Қироат хусусида фасл (Енгил фиқҳ)

13:50 11.07.2019 406

Бомдод намозида, шом ва хуфтон намозларининг аввалги икки ракатида, агар имом бўлса жаҳрий қироат қилади. Қолган икки ракатини ичида ўқийди. Агар ёлғиз ўқиётган бўлса, ихтиёрлидир; хоҳласа жаҳрий ўқийди ва ўзига эшиттиради, хоҳласа ичида ўқийди. Имом пешин ва асрда махфий қироат қилади, гарчи Арафотда бўлса ҳам. Жума ва икки ҳайит намозларини жаҳрий ўқийди.

Ким хуфтонни қазо қилса, уни қуёш чиққандан кейин имом бўлиб ўқиб берса, жаҳрий қироат қилади. Агар ёлғиз ўқиса ихтиёрли бўлмайди, ичида қироат қилиши вожиб. Ким хуфтониннг олдинги икки ракатида сура ўқисаю, “Фотиҳа”ни ўқимаган бўлса, кейинги икки ракатда уларни қайтармайди. Ва агар “Фотиҳа”ни ўқиган бўлсаю, сурани қўшмаган бўлса, бу ҳолда кейинги икки ракатда “Фотиҳа”га сурасаларни қўшиб ўқийди ва жаҳрий намозда уларни жаҳрий ўқийди. Намозда жоиз бўладиган энг кам қироат уч қисқа ёки бир узун оятни қироат қилишдир.

Сафарда “Фотиҳа” ва хоҳлаган сурасини ўқийверади. Муқимликда эса бомдоднинг икки ракатида “Фотиҳа”дан ташқари қирқ ёки эллик оят ўқийди. Пешиндаям шу миқдор ўқилади. Аср ва хуфтонда ўртача катталикдаги  суралар қироат қилинади. Шомда эса қисқа суралар ўқилади.

Бомдодда биринчи ракатни иккинчисига нисбатан узунроқ қилади. Пешинда эса икки ракатни баробар қилади. Намозларда қолганини ташлаб, айнан бир сурани таъйин этилмайди. Қуръондан бирор нарсани қайсидир вақт намозга белгилаб қўйиш макруҳдир.

Эргашган киши имом ортидан қироат қилмайди ва жим туриб, эшитади. Гарчи имом тарғиб ва тарҳиб оятларини ўқиса ҳам. Хутбадаям ва хутбадаги пайғамбар алайҳиссаломга салавот айтишдаям шундай ҳукм, яъни жим туриб, эшитади.

"Енгил фиқҳ" китоби
Мубашшир Аҳмад

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!