республикасининг Қозоғистондаги фуқаролари консуллик ва ҳуқуқий ёрдам тўғрисида барча саволларини беришлари мумкин”, — деб хабар берган вазирлик.
Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Қозоғистондаги ватандошларини «мамлакатда бўлиш қонунлари ва қоидаларига риоя қилишга, иғвогарликка йўл қўймасликка, ҳеч қандай низоларда қатнашмасликка, жамоат жойларига бормасликка» чақирган.
«Қирғизистон Республикасининг Қозоғистондаги элчихонаси Нур-Султон, Ақтўбе, Атирау, Ақтау, Қустанай, Кўкчатов, Петропавловск, Павлодар ва Қарағандадаги Қирғизистон фуқаролари билан алоқа ўрнатган», — дейилади хабарда.