Қиёс

14:40 08.11.2018 632

Ҳар галги ойлигимиздан маълум фоизини, тадбиркор бўлсак энг кам иш ҳаққининг бир баробари миқдорида ҳар ойда бир маротаба нафақамиз учун жамғариб борамиз.

Раҳбаримиз ёки “Фалончи ака”нинг кўзларига яхши кўриниш ва маошни ошириш учун кечалари камроқ ухлаб кундузлари кўпроқ ишлаймиз, елиб-югурамиз.

Бизлар мусулмонлармиз. Бизлар қаришимизга, жамғармаларимизни роҳатда сарф қилишимизга ишонамиз. Лекин негадир охиратимиз учун очилган “нафақа дафтарча”миз бўм-бўш эканидан хотиржаммиз. “Дафтарчаси”да амаллари борларимизда ҳам энг майда купюралар ва эски кийимликлар.

Раҳбаримиз олдидаги бурчимизни сидқидил бажарамиз. Мансабимиз кўтарилишига аниқ ишонамиз. Лекин Ҳожамиз, барча мақтовларга лойиқ бўлган яккаю ягона Зотга қуллигимизни, раҳбаримиз ҳам биз ҳам у Зотнинг бандалари эканимизни кам эслаймиз. Жуда кам. Балки ўйламасмиз ҳам?!

Ишхонамиз 400 000 сўм ойлик берса ва шундан 10 000 сўмини ўз ихтиёримиз ила бирон фақирга улашишни ҳамда ўша 10 000 сўмни тез кунда бир неча ўн баробар кўпайтириб қайтаришини ваъда қилса, қандай йўл тутар эдик?

Ҳайратимга ҳайронлик қўшадиган ажиб бир ҳолат мавжуд. Аллоҳ бизларни Ўз марҳамати ила Одам этиб яратди. Бизлар сўрамасак ҳам инсонларнинг афзали мусулмонлардан қилиб қўйди. Ўз ҳикмати ила умматларни энг азизи қилди. Ўзи бизга ризқ беради. Ўзи берган ризқидан бир бўлакчасинигина Ўзи учун сарф қилсак яна биздан мамнун бўлиб мартабамизни оширади, фаришталарига биз ҳақимизда мақтанади, Ўзи бериб турган ризқидан Ўзи учун ишлатганимиз учун яна зиёда қилади. Жаннатдан биз учун қасрлар қурдиради, анҳорлар очтиради, дарахтлар ўстиради. Бу ҳаммаси саҳоватли мўъминлар учун. Ўзи берган маблағини озгинасини Ўзига сарф қилганлар учун.

Раҳбаримиз бизга бирор вазифа берса ва биз уни бажармасак бир сафар кечиради. Иккинчи бор ғазабланиб имкон беради. Учинчи бор такрорланса кетимизга тепади. Албатта у кўнгилчан раҳбар бўлса.

Меҳрибонларнинг меҳрибони Аллоҳ биз гуноҳкор бандаларига қанча имкон бермоқда?! Агар ҳар айбимизда кетимизга тепилганида эди, аҳволимиз ҳақида тасаввур ҳам қилиб бўлмайди.

Оламлар Роббиси барчаларимизни Ўз йўлида собитқадам қилсин.
Бизларни, аждодларимизни, зурриётларимизни Фирдавсда жам этсин.
Охират ғамидаги биродарларимизга ғайрат ва шижоат ато айласин.
Аллоҳ барчаларимиздан рози бўлсин! Омин.
Ассаламу алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Абдуқодир Муҳаммадрасул

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!