Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ахлоқ

Қиёмат бўлиб қолса ҳам тўхтатилмайдиган иш...

737

Динимизда ерни обод қилиш масаласига алоҳида эътибор берилган. Кўплаб ояти карималарда боғлар ва далаларнинг ҳосили Аллоҳ таолонинг изни ва иродаси билан етилиши баён этилган. Зеро, экин экиш улуғ амаллардан саналади. Деҳқон одам уруғни экади. Осмондан ёмғир ёғишини Аллоҳ таолодан сўрайди. Сўнг, ўша эккан уруғидан ўсимлик униб чиқишидаги Аллоҳ таолонинг қудратига гувоҳ бўлиб туради.

“Ўт-ўлан ҳам, дарахтлар ҳам сажда қилурлар” (Раҳмон, 6).

Аллома Мовардий розияллоҳу анҳу: “Инсоннинг тирикчилиги уч нарсага боғланган бўлади: деҳқончилик, тижорат ва ҳунармандчилик. Менинг наздимда деҳқончилик энг покизаси ва энг афзалидир”, деганлар.

Ҳадиси шарифларда кўчат экиш, деҳқончилик қилиш фазилатли ва улуғ экани айтилади. Кўчат экишнинг катта ажр-савоблари ҳақида қуйидаги ҳадислардан ҳам билса бўлади. Садақаи жория бўладиган амаллар сирасига кирадиган амалларга ўзидан кейин боғ қолдириш ҳам киради.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда: “Агар мусулмон банда бирон кўчат экадиган бўлса, ундан инсон, ҳайвон ёки қуш еса, бу ўша бандага қиёмат кунигача садақаи жория бўлади”, дейилган.

Демак, киши эккан дарахти бошқалар томонидан истеъмол қилинса ҳам, гарчи ўша дарахт вақт ўтиб ўзга одамнинг мулкига айланса ҳам, унинг ҳақига савоб ёзилиб турилар экан.

Динимизда дарахт экишнинг фазилатларидан бири шуки, дунёда солиҳ амаллар қилган мўъмин бандага жаннатда унинг учун мукофот тарзида дарахт экилишидир.

“Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кимки “Субҳаналлоҳил аъзим ва биҳамдиҳи” деса, жаннатда унинг учун хурмо (бир ривоятда дарахт) экилади”.

Дарахт экиш жуда улуғ ишки, нафақат дунёда балки жаннатда ҳам экилади ва бу банданинг солиҳ амалига жаннатда мукофот тарзида берилади.

Ҳикматда айтилади: “Бизлардан олдин ўтганлар кўчат экишди, биз ундан едик. Энди эса, биз экамиз, уни кейинги авлодлар ейди”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларига деҳқончилик, хусусан кўчат экишга тарғиб қила туриб шундай деганлар: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, бас, уни экиб олсин” (Бухорий ва Аҳмад ривояти).

Бир куни халифа Ҳорун ар-Рашид бировнинг боғи ёнидан ўтаётиб мевали кўчат ўтқазаётган бир чолни кўриб уни саволга тутибди: 

– Бобо, анча ёшга кириб қўйибсиз, бу дарахтларнинг ҳосилини ея оласизми-йўқми, кўчат экиб нима қиласиз?

Оқсоқол унга шундай жавоб берди:

– Биздан олдин яшаган одамлар дарахт экиб кетишган ва биз меваларини едик. Энди биз экканимизни биздан кейингилар ейишади, шоҳим.

Ҳорун ар-Рашидга бирор сўз ёки иш ёқса, «зеҳ» дер ва вазири ўша одамга бир халтачада пул берар экан. Бу сафар ҳам чолнинг гапи ёқиб кетди ва «зеҳ» деди. 

Чол вазирдан танга тўла халтачани олиб яна деди:

– Мевасига етасизми-йўқми, дегандингиз шоҳим. Мана ҳозирнинг ўзида  мевасиниям еяпмиз.

Халифага бу гап ҳам ёқиб кетди-да яна «зеҳ» деди. Яна бир халтача тилло чолга тегди.

Чол икки халтачани қўлида тутиб тураркан яна сўз қотди:

– Ҳазратим, ҳамманинг дарахти бир марта ҳосил берса, менинг дарахтим йилига икки марта ҳосил қиларкан.

Халифа қаҳ-қаҳ уриб кулди-да, яна бир марта «зеҳ» деб йўлига кетди…

Кўчат экишнинг улуғ савоб эканини билган юртдошларимизни ушбу ғанимат кунлардан фойдаланиб кўчат экишга, юртимизни янада чиройлироқ қилиш учун ўз ҳиссаларини қўшишга даъват этамиз.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

"Фотиҳа"нинг муҳим бир ояти

118 15:01 06.03.2021

Сенегал: мухолифатчининг ҳибсга олиниши ортидан тўполонлар (фото)

77 14:30 06.03.2021

Маҳр борасида қай даражада маълумотга эгамиз?

161 14:05 06.03.2021

БМТ Хавфсизлик Кенгаши Мьянма бўйича бир тўхтамга келолмади

124 13:30 06.03.2021

Ҳазрат Навоий ва тасаввуф

100 12:30 06.03.2021

"UzAuto Motors" ходимлари иш ташлашмоқчи

803 12:05 06.03.2021
« Орқага