Қирғизистонда янги кодекслар кучга киргани боис кўплаб маҳбуслар озод қилинади

12:25 31.12.2018 524

2019 йилнинг 1 январидан Қирғизистонда янги бешта кодекс ва иккита қонун кучга киради. Улар жиноий қонунчиликда инсонпарварликни кўзда тутгани боис, 470 маҳкум озод қилинади. Бу ҳақда Жазони ижро этиш давлат хизмати раҳбари Таалайбек Жапаров маълум қилди, дея хабар бермоқда ЎзА.

“Шунингдек, жазо муддатлари ҳам қисқартирилади. Айни дамда ҳужжатлар тайёрланмоқда, 1 январдан кейин бу ҳужжатлар суд идораларига юборилади. Пробация хизмати фуқароларнинг озод қилинганидан кейин эмас, балки улар колонияга келиб тушиши билан ишлаши керак. Руҳшунос ва ижтимоий хизмат ходимлари маҳкумларнинг иши билан танишиб чиққанларидан кейин уларни ёпиқ муассасалардан ташқарида ҳам тузатиш масаласида чора-тадбирлар кўришлари, судга мурожаат қилиши мумкин. Шу тариқа биз колониядаги маҳкумларнинг сонини қисқартиришга эришамиз. Хавфли бўлмаган жиноятларни содир этганлар колонияда ушлаб турилмайди, улар билан мутахассислар иш олиб боради. Мақсад уларни жамиятга қўшишдан иборат”, – деди Жапаров.

Қирғизистонда 2019 йилнинг 1 январидан Жиноят кодекси, Қилмиш тўғрисидаги кодекс, Жиноий-процессуал ва жиноий-ижро кодекслари, шунингдек Қонун бузилишлари тўғрисидаги кодекс ва Пробация тўғрисидаги ва Амнистия асослари тўғрисидаги қонунлар кучга киради.

Янги кодексларда янги институтлар жорий этилиши кўзда тутилган. Улар орасида: ягона реестр, тергов судьяси, тергов хонаси ва суд мажлислари залларни цифровизациялаш, пробация бор.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!