Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Қонун лойиҳасининг ижобий ва... бошқа жиҳатлари

1500

"Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси юзасидан 

ХУЛОСА ВА ТАКЛИФЛАР 

Ҳаммамизга маълумки,  мазкур қонун ҳужжатини янги таҳрирда қабул қилинишини ижтимоий ҳаёт ва замон талаб қилмоқда эди. Мазкур талабни инобатга олган ҳолда, мазкур қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қонун лойиҳасида барча дин вакиллари қатори, шу жумладан, мамлакатнинг асосий қисми ислом динига мансуб бўлган аҳоли учун ҳам бир қанча ижобий ўзгаришлар назарда тутилган. Улар қуйидагилардир:

Биринчидан, қонуннинг 01.05.1998 йилдаги таҳририда қабул қилинган 14-моддасининг бешинчи хатбошисидаги “жамоат жойларида Ўзбекистон фуқароларининг ибодат либосида юришига йўл қўйилмайди” деган тақиқ янги қонун лойиҳасида тўлиқ олиб ташланган. Бунинг диний конфессиялар учун аҳамиятини билиш учун, аввало, “жамоат жойи” тушунчасига аниқ таъриф бериш лозим ҳисобланади. Қизиғи шундаки, ҳозирги кунга қадар “жамоат жойи” тушунчасига қонун ҳужжатларида аниқ таъриф ва ягона ёндашув бўлмаганлиги сабабли мутахассислар бу борада мунозара қилиб келадилар. 

Ҳозирда юридик кучда бўлган «Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасига асосан жамоат жойлари этиб қуйидагилар белгиланган: 

стационар савдо объектлари, умумий овқатланиш корхоналари, кинотеатрлар, театрлар, цирклар, концерт, кўрик ва кўргазма заллари ҳамда оммавий дам олиш учун мўлжалланган бошқа ёпиқ иншоотлар; 

клублар, дискотекалар, компьютер заллари, Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш бўйича хизматлар кўрсатиш учун жиҳозланган хоналар ёхуд бошқа кўнгилочар (бўш вақт ўтказиладиган) жойлар; 

музейлар, ахборот-кутубхона муассасалари ва маърузахоналар, маҳаллий ва узоққа қатнайдиган поездлар, шаҳар атрофига қатнайдиган поездларнинг вагонлари (шу жумладан тамбурлари), дарё кемалари, шаҳарда, шаҳар атрофига, шаҳарлараро ва халқаро қатнайдиган автобуслар, таксилар, йўналишли таксилар ҳамда шаҳар электр транспорти, ҳаво кемалари, ер ости ўтиш жойлари, транспорт бекатлари ва автотранспорт воситаларини вақтинчалик сақлаш жойлари, аэропортларнинг, темир йўл, автомобиль вокзалларининг ва сув транспорти бекатларининг бинолари; 

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг бинолари; 

соғлиқни сақлаш тизими муассасалари ва ташкилотлари, таълим муассасалари, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотлари, иш жойлари бўлган хоналар, кўп квартирали уйларнинг йўлаклари, шунингдек уйлар олди ҳудудида жойлашган болалар ва спорт майдончалари, хиёбонлар, боғлар, кўчалар, деб белгилаб қўйилган. 

Қолаверса, Адлия вазирлиги томонидан ҳам “жамоат жойи” деганда «Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисида»ги Қонундан келиб чиққан ҳолда таъриф берилган. Бундан кўринадики, "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги Қонуннинг янги таҳрирдаги Лойиҳаси таълим муассасалари ҳисобланган мактаб, лицей, коллеж, институт ва давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг биноларида ибодат либосларида юришга рухсат беради. Бунда мазкур ташкилотлар томонидан қабул қилинган ўз ички низом ёки уставлари ҳеч қандай қонуний кучга эга бўлмайди. Чунки “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси қонуни Ўзбекистон Республикаси Конституциядан кейинги олий юридик ҳужжат ҳисобланади. “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 16-моддасига асосан норматив-ҳуқуқий ҳужжат ўзига нисбатан юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ бўлиши шартлиги белгиланган бўлиб, бу юқоридаги мактаб, лицей, коллеж, институт ва давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг устав ёки низоми қонунга мослаштирилишини талаб этади. Чунки  мазкур Қонуннинг 7-моддсида Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устуворлиги сўзсиз тан олинши белгилаб қўйилган. Қолаверса, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 16-моддасига асосан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида тафовут бўлган тақдирда юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат қўлланилиши мустаҳкамлаб қўйилган.  

Бу нима дегани?   

Бунинг маъноси шуки, Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган 666-сонли қарор ва давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг устав ёки низоми "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги Қонуннинг янги таҳрирдаги Лойиҳасига мувофиқлаштирилишини талаб этади. Акс ҳолда, Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган 666-сонли қарор ва давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг устав ёки низоми Ўзбекистон Республикаси Конституция ва қонуни талабларига зид ҳисобланади. 

Иккинчидан, диний ташкилотлар раҳбари лавозимига чет эл фуқароларининг тайинланишини тақиқловчи қоида олиб ташланган. Мазкур ўзгариш мусулмон жамоасидан бошқа диний кофессиялар учун ўзига хос ютуқ ҳисобланади. Чунки мамлакатимизда мавжуд мусулмон уламолари етарлича мавжуд ҳисобланади.
 
Учинчидан, янги таҳрирдаги қонун лойиҳасининг 9-моддасида Диннинг давлатдан ажратилганлиги принципи белгиланган бўлиб, мазкур модданинг 1-қисми “Диний ташкилотлар ва давлат органлари фаолияти ўзаро аралашмаслик асосида амалга оширилади” деган сўзлар билан тўлдирилган. Бу, албатта, ижобий ҳолат ҳисобланади. Лекин, шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, қонун лойиҳасининг кейинги моддаларида Дин ишлари қўмитасига жуда кўп ваколатлар берилганки, бу ҳолатлар диннинг давлатдан ажратилганлиги ва аралашмаслик принципини жиддий даражада бузиши мумкин. Масалан, диний ташкилотларнинг, шу жумладан, диний таълим муассасаларининг фаолиятига (ўқув жараёни ва дастурларига, ўқув-тарбиявий ишларга, фанлар бўйича ўқув режаларига, диний мавзудаги илмий-тадқиқот ишларига) мувофиқлаштирувчи амалий ёрдам кўрсатади, уларга ушбу фаолиятни амалга оширишда ташкилий, ҳуқуқий, услубий кўмак кўрсатади, уларнинг ўз фаолияти билан боғлиқ ўтказадиган тадбирларида иштирок этиш ёки Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг мамлакат ташқарисидаги зиёрат жойларига боришини, шу жумладан, Ҳаж ва Умра ибодатини амалга оширишни, фуқароларни диний таълим муассасаларида таълим олиши, малакасини ошириши ва тажриба алмашиши учун чет элларга юборилишини, чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларни диний таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишни, халқаро диний анжуманлар ўтказилишини ташкил қилиш ваколатлари давлат идорасининг диний таълимга аралашиши, Ҳаж ва Умра ибодатини амалга ошириши ва юқоридагилар мазкур принципнинг мазмун-моҳиятига мувофиқ ҳисобланмайди. Чунки диний таълим муассасалари, ҳаттоки ўзининг ўқув жараёни ва дастурларини, ўқув-тарбиявий ишларини, фанлар бўйича ўқув режаларини, диний мавзудаги илмий-тадқиқот ишларини ҳам мустақил ўзи белгилай олмаслиги диний ташкилотлар ва давлат органлари фаолияти ўзаро аралашмаслик асосида амалга оширилиши принципининг бузилиши эмасми? Юқори санаб ўтилган ваколатлар Ўзбекистон Мусулмонлари идорасига берилса, ўзаро аралашмаслик принципига мувофиқ бўлади.
 
Тўртинчидан, қонун лойиҳасининг 10-моддасида “диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўймаган ҳолда фуқаролар ва диний ташкилотларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқларини амалга ошириш учун шароитларни таъминлаш” давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири экани белгиланган. Бу ҳам ўзига хос ижобий ўзгариш ҳисобланиб, ижроси таъминлангандагина самара бериши мумкин. Айнан мазкур моддага асосан ҳам давлат фуқароларга ўзлари ва фарзандлари учун диний таълимни тўлақонли, ўзлари истаган миқдорда ва ҳажмда олишларига, диний таълим муассасаларини ва ибодат амалга ошириладиган жой ҳисобланган масжидлар сонини кўпайтиришга, олий таълим муассасаларида ва бошқа ўқув юртларида рўмол (ҳижоб) билан ўқишларига шароит яратиб бериши керак бўлади. Зеро, модданинг мазмун-моҳияти шуни тақозо этмоқда. Лекин янги таҳрирдаги қонун лойиҳасида (эски таҳрирларида ҳам) фуқароларнинг виждон ва эътиқод эркинлигининг энг муҳим таянч нуқтаси бўлган диний таълим олиши камида18 ёшдан, яъни умумий-ўрта таълимни тугатганидан сўнг олиши мумкинлиги белгилаб қўйилган. Унгача одоб-ахлоқ асосларини, диннинг арконларини ота-онасидан ўрганадими? Ота-онанинг ўзи  билмасачи? Бу бола ёки фуқаронинг конституциявий ҳуқуқи ҳисобланган виждон ва эътиқод эркинлигининг бузилиши эмасми? Бу диний таълим олиш ҳуқуқини қонуний чеклаш ҳисобланмайдими? Ёки давлат фуқаролар ва диний ташкилотларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқларини амалга ошириш учун шароитларни таъминлашига фуқароларнинг диний таълим олиши, диний ташкилотларнинг диний таълим беришни ёш сензи (ёш таъқиқи)сиз мустақил тасарруф этиши кирмайдими? Албатта, виждон ва эътиқод эркинлиги диний таълим билан узвий боғлиқ ҳисобланади.

Бу ҳаммага маълум. Бундан ташқари, фуқаро диний таълим олмоқчи бўлса, фақат ва фақат мадрасада ўқиши шарт. Мадрасада ўқиш учун  фуқаро бир йил давомида белгиланган фанлардан тайёргарлик кўриши ва мадрасанинг тест шаклидаги имтиҳонидан ўтиши лозим. Агар имтиҳондан ўта олмаса, яна қайта тайёргарлик кўриши керак бўлади. Бу яна бир йил вақт дегани.  Шундан келиб чиқиб, “фуқаролар ва диний ташкилотларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқларини амалга ошириш учун шароитларни таъминлаш” давлат сиёсатининг асосий йўналиши этиб белгиланганлигини инобатга олган ҳолда, Вазирлар Маҳкамасининг 666-сонли қарорига ўзгартиришлар киритилиши, ташкилотларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқларининг узвий қисми бўлган диний таълим олиш ҳуқуқини кафолатланган ҳолда таъминлашни ва рўёбга чиқаришни талаб этади. 
 
(давоми бор)  
 
Далер Зикиров, ҳуқуқшунос

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамаси қўйилди

1668 14:06 20.08.2020
« Орқага