Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Қиёмат куни савобингизни беришга розимисиз?..

1711

Абу Идрис Хавлонийдан, у Абу Зар Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Аллоҳ таоло айтади: "Эй бандаларим,  Ўзимга зулмни ҳаром қилдим ва уни сизларнинг орангизда ҳам ҳаром қилдим.  Бир-бирингизга зулм қилманглар.  

Эй бандаларим, барчангиз залолатдасиз,  фақатгина Мен ҳидоят қилганларгина тўғри йўлдадир.  Шундай экан, ҳидоятни Мендан талаб этинглар.  Ўзим сизларни ҳидоят қиламан. 

Эй бандаларим,  барчангиз очсизлар, фақатгина Мен таомлантирганлар ундай эмас. Шундай экан,  Мендан таом сўранглар,  Ўзим сизларни таомлантираман. 

Эй бандаларим,  барчангиз яланғочдирсиз,  фақат Мен кийинтирганларгина ундай эмас.  Шундай бўлгач,  кийинишни Мендан сўранглар, Ўзим сизларни кийинтираман. 

Эй бандаларим, сизлар кеча-ю кундуз хато қиласизлар,  Мен эса гуноҳларингизни барчасини кечираман.  Шундай экан,  Мендан истиғфор сўранглар, гуноҳларингизни Ўзим кечираман.  

Эй бандаларим, Менга зарар бермоқчи бўлсангиз,  асло зарар бера олмайсизлар. Менга фойда бермоқчи бўлсангиз ҳам асло фойда бера олмайсизлар.  

Эй бандаларим, агар аввалингиз-у охирингиз,  инсонлар-у жинларингиз бир тақволи қалб эгаси бўлишиб, мулкимда бирон бир нарса зиёда бўлмайди. 

Эй бандаларим, агар аввалингиз-у охирингиз,  инсонлар-у жинларингиз бир фожир қалб эгаси бўлишса ҳам, мулкимда бирон бир нарса камайиб қолмайди. 

Эй бандаларим, агар аввалингиз-у охирингиз,  инсонлар-у жинларингиз барчаси бир тепаликда туриб Мендан сўрашса ва Мен уларнинг ҳар бирининг сўраганини беосам ҳам Менинг мулкимда фожир бирон бир нарса камайиб қолмайди. Магарам денгизга игнани суқиб олганчалик камаяди халос.

Эй бандаларим, у сизларнинг амалларингиздир ва Мен амалларингизни ҳисоблаб сақлаб қўяман. Сўнгра уни мукаммал қилиб топшираман. Ким унинг яхшисини топса, Аллоҳга ҳамд айтсин. Кимки бундан бошқасини топса, фақатгина ўзини маломат қилсин".

Муслим ривояти.


Ушбу ҳадиси қудсий машҳурдир.  

Имом Муслимнинг айтишларича,  ушбу ҳадиснинг ровийларидан бири бўлмиш Абу Идрис Хавлоний қачон бу ҳадисни ривоят қиладиган бўлса, тиззалаб ўтириб олар эди.  

Шайҳ Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ айтади: "Ушбу ҳадисни имом Тақиюддин Субкий раҳимаҳуллоҳ Дамашқдаги дорул ҳадисда шарҳлашни бошлаб, уни шарҳини то Қоҳирага кетгунларича давомий дарс қилган эди. Бу ҳадис шарҳи тадриси ўн тўрт йил давом этди". 

Ҳадисдаги "Эй бандалрим жумласи фақатгина инсонларга эмас, балки жинларга ҳам тегишлидир. Ҳадисдаги  "бандаларим" дея изофа қилиш эса Аллоҳга банда бўлганлар учун буюк шарафдир! 
Бу лафзнинг қайта-қайта айтилиши ҳадисдаги мавзулвр ўта муҳимлиги, унга жуда ҳам эътибор ила ўрганиб, амал қилиш лозимлигига далолат қилади. 

Ҳадис шарҳини қуйидаги жумла билан бошлаймиз:

"Эй бандаларим, Ўзимга зулмни ҳаром қилдим". 

Демак, оламларнинг Робби бўлмиш барча нарсага мутлақ қодир Зот зулмни Ўзига ҳаром этди. Хоҳласа аҳвол бошқача бўлиши мумкин эди, лекин У Зот одилдир ва бу одиллиги ила мисқол заррачалик зулм қилмайди!

Ўзимга зулмни ҳаром этдим,  демак, сизларга амр этган барча  нарсаларимга бўйсунинглар ва қайтарган барча нарсаларимдан қайтинглар. Мен бу амр-у наҳийларимдан сизларга фақатгина яхшиликни истайман.  Шу сабабли "уни сизларнинг орангизда ҳам ҳаром қилдим".

Буни сизлар тўлиқ яхшиликлар ичра яшашингиз учун қилдим. 

Бирон кимса бошқасига зулм этмасин. 

"Бир бирингизга зулм қилманглар".  

Зулм икки хил бўлади: ўзига зулм ва бошқаларга зулм қилиш. 
Ушбу илоҳий амр зулмнинг ҳар иккисини ҳам ҳаром этган.  

Ўзига зулм қилиш  - гуноҳларни  қилиш ила бўлиб, уларнинг энг каттаси эса ширкдир.  


"Чунки ширк улкан зулмдир”. (Луқмон, 13). 

Бошқаларга зулм қилиш эса феъл ва сўз ила бўлади. 


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Муфлис кимлигини биласизларми?” деб сўрадилар. “Муфлис дирҳами, ҳеч вақоси йўқ кишидир”, деб жавоб беришди. Шунда у зот: “Умматимдан (бўлган) муфлис қиёмат куни намоз, рўза ва закот билан келади. Шу билан бирга уни сўккан, бунга туҳмат-бўҳтон қилган, бунинг молини еган, бунинг қонини тўккан, буни урган ҳолида келади.

Шунинг учун бунга ҳам, унга ҳам унинг савобларидан (олиб) берилади. Агар (зулм қилган киши) зиммасидаги (қарзлари) тўланишидан аввал савоблари тугаб қолса, (даъвогарлар) гуноҳи унга юкланади. Кейин жаҳаннамга ташланади”, деб айтдилар.

Муслим, Термизий ва Аҳмад ривоят қилишган.


Қиёмат шундай кунки, у кунда илоҳий адолат энг комил суратда намоён бўлади. Бирон мўмин киши, у жаннат аҳлидан бўлса ҳам, тоинки  гарчи дўзах аҳлидан бўлган бирон кимсанинг унда ҳақи бўлса, жаннатга киролмайди.  

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"Аллоҳнинг наздида Аллоҳ қайтарган катта гуноҳлардан кейинги энг оғир гуноҳ бир кишининг зиммасидаги қарзини узишга нарса қолдирмай ўлиб, у Зотга рўбарў бўлишидир», деб айтдилар".

Абу Довуд ривояти.

Бировларга зулм қилиш,  ҳақини паймол этиш, қарз олиб қайтармаслик ва шу каби ишларни қилувчиларнинг ҳолати қиёмат куни жуда ҳам аянчли ва қўрқинчли бўлади. 

Давоми бор...


Суннатуллоҳ Абдулбосит

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Унинг қурбонлиги қабул бўлмади...

36 17:00 06.03.2021

“Иш ташлаш” бўйича “Ўзавтосаноат” АЖ баёнот берди

372 16:40 06.03.2021

«Элиф ва Меҳмет» мультсериали. 5-қисм

93 16:00 06.03.2021

Жаҳрий зикр қилишликдаги одоблар

164 15:16 06.03.2021

"Фотиҳа"нинг муҳим бир ояти

338 15:01 06.03.2021

Сенегал: мухолифатчининг ҳибсга олиниши ортидан тўполонлар (фото)

117 14:30 06.03.2021
« Орқага