Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Қоҳирадаги ўзбек маҳаллалари

1789

Суратда: Қоҳирадаги Ўзбакия боғи, XX аср. 



Қоҳира шаҳрининг марказида ўзбек этноси номи билан боғлиқ катта боғ, унинг ичида эса театр ва боғга туташ ҳудудда машҳур китоб ярмаркаси бор. Бу ҳудудни қоҳираликлар ўзбеклар маҳалласи деб аташади. Қоҳираликлар орасида ўрта асрларда бу маҳаллада ўрта осиёликлар, жумладан ўзбеклар яшаганлиги, бу ердаги боғни ўзбеклар бунёд этганлиги ҳақида турли ҳикоялар мавжуд. Бундан ташқари, Дамашқ шаҳрида ҳам ўзбеклар билан боғлиқ бўлган масжидлар, кўчалар ва маҳаллалар мавжуд. Бу маданий масканларнинг ўз тарихи бўлиб, уларнинг келиб чиқишига оид ривоят ва ҳикоялар ҳам бор. Қоҳира марказида ўзбеклар билан боғлиқ маданий “оролча”ларнинг қандай пайдо бўлганини мисрлик таниқли тарихчи олима Можида Махлуф ўзининг “Миср тарихида ўзбеклар” номли мақоласида батафсил таҳлил қилган. Мақолада олима асосий эътиборни X-XVIII асрларда Миср давлатчилигида ўрта осиёлик бир нечта сулолаларнинг эгаллаган мавқеига, уларнинг давлат сиёсий ҳаётидаги иштирокига қаратади.

Мазкур мақола муаллифи мисрлик олиманинг тадқиқотларига ҳамда араб тилида чоп этилган бошқа манбаларга таянган ҳолда, Қоҳира ва Дамашқдаги ўзбеклар тарихига оид қўшимча маълумотларни, жумладан, уларнинг XIX – XX асрлардаги ижтимоий вазияти ва бугунги куни ҳақида маълумотларни тўплади.

Ушбу мақолада ўрта осиёлик ҳамда ўзбек этносига мансуб муҳожирларнинг Қоҳира ва Дамашқ шаҳарларида қолдирган моддий-маданий мероси, XIX – XX асрларда уларнинг ижтимоий ҳолати, шунингдек, бугунги кундаги турмуш тарзи ҳақида ҳикоя қилинади.

Ўзбакия маҳалласи

Ҳозирги кунда Қоҳира шаҳрининг марказида ўзбеклар билан боғлиқ қадимий маҳалла сақланиб қолган бўлиб, бу маҳалла аҳолисининг орасида шошлик, бухоролик, фарғоналик, тарозлик оилалар бор, улар юртига берилган номларни ҳамон сақлаб келишяпти. Мисрлик тарихчиларнинг ёзишича, ушбу маҳалланинг ташкил этилиш тарихи XIV асрнинг охирларига бориб тақалади. Мамлук давлати ҳукмронлиги даврида, Султон Қайтбай Атабек қўшин қўмондони Сайфиддин Ўзбекни жанглардаги катта ғалабалари учун мукофотлашга қарор қилган ва унга Қоҳира марказидан 60 акр ерни ҳадя қилган, тез орада бу ерда ҳовуз ҳамда унинг атрофида боғ қурилиб “Ўзбакия” (ўзбек) номи билан атала бошланган. 1495 йилга келиб, Ўзбакия Қоҳира шаҳрининг марказида жойлашган катта маҳаллага айланди.

Тарихчи олима Можида Махлуфнинг ёзишича, марказий осиёликларнинг Яқин Шарқ ҳудудига кириб келиши узоқ тарихга эга бўлиб, Аббосийлар сулоласи бошқаруви йилларида қўшин таркибида ўрта осиёлик туркийлар алоҳида нуфузга эга эдилар. Улар аббосий ҳукмдорлар билан биргаликда ва улардан кейинги йилларда Мамлуклар салтанати таркибида ислом дини равнақи йўлида хизмат қилиб, Яқин Шарқ ҳудудларида мустақил амирликларни ташкил қилди. Шунингдек, мавжуд ҳукмдор сулолалари саройида нуфузли мансабларда хизмат қилишган. Худди шундай амирликлардан бири Тулуния эди. Асли бухоролик Аҳмад ибн Тулун оиласи Мисрда мустақил давлат барпо этиб, 868 йили Тулуния амирлигига асос солди. Бу оила Мисрда ўттиз саккиз йил ҳукмронлик қилди. Манбаларда айтилишича, ўрта осиёлик бу ҳукмдор “Мисрдан Фуротгача, бу ёғи эса Марокаш юртларигача ҳукмронлик қилиб, адолат ўрнатган, ҳатто Бағдод халифалигига номзоди қўйилган, у халқига адолатли, саховатпеша дилбар бир шахс бўлган”. Аҳмад ибн Тулун ва ўғли Хуморвия даври Миср тарихидаги олтин давр ҳисобланади. Худди шу даврдан, Миср тарихида ўрта осиёликлар, жумладан ўзбеклар маълум аҳамият касб эта бошлаган.

Тулунийлардан сўнг Мисрда “ихшидий” номи билан машҳур, асли фарғоналик Муҳаммад ибн Тоғоч ибн Жаф Ихшидлар давлатига асос солди. У Мисрда ўттиз беш йил ҳукмронлик қилди. Можида Махлуфнинг ёзишича,“ўзбеклар Қора ва Ўрта ер денгизи бўйида жойлашган подшоҳликлар султонларининг доимий эътиборида бўлишган. Аслида аксарият султонларнинг келиб чиқиши қипчоқ (ўзбек) диёридан бўлган”. Масалан, Миср султони Зоҳир Бейбарс ўзбеклар билан иттифоқ тузишга интилган. Мисрлик олим Заки Муҳаммад Ҳасаннинг фикрига кўра, ўзбекларнинг Миср подшоҳлари идоравий ҳаётида ҳам ўз ўрни бўлган. Улар подшоҳлик кенгаши амири, қўшин қўмондони, қурол-яроғ амири, карвонлар амири, ҳаж амири каби эътиборли ва олий мансабларга эга бўлишган. Ўзбекларнинг давлат бошқаруви тизимида хизмат қилиши, бошқарув санъатидан тортиб, меъморчилик анъаналаригача ўз таъсирини кўрсатган[3].

Миср тарихининг кейинги даврларида ҳам ўзбеклар нуфузли оилалардан бўлишган. Усмонийлар даврида ҳам Мисрда ўзбек оилалари мавжуд эди. Усмонийлар давридаги архив ҳужжатларида Қоҳирадаги Ўзбек маҳалласи Ўрта Осиёдан келган барча ўзбекларни яхши кутиб олганлиги ҳақида маълумотлар бор. Уcмонийлар давлати уларга Султонлар вақфидан маблағ ажратган. Хусусан, манбаларда Қоҳиранинг марказида жойлашган, Қози Муҳиддин Абд ал-Қодир Ўзбекий томонидан қурилган “аш-Шаъроний” такяси доимий равишда ҳукумдорлар эътибори ва ҳомийлигида бўлганлиги тўғрисида, бу такяда ўрта осиёлик ҳожилар, нақшбандия тариқати суфийлари домий равишда келиб турганлиги тўғрисида маълумотлар бор. Даврлар ўтиб, Яқин Шарқда, жумладан Қоҳира шаҳрида яшаган ўрта осиёликлар маҳаллий аҳолига сингиб кетди – тил, маданият ва урф- одатларининг маълум бир белгилари сақланиб қолди. Шундай белгилардан бири бу ўзбек этноси билан боғлиқ бўлган жой номларидир.



Суратда: Қоҳирадаги Ўзбакия маҳалласи, 1867 йил.

Ал-Ўзбакия (ўзбек) маҳалласи Қоҳирадаги энг машҳур маҳаллалардан бири ҳисобланади, унинг катта қисми Хадив Исмоил пошшо даврида бунёд қилинган. Маҳалла Ал-Атаба майдони, Ўзбакия боғи ҳамда Ўзбакия театрини ўз ичига қамраб олган. Усмонийларнинг Мисрдаги ҳукмронлиги бошланар экан, бу маҳалланинг равнақи янада жонланди.



Суратда: Қоҳирадаги Ўзбакия маҳалласи бугунги кунда.

Манбаларда айтилишича, шу даврларда бу маҳаллада асли келиб чиқиши Ўрта Осиёдан бўлган турли туркий халқлар яшаб улар умумий ном билан ўзбеклар деб аталган. Давр ўтиши билан улар маҳаллий халқ орасига шу қадар чуқур сингиб кетганки, натижада ўзбеклар алоҳида этник гуруҳ сифатидаги хусусиятини йўқотган. Бироқ, ўзбек номи ҳали ҳамон сақланиб келмоқда[4]. Масалан, Ўзбакия боғи шундай жойлардан биридир. Тахминан XIV асрда Ўрта Осиёдан келган ўзбеклар авлодидан бўлган Сайфиддин Ўзбек томонидан катта боғ ва ҳовуз барпо қилинган. Кейинчалик унинг ўрнида француз услубидаги янги боғ барпо қилинган. Боғ номи эса ҳозирга қадар ўзбек номи билан сақланиб қолган . “Бу боғ ҳозирда жуда кичик бўлиб қолган, дейди – муаллиф билан Twitter орқали суҳбатда ушбу боғ яқинида болалик йиллари ўтган Ёсин – Шундай бўлсада, бу жой ҳамон Қоҳиранинг энг сўлим ва салқин манзилларидан бири, боғ атрофида XVIII-XIX асрларда ўрта осиёлик туркийлар яшаганлиги тўғрисида маълумотларни эшитганман, аммо ҳозир уларни фарқлаб бўлмайди. Баъзан Ўзбакия маҳалласида яшовчи маҳаллий аҳоли орасида бухорийлар, туркистонийлар ва ўзбакилар номли гуруҳларни учратиш мумкин. Улар араб тилида сўзлашади, урф-одатлари ҳам бизникидан фарқ қилмайди”.

Шавкат Икромов,

 Яқин Шарқ давлатлари бўйича тадқиқотчи, Тошкент давлат шарқшунослик университетининг ўқитувчиси, Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик марказ докторанти.

УЛАШИНГ:

« Орқага