Қирғизистон бош вазири ва президент вазифасини бажарувчи Садир Жапаров истеъфо берди, бунга эса унинг президент сайловида қатнашиш нияти сабаб бўлди.
Унинг истеъфосини мамлакат қонунчилиги тақозо қилади. Конституцияга биноан президент вазифасини бажариш парламент спикери Талант Мамитовга ўтди, ҳукуматни эса бош вазирнинг биринчи ўринбосари Артём Новиков бошқариб туради.
Кеча, 14 ноябрь куни Садир Жапаров президентликка номзодини қўйиш учун Сайлов ва референдум ўтказиш бўйтича марказий комиссияга керакли ҳужжатларни топширди.
Садир Жапаров сайловда қатнашадиган рақибларига муваффақият тилар экан, мамлакатда беқарорлик ва парокандаликка йўл қўймасликка чақирди. “Мамлакатда тинчлик, халқнинг бирлиги ва жамиятнинг хавфсизлиги – булар энг муҳим нарсалар, – деди у ўз мурожаатида. – Барчамиз учун давлатимизнинг ва халқимизнинг тақдири ҳамма нарсадан муҳим бўлиши керак. Биз ҳаммамиз қирғизистонликлармиз! Биз бир ва кўп миллатли халқмиз! Сиёсий қарашларимиз турлича, лекин мақсадимиз битта: юртимиз Қирғизистоннинг келажаги порлоқ бўлиши таъминлаш”.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистонда президент сайлови 2021 йилнинг 10 январида бўлиб ўтиши кутилмоқда.