Таҳлил

Қонун ва қадрият. Ёхуд эътиқодсиз яшаб бўлмаслиги ҳақида

2093

Халқнинг миллий қадриятлари, эътиқодий анъаналари қонунларда ўз аксини топмас экан, амалда ижтимоий адолатни таъминлаб бўлмайди. Зеро, ҳар бир миллатнинг маънавий қиёфаси аввало унинг қадриятларида акс этади. Масалан, оила. Оила авлодлар давомийлигини таъминловчи қадриятлар бешиги, ёш авлод учун бетакрор тарбия ўчоғи ҳисобланади. Гўдак илк тарбияни оилада олади, туғилиб ўсган муҳит таъсирида улғаяди. Оиладаги муҳит соғлом бўлса, фарзанднинг иқболи шу. Акс ҳолда... Қуш уясида кўрганини қилади, деган ҳикматни такрор-такрор эслайверасиз.

Оврўпада “фуқаролик никоҳи“ деган тушунча бор. Бу на эркакка, на аёлга бирор мажбурият юкламайдиган эр-хотинлик муносабати. Томонлар маълум вақт бирга яшаб юришаверади. Муносабатларда муаммо пайдо бўлса, муаммо йўқ: ҳар ким ўз йўлида кетаверади...

Бунақа “никоҳ“ бизнинг ҳатто тасаввуримизга сиғмайди.

Ёинки қарияларга бўлган муносабатни олайлик. Кекса ота ёки онани “Қариялар уйи“га элтиб қўйиш – одатий ҳол. Бунинг учун ҳеч ким фарзандни маломат қилмайди. Бизда эса ота-онага ғамхўрлик қилиш мажбурияти қонунда мустаҳкамлаб қўйилган, акс ҳолда фарзанд жавобгарликка тортилиши мумкин. Шу боис ҳам Ғарбда оилавий муносабатларни тартибга солувчи ихчам қонунлар амалда бўлса, бизда бутун бошли “Оила кодекси“ қабул қилинган. Шунинг ўзи оилага боғлиқ асрий қадриятларимиз ҳуқуқий ҳужжатларда қанчалик аксини топганини билдиради.

Шунга қарамай, бугунга келиб оилавий-маиший муаммолар кам эмас, буни фуқаролик судларида кўрилаётган низолар сони айтиб турибди. Сабаблар эса кўп: ёшларнинг ҳали ҳаётга тайёр бўлмай туриб турмуш қуриши, эр ҳам, хотин ҳам зиммасидаги мажбуриятларни теран ҳис этмаслиги, ичкилик-наркотик моддаларга берилиш, моддий етишмовчилик, чет таъсирлар (катталарнинг билиб-билмай оилага аралашувларидан тортиб, интернет, турли сериаллардаги бизга ёт турмуш муносабатларга кўр-кўрона тақлид қилишгача)... Мазкур салбий омилларнинг туб замирида миллий-диний қадриятларимиздан узоқлашиш ётганини тасаввур қилиш қийин эмас. Катта-катта эмас, майдагина мисоллар келтирсак: куёвтўранинг келин олиб келган мебелда ялпайиб ётишдан уялмаслиги, қуданинг келин томондан келадиган тоғорага кўз тикиб ўтириши, келинчакнинг итоатсизлиги, куёвнинг бангилиги... Айтинг, қайси қадрият, қайси аҳкомларга тўғри келади?! Қуда-андачилик ёшларнинг хоҳишидан кўра, катталарнинг истаги, яна ҳам тўғрироғи, мулкий манфаатларининг бир бўлагига айланаётгани-чи?! Ваҳоланки, мажбурий никоҳни на диний, на дунёвий қонун-қоидалар оқлайди?!

Оилавий муносабатлар шахсий ишдек кўринса-да, аслида бундай эмас. Чунки жамиятнинг аҳволи оиладаги ҳолат билан чамбарчас боғлиқ. Шундай экан, замонлар эврилиши билан пайдо бўлаётган янгича муносабатларга монанд илгари учрамаган ҳуқуқий тартиблар пайдо бўлиши табиий.

Оила қонунчилигига киритилган “Никоҳ шартномаси“ хусусида ҳам гап шу.

Савол туғилиши мумкин: асрлар давомида ҳеч қандай шартномасиз яшаб келган ўзбекка бугун нега бундай ҳужжат зарар бўлиб қолди?

Юқорида айтдик, ҳуқуқий ҳужжатлар, айниқса, оилавий муносабатларга доир қонун меъёрлари миллий қадриятларга уйғун бўлмас экан, уларнинг амалда ўз ифодасини топиш қийин. Тўғри, Европа давлатларида никоҳ шартномасига жиддий эътибор қаратилади. Бизда айни ҳужжатга эҳтиёж туғилишининг сабаблари бошқа.

Суд амалиётида шундай ҳолатлар учрайдики, баъзан ёқа ушлайсан киши. Битта мисол. Бой хонадонга куёв бўлиб, моддий аҳволини яхшилашни кўзлаган бир йигит мақсадига эришади: ўзига тўқ хонадоннинг турмушдан қайтган қизига уйланади (йигит аввал уйланмаган экан). Қонуний никоҳдан ўтилиб, тўй бўлгач, қайнота икки ёшга тўрт хонали уй, машина олиб беради (совға қилиб эмас, сотиб олиб, уларнинг номига расмийлаштириб беради). Куёвни яхши ишга жойлайди. Бу тушунарли, нима бўлса ҳам қизи учун, унинг хотиржамлиги учун қилади-да, оталар. Орадан маълум вақт ўтгач, йигит "ажрашаманга" тушади. Судда даъво қўзғайди. Никоҳни бекор қилади. Бу жараёнда мулкларни бўлишга жиддий эътибор қаратадики, натижада машина ва уйнинг ярмига эга чиқади. Маънавий-ахлоқий томондан йигит лаънатга лойиқ. Бироқ қонунан-чи? Никоҳ бекор қилинганда умумий никоҳ даврида олинган мулк эр-хотин ўртасида тенг тақсимланиши эътиборидан у номардга ортиқча эътироз билдириб бўлмайди-да.

Эр-хотин номида умумий уй-жой мавжуд бўлмаган ҳолатда-ку, муаммонинг ечими йўқ. Уй-жой куёвнинг ота-онаси номида. Улар собиқ келинига битта ғиштини раво кўрмаслиги эҳтимоли катта. Тўғри, келинда (ўша уйда рўйхатда бўлса) хонадондан фойдаланиш ҳуқуқи қолади. Шунга асосан, суд тартибида келинни уй-жойга киритиб қўйиш ҳам мумкин. Бироқ собиқ келин билан собиқ қайнона-ю, собиқ эр битта хонадонда яшаши соғлом тасаввурга сиғадими?!

“Никоҳ шартномаси“ шу ва шу каби муаммоларга ечим вазифасини ўтайди. Мухтасар айтсак, никоҳ шартномаси томонларнинг эҳтимолий зарар кўришидан муҳофаза қиладиган ҳужжат. Бу миллий-диний қадриятларимизга тўғри келмайдими? Бизнингча, жуда тўғри келади. Чунки муқаддас динимизга кўра, ўзгага зарар келтириш йўқ!

Бироқ нима дейсизки, инсофсизлар бор экан, зулму зарар турли шаклда учрайверади. Бунинг олдини олиш, мазлум(а)нинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш эса мудом кун тартибида турадиган вазифа. Бу эса тегишли чора-тадбирлар кўришни тақозо этаверади. Қолаверса, шаърий никоҳда “маҳр“ деган нарса бор. “Маҳр“ куёвнинг келинга бериши керак бўлган моддий қиймат кўринишидаги нарса. Усиз никоҳ ўқилмайди. Кейинчалик (“маҳр“) қайтариб ҳам олинмайди. Бу билан “маҳр“ ва “никоҳ шартномаси“ битта нарса дейиш фикридан йироқмиз. Бироқ ҳар иккиси ҳам ўртага талоқ тушганда ёки эр вафот этганда аёлнинг маълум даражада моддий муҳофазаси учун хизмат қилиши билан аҳамиятли.

Эр-хотин мол-мулкининг шартномавий тартиби Оила кодексига алоҳида боб тариқасида нега киритилгани ҳақида энди ҳам тасаввур ҳосил қилдингизми?

Келтирилган мисоллар дарёдан бир томчи, холос.

Ўрни келган экан, мавзумизuf бевосита бўлмаса-да, билвосита тааллуқли яна бир масала хусусида тўхталиб ўтмоқ керакдай. Баъзан эътирозлар келмоқдаки, эр-хотин ўртасига “уч талоқ“ тушганига қарамай, судлар ярашиш учун муддат бермоқда. Муддатлар уч ой, олти ойни ташкил этади. Модомики, “уч талоқ“ айтилган экан, йиллаб муддат берилганда ҳам амалда ҳеч нарса ўзгармайди-ку. Эътиқодимизга кўра, бундай ҳолатда турмушни тиклаш амримаҳол.

Эътирозда мантиқ йўқ эмас. Судья ишни қадриятни ҳурмат қилган ҳолда, қонун асосида кўради. Ҳуқуқий жиҳатдан шаърий никоҳнинг қуввати бўлмаганидек, “талоқ“ масаласи ҳам оила қонунчилигида кўзда тутилмаган. Бироқ эътиқодга кўра, шаърий никоҳсиз чимилдиққа кирилмагани каби “уч талоқ“ лафзидан сўнг эр-хотиннинг яна бир ёстиққа бош қўйиши иложсиз ҳолат. Бундай ҳолатда судья – фатво бериш ваколатига эга уламоларнинг хулосасини олиши мақсадга мувофиқ саналади. Чунки талоқнинг турлари кўп: у қачон, қандай ҳолатда айтилганидан келиб чиқиб, уламо судга ўз тавсия-хулосасини беради. Агар никоҳни тиклашнинг шаърий имконияти бўлса, нур устига аъло нур. Зеро, муқаддас динимизда оила мустаҳкамлиги, никоҳ бардавомлигига алоҳида эътибор қаратилган. Никоҳнинг суннат, Аллоҳ энг ёмон кўрган ҳалол нарса талоқ экани ёки талоқ тушганда арш ларзага келиши мазмунидаги саҳиҳ ҳадислар бунга яққол далил.

Юқоридаги мисоллар, мулоҳазалар оилавий муносабатлар берк кўчага кириб, ажралмасликнинг иложи қолмаганда қўлланиладиган ечимлар сирасига киради. Бироқ ҳар қандай ҳолатда ҳам оилани сақлаб қолиш бирламчи аҳамият касб этиши зарур. Унутмайлик, оиласида хотиржамлик бўлмаган инсон жамиятда ҳам ўз ўрнини тополмайди. Оила мустаҳкамлиги биринчи навбатда эр ва хотиннинг бир-бирига нисбатан самимий эътиборига боғлиқ. Эътиқодсиз яшаб бўлмаганидек, эътиборсиз ҳам мазмунли умр кечирмоқ маҳол.

Холмўмин Ёдгоров,

Ўзбекистон Республикаси
Олий суди раисининг ўринбосари

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Бахтли оила учун  21 ибрат

843 22:00 02.12.2019

Исломий оилаларга хатарлар

1071 22:00 22.11.2019

Бу исломдаги аёлни ўрни. Ғарбдаги ўрнини ҳам бир кўрсатингчи!

1787 19:00 02.10.2019

Алишер Саъдуллаев тўйлар ҳақида. «Ёш дўстларимга етказинг»

3238 19:59 15.09.2019

Сериаллар нима ўргатяпти?

2846 10:00 10.09.2019
« Орқага