Таҳлил

Қонун лойиҳаси қаерда?

2851

Ташқи ишлар вазирлигининг хабар беришича, Абдулазиз Комилов АҚШнинг халқаро диний эркинликлар соҳасидаги топшириқлар бўйича Элчиси Самуэл Дейл Браунбек билан учрашган. Ушбу учрашувда элчи жаноблари «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири Олий Мажлис томонидан кўриб чиқилиши бошланганини олқишлади, дейилади хабарда.

Интернет сарҳадларида излаш тизими орқали Самуэл Дейл Браунбек билан боғлиқ хабарларга назар ташладик. Sof.uz сайтининг 2018 йил 18 сентябрдаги хабарлар лентасидан Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев томонидан Тошкентда бўлиб ўтган «Диний бағрикенглик: Ўзбекистон ва АҚШ тажрибаси» анжуманида «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қилинади. Адлия вазирлиги ушбу қонуннинг янги лойҳасини ишлаб чиқди», деб айтилганини кўришимиз мумкин. Роппа-роса 1 йил аввал!

Президент танқид қилганича ҳам бор, депутатларимиз жуда секин ишлашади ёки шу чақириқ шунақа бўлиб қолган. Авваллари бир деганда қабул қилинган қонунлар энди йиллар ўтса ҳам «кўриб чиқиш»дан нарига ўтмаяпти. Бу мақолани ўқиган депутатларимиз ўн йиллаб қабул қилинмаётган қонунларни рўкач қилишлари мумкин, лекин бор қонунни давр талабидан келиб чиқиб ўзгартиришга бир йил муддат етмаса, унда қачон тонг отади?!

Юқоридаги қонуннинг янги таҳрири лойиҳаси борлиги мана бир йилдан бери айтиб келинмоқда, лекин нега уни омма кўрмади, ақалли журналистларга таништирилмади? Балки дин одамлари кўргандир, маслаҳатлари билан иштирок этишгандир, лекин улар ҳам жим. Ёхуд бу ўта махфий ҳужжатми? Ахир таъсир кўлами бутун Ўзбекистон аҳлига аҳамиятли бўлган ҳужжатнинг лойиҳаси халққа кўрсатилмайдими? Америкадан келган одамга ҳужжат тайёрланганини айтдик, кейинги сафар Америкага бориб ҳужжатни кўриб чиқишни бошлаганимиз тўғрисида хабар бердик, бу ҳужжат ўзи ким учун тайёрланяпти? Чет элга ҳисобот бериш учунми?

Аслида қонун Олий Мажлисга Ҳукумат тарафидан киритилганига бир ойдан ошганлиги аниқ, жорий йилнинг 6 август санасида бўлиб ўтган тадбирда Акмал Саидов ушбу қонун лойиҳаси Олий Мажлис қўмитаси томонидан биринчи ўқишга тайёрлангани ҳақида хабар берган эди. Бунга ҳам 40 кун бўлди.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги қонунда шундай кўрсатилган:

15-модда. Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси мажлисларида кўриб чиқиш

Қонунчилик палатаси қонун лойиҳасини, қоида тариқасида, уч ўқишда кўриб чиқади.
...
Биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳасининг матни, қоида тариқасида Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайтида жойлаштирилади, зарур бўлган ҳолларда эса, Қонунчилик палатасининг қарорига кўра оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади. Бунда энг муҳим ижтимоий, ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган қонун лойиҳалари Қонунчилик палатасининг уни биринчи ўқишда қабул қилиш ҳақидаги қарорига мувофиқ қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида кенг муҳокамага, шу жумладан, жойларда фуқаролар иштирокидаги кенг муҳокамага чиқарилиши мумкин.

Демак, юқоридаги нормалардан келиб чиқадиган бўлинса, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири биринчи ўқишда қабул қилингандан сўнг биз уни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг веб-сайтида кўришимиз мумкин.

parliament.gov.uz сайтида «виждон эркинлиги» бўйича амалга оширган сўровимиз юқоридаги қонун лойиҳаси ҳақида ҳеч қандай хабарга илова бермади. Бундан қуйидаги хулосалардан бирига келиш мумкин:

1. Қонун лойиҳаси биринчи ўқишга киритилмаган, 6 августда тайёрланган бўлишига қарамай.

2. Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинмаган.

3. Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинган, лекин регламент талабларига риоя қилинмаяпти.

«Муҳокама этилаётган қонун лойиҳалари» бандида ҳам биз қидирган қонун ҳақида маълумот берилмаган.

Парламент сайтини кузатиш асносида сайтнинг «Қонунчилик палатаси иш режаси» бўлими эътиборимизни тортди. Бўлимда палатанинг 2019 йил учун иш режаси келтирилган, лекин у ерда «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририни қабул қилиш бандини кўрмадик, ушбу қонун лойиҳаси тайёрланганлиги ҳақида 2018 йилдан бери маълум бўлгани ҳолда, унинг иш режасига киритилмаслиги одамни ўйлантириб қўйди...

Саволлар кўп, ўйлаймизки, ушбу материал ижтимоий тармоқларда фаол депутатларимиз томонидан беэътибор қолдирилмайди ва тез кунда бизни ўйлантирган саволлар бўйича атрофлича маълумот оламиз.

Ғайратхўжа Сайдалиев

УЛАШИНГ:

« Орқага