“Қизимга номалар” туркумидан: Дунёимни ўзгартирган атиргулим – қизим (6-нома)

23:00 23.02.2019 908

Сабрнинг мукофоти

Жоним, жигарбандим! Сенга бугун ёзмоқчи бўлганларим жуда муҳим. Даданг сени еру кўкка ишонмаслигини жуда яхши биласан. Сенинг ҳам падари бузрукворингга меҳру муҳаббатинг чексиз. Лекин атиргулим, падаринг доим ҳам сен ва укаларингнинг барча орзу-истакларини амалга оширолмаслиги мумкин. Бундай ҳолларда қовоқ солишинг, аразлаб гаплашмай қўйишинг асло мумкин эмас. Билман жони жаҳоним, сен ундай одобсиз қизлардан эмассан. Агар сен кимдандир ибрат олмоқчи бўлсанг, бир ривоятни айтиб бера қолай. 

Ривоят

Умар ибн Абдулазизнинг кенжа қизи ҳайит куни отасининг ҳузурига йиғлаб кириб келди. Отаси: «Нимага йиғлаяпсан?» деди. Қиз: «Ҳамма болалар янги кийим кийишди, мен эса халифанинг қизи бўлсам ҳам, эски кийим билан юрибман», деди. Умар қизининг йиғисидан таъсирланиб, хазинабоннинг олдига борди ва: «Кейинги ойлик маошимдан бериб тура оласанми?» дедилар. Хазинабон: «Нима учун, эй мўминларнинг амири?» деди. Умар қизининг гапини айтиб берди. Шунда хазинабон: «Майли, лекин бир шарт билан бераман», деди. Умар: «Қанақа шарт?» деди. Хазинабон: «Кейинги ойгача тирик юришингиз ҳақида кафолат берасиз», деди. Бу гапни эшитган Умар тўғри уйига қараб кетди. Отасининг қўлида пул билан кутиб ўтирган фарзандлари: «Отажон, нима бўлди?» дейишган эди, Умар ибн Абдулазиз: «Ё сизлар сабр қиласизлар ва ҳаммамиз жаннатга кирамиз. Ё сизлар сабр қилмайсизлар ва мен дўзахга кираман» деди. Фарзандлар: «Сабр қиламиз, отажон», дейишди.

Шу воқеа сенга доимо ибрат бўлсин дейман юлдузим! Тўғри бугунги кунда бундай фарзандлар кам сонли. Оталари баъзан уларни айтганини қилишга имкони бўлмай қолса, сабр қилолмай, аразлаб, нолиб, оталарини қийин вазиятга тушириб қўядилар.  Бироқ сен жонажоним, кам сонли бўлса ҳам чиройли сабр қилувчи фарзандлар қаторида бўлгин. Асло сабрнинг мукофоти борлигини унутма!

Саида ИБОДИНОВА

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!