Қирқ йиллик таъмирталаб йўл ёки канал қазиш ишлари йигирма йилдан бери тугамайдими?

10:30 07.03.2019 713

Сурхондарё вилоятининг  Бойсун, Қизириқ туманларини Қумқўрғон тумани билан боғлаб, Шўрчи, Денов, бир тарафдан Термиз томон ўтиб кетувчи 16,25 км.лик йўлнинг аҳволини кўрган «маймунлар ҳам йиғлашга» бироз истиҳола қилади. Нега дейсизми? Менимча, мазкур йўлни ҳар уч йилда бир марта таъмирлаб қўйса ҳам шундай абгор аҳволга тушмасди.

Халқимизда, «юз марта эшитгандан, бир марта кўрган яхши», деган ҳикматли нақл бор. Биз ҳам йўлнинг ҳақиқий аҳволини билиш мақсадида машинамизни ўша томонга бурдик. Аввалига сафаримизнинг бир соатини шуни  кўришга ажратган эдик, аммо биз ўйлагангандан ҳам кўра аянчли ҳолат экан. Натижада сафаримиз уч соатга чўзилди.

Қумқўрғон туман марказидан чиқиб қишлоқ ва овул томон чиқиб кетар эканмиз, йўлимиз тобора оғирлашиб борди. Бор йўғи 15 км.лик йўлни тез-тез ҳакат қилдик, деганимизда 65 минутда босиб ўтдик. Ўзиям машинамиз «ҳўнграб» юборай деди. Шу ерда яшовчи Абдужаббор ака Нуруллаев: «Мен 42 ёшга тўлдим. Эсимни танибманки, бу йўлнинг аҳволи яхшиланганини, бирон марта таъмир этилганини эслаёлмайман. Туман марказига бир иш юзасидан бориб келиш учун таксилар ҳам зир титрайди. Агар шошилинч бўлиб қолса, такси 40 минг сўмга эвазига олиб борса хурсанд бўламиз», дейди.

Баъзи фарзандлармиз туман марказига коллеж ва лицейларда таҳсил олади. Йўлнинг ёмонлигидан, кунига маршируткага берадиган йўл кирасининг ўзи 10000 сўм. Қишлоқ шароитида аҳоли учун бу кўплик қилади.

Биз ахийри,15км. йўл босиб «Наврўз» жамоа хўжалиги марказига келганимизда мактабдан қайтаётган болалаларга дуч келдик. Уларнинг пояфзаллари лойга қорилган. Икки кун олдин ёмғир ёққан тош кўчалар қуримабдида, десак, вазият бошқача экан. Мактабга келадиган йўлга асфалт у ёқда турсин, қадим замонларда тўкилган тош ерга сингиб кетиб, йўл лойкўчага айланган. «Ўқувчиларимиз қишда лойдан азият чекса, ёзда чанг ва тупроққа ботади», дейди ўқитувчи.

Абдурашид Ўрозов

Шу йўл бўйлаб юра бошладик. Бу «Порлоқ келажак» кўчаси экан. Қишлоқ гоҳ сийраклашиб борар, яккам-дуккам уйлар 3-4 км.дан кейин ҳам тугамасди. Яна мактабдан қайтаётган болаларга дуч келдик. Таълим муассасаларинг қани, десак улар: «Мактабимиз бу ердан кўринмайди, анча олисда», дея боя биз кўрган 73-мактаб томон ишора қилишди.

– Ўҳ-у-у, шунча жойдан қатнаб ўқийсиларми, нечанчи синфдасизлар?

– Ҳа, биринчи синфда ўқиймиз...

Ҳа айтганча, бу йўл олдин кўрганларимиздан бироз яхшидай туюлди. Нега десангиз, аҳоли икки йил олдин пул йиғиб, тошли шағал ётғизишган экан. Аммо ўртада болалар ўтишига хавфли ўринлари бор. Нега дейсизми, «Бу ердан канал қазиб йўлимизни шу аҳволга солишди. Бундан йигирма йиллар бурун канал қазиш ишлари бошлаб юборилди. Ўша пайтда вилоят ҳокими Бахтиёр Олимжонов томонидан шитоб билан бошланган мазкур иш у алмашганидан сўнг буткул тўхтади. «Энди бу лойиҳа бекор қилинибди», дейишди.

Орадан йиллар ўтди. Эҳ шунча харажат, “Оққопчиғай” билан Шерабод (ШМТ) каналлари ўртасини боғлаш мақсадида бошланган бу канал лойиҳаси (узунлиги 15214 метр)нинг 30% ишлари бажарилиб бўлинган эди. Тонна-тонналаб цимент тўкиб битонланган ўринлар аста-секин кўчиб тушди. Қолган жойларини ҳам йўл ўтказгич ўтказмасдан қолиб кетгани эътиборидан кўмиб ташланди. Ўйдим жойлар текисланиб, экин майдонларига айлантирилди. Бу ўз-ўзидан бўлармиди, албатта, қанча харажат талаб қилади. Энди каналга деб қазиб чоҳга айлантирилган ўринлари текисланиб, йўл кесиб ўтган жойлар яхшиланганида, яна канал ўтказамиз, деб кўчаларимиз шу аҳволга тушди.

Бу каналнинг қачон битиши номаълум. Ким билсин, вилоят ҳокими яна ўзгариб қолса, кейингиси унинг ишини давом эттирармиди, лойиҳалар бекор бўлади. Нотўғри бошланган иш, дейилади. Бундан ким жабр кўради, албатта, оддий халқ қийналади. Давлатни хазинасига етган зарарни ҳисоблайдиган, суриштирадиган одамнинг чўнтагини қаппайтса, бу лойиҳа умуман нотўғри экан, вақтида тўхталибди, деб келган жойига қайтиб кетаверадида. Ундай бўлса, нима олдиндан ўйлаб кўрилмади, дейдиган инсон йўқ...», дея куйиниб гапирди, Абдукарим амаки Аноров.

– «Набираларимиз, кунига олти км.лик йўлни ёмғирли кунларда лой, қуёшли кунларда туфлиларни «оқ формага» бўяйдиган чанг-тупроқ оралаб мактабига бориб келади», дейди Кенжахол опа Муродов.

Бу ҳақда тегишли ташкилотларга мурожаат қилмадингларми, деган саволимизга улар: «Айтавериб, ёзавериб ҳам чарчадик. Олдин бизнинг жойлар Денов туманига қарашли эди. Туман мутасаддилари назарида чўл ҳудуд, деб қараларди. Гарчи қарийб 40 йилдан ошган бўлсада, гўё уларнинг қамровида энди ўзлаштиралаётган ерлар, деб эътироф этиларди. Қумқўрғон туманига қўшилганмизга ҳам икки йўл бўлди. Аммо ўзгариш йўқ, аҳвол ўша-ўша, ўтган  ҳафта ҳокимимиз йиғилишига бориб, шу масалани кўтарган эдик, “Мен йўл соҳасига аралашолмайман. Йўлни ўз эгаси, мутасаддилари бор», деди...

Агар кўрганларимиз ҳақида фикрларимизни давом эттирадиган бўлсак, ҳали бир дафтар бўладиган. Шу боисдан мутасадди ташкилотлардан мазкур ҳудудларга ҳам эътибор қаратишларини кутиб қоламиз. Насиб қилса, бу мавзуга яна қайтамиз!

Воҳидбек НУРУЛЛАЕВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!