Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

“Қорилар маҳалласи” – Президентнинг таклифи аҳли илмларни тўлқинлантириб юборди

11805

Ўтган ҳафта Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида қурилаётган Ислом цивилизация марказини кўздан кечирган вақтида бир қатор масалаларга тўхталиб ўтди. Жумладан, давлатимиз раҳбари маҳаллалар ташаббусига кўпроқ йўл бериш кераклиги ҳақида гапириб, мутасадди раҳбарларга, жамоатчиликка бир қатор таклифлар берди.

— Тумандаги ҳар бир маҳалла ўз ташаббуси билан чиқса, яхши бўларди. Қайсидир маҳалла адабиётга ихтисослашсин, бошқаси эса маданий тадбирлар ўтказсин. Яна битта маҳаллада Қуръон илми ўргатилсин. Беруний, Ибн Сино, Хоразмий, Мотрудий ва Ал-Бухорийлар меросини ўрганадиган маҳаллалар керак бизга. Масалан, Беруний меросини қанча ўргансангиз ҳам охирига ета олмайсиз. Алломаларимиз фақат битта йўналишда илм қилишмаган, баъзида улар билмаган соҳа бўлмаганмикан, деб ўйлаб қоламан. Ҳозир олимларимиз фақат битта фан бўйича диссертация ёзиб, докторлик ишини ёқлаши мумкин. Ибн Сино эса фармацевтика билан чекланиб қолмаган, балки архитектурада ҳам тадқиқотлар қилган, — деди Шавкат Мирзиёев.

Дарҳақиқат, буюк аждодларимизнинг ҳаммалари фан олими бўлишдан олдин дин соҳасида улкан билимга эга бўлган алломалар бўлганлар. Ибн Сино ҳазратлари шайхулислом бўлган бўлсалар, Навоий назмда ҳадислар ва фиқҳга оид китоблар ёзганлар. 

Президентимизнинг муайян бир маҳаллада Қуръон, бошқасида ҳадис ва тавҳид илмлари ўргатилсин, деган таклифлари жуда керакли, замонга мос бўлди, десак адашмаймиз. Чунки Қуръонни ёдлаган, ўқиган, тавҳид ва ўтмишдаги аждодларимиз меросини ўрганадиган одамдан ёмонлик чиқмайди. 

Бу таклиф ҳақида бир қатор фан ва дин олимларимиз, маҳалла оқсоқоллари ва фуқаролардан фикрларини сўраганимизда, барча Президент таклифини қўллаб-қувватлаганига гувоҳ бўлдик.

Устоз Яҳё қори Турдиев ҳам ўз фикрларини ҳаяжон билан билдирдилар: “Маҳаллага нур киряпти, биз жуда хурсанд бўлиб кетдик. Маҳалланинг катта ҳуқуқи бор. Маҳаллаларда ўқитиш учун жойлар ташкил қилиш керак. Маҳалла оқсоқоллари ҳокимиятга таклиф билан чиқиши лозим. Ишлар бошланса, ҳомийлар ҳам чиқади. Камчиликлари чиқса, ислоҳ қилиб кетилаверади. Амалий ишлар бошланса, қолган таклифларни, маслаҳатларни бераверамиз”.

Юртимизнинг машҳур мураттаб қориларидан, устоз Ҳасанхон қори Яҳё Абдулмажид таклифга муносабат билдириб, шундай дедилар:

“Президентимизнинг бу сўзлари бизга ниҳоятда долзарб ҳақиқатни англатадики, бугунги кунда айнан Қуръон таълимига бўлган халқимизнинг талаби жуда ҳам ортган. Бунинг учун одамлар уйини, бор-будини сарфлаяпти. Чет элга чиқиб у ерда таълим олиш учун бир қанча иқтисодий муаммолар мавжуд. Шунинг учун ҳар бир туманда, керак бўлса, ҳар бир маҳаллада Қуръон маркази бўлса, диний идора ва тегишли тартиб-интизом билан йўлга қўйилса, одамларимиз ўз эҳтиёжини юртимизда қондира олсалар, айни муддао бўлади. Бунда ёш чегарасига эътибор бериш керак, яъни Қуръон ўрганиш ҳам бир илм. Илм олиш ёши қанча эрта бошланса, шунча яхши ҳисобланади. Илм олиш ёшини биз ўтказиб юборгандан кейин Қуръон таълимига мажбурлашимиз бу бошқа томондан, улар ҳозирги интернет замонида биз кутмаган, биз хоҳламаган томонлардан илм олиб фикр-тафаккурларида бурилишлар, адашишлар пайдо бўлишига сабаб бўлиб қолиши мумкин. Шунинг учун ҳар бир туманда лоақал битта ёки иккита Қуръон мактаблари бўлса яхши бўларди. Улар мактабга халақит бермайди. Масалан, куннинг биринчи қисмида мактабда ўқиса, иккинчи қисмида Қуръон таълим олиши мумкин.

Мактаб ва Қуръон илмларини бир-бирига зид қўйиш аждодларимизнинг тутумларига муносиб эмас. Буюк аждодларимизнинг барчаси, Президентимиз зикр қилган Ибн Синони оламизми, Мирзо Улуғбек ёки Берунийми, илмни бундай ажратмаган. Фойдали илм, у динга тегишлими, тиббиётга оидми – ҳаммаси ўрганаверилган.Уларнинг бирин-кетинлигини эътиқод нуқтаи назари ёки диний нуқтаи назардан эмас, балки қабул қилиш ёшига нисбатан тартибланган, холос. Жумладан, Ибн Сино ўзларининг “Сиёсат” китобидан айтган: “Болага тили равон чиқиши билан Қуръон ўргатилади. Кейин фикри, ақли ривожланиб тафаккури ўсганда тил, адабиёт, ҳисоб каби фанлар ўргатилади. Шунинг учун Ислом мактабида биринчи бўлиб Қуръон ўргатиб қўйиладики, Қуръонни ёдлаш учун ақлий тафаккур керак эмас. Балки ёдлаш қобилияти асосий, муҳим аҳамият касб этади. Қуръон ҳам муяссар бўлганича ёдлатилади, ҳаммасини ёдлаш шарт эмас. Кейин бошқа илмлар, ҳадисни ўрганиши мумкин. Имом Бухорий 11 ёшида устози Дохилий билан ҳадисдан баҳс қилган. Яъни шу даражада чуқур билган. Ҳазрати Навоий олти ёшида сураи “Таборак”кача ёдлаган эдим, деб ёзган. Мирзо Улуғбек етти қироатни жамлаган қори бўлган. Унинг қорилиги астрономияни ўрганишига тўсқинлик қилмаган. 

Кўпчилик мамлакатларда диний таълим мактаб таълими билан бирга олиб борилади. Масалан, АҚШ, Германия , Филиппин давлатларида шундай экан. 

Иккинчи услуб: мактабга ёнма-ён равишда Қуръон мактаблари ёки диний ўқув юртлари фаолиятини йўлга қўйиш мавжуд. Қўшни Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам шу тариқа ишлаб туради. 

Учинчи услуб: масжидлар қошида Қуръон курслари очиш. Бу дунёнинг кўп давлатларида кенг тарқалган. 

Қуръон ёдлатишда ҳам ўзига яраша янгича замонавий услублар, замонавий ўқув қуролларидан фойдаланиб, кўп хайрли ишларни амалга оширсак бўлади.

Мана шу ҳақиқатларни Президентимиз ҳаммамизга алоҳида эслатмоқдаки, буни йиллар давомида орзу қилганимиз, кутганимиз тавсия ва қарорлардан эди. Биз бу йўлда қанақа хизмат бўлса тайёрмиз”.

Узоқ йиллар Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон ва бошқа ўлкаларда икки юздан ортиқ Қуръон ҳофизларини етиштирган, ўн бир йил мобайнида Тошкентдаги “Кўкалдош” мадрасасида қироат устози, 2014-2015 йиллари Қозоғистон пойтахти Остонадаги марказий Қуръон мадрасасида бош мударрис бўлган, бир неча йил Жанубий Қозоғистон вилоятининг Кентов мадрасасида Қуръон қироатидан сабоқ берган устоз Зоҳиджон қори Азимбоев ҳам Президентимизнинг таклифларига нисбатан ўз фикрларини билдирдилар: 

“Қуръон ўргатишга ихтисослашган маҳаллаларда Аллоҳнинг Каломини ўргатиш махсус синфхоналарда, парта ва доскалар билан жиҳозланиши керак. Шунингдек, ўқувчиларни ёшига ва жинсига қараб ажратилиши мақсадга мувофиқ. Чунки ёш қиз ва кекса кампирнинг билимни қабул қилиши турлича бўлади. Қўшни Қозоғистонда Қуръон таълими масжидларда ташкил этилган экан. Устознинг мулоҳазаларига кўра, таълим албатта, текин бўлиши лозим”.

Аллоҳ таоло айтади: «У (яъни  Қуръон) илм ато этилган зотларнинг қалбларида (ёд бўлувчи) аниқ-равшан оятлардир. Бизнинг оятларимизни фақат золимларгина инкор қилади» (Анкабут, 49).

Президентимизнинг таклифи кўплаб ҳамюртларимиз, Аллоҳнинг Каломини ёд олмоқчи бўлганлар ҳамда барча Қуръонга ошуфта қалбларнинг кўнглидаги гаплар бўлди. Иншааллоҳ, шу таклиф туфайли юртимизда Каломи шарифни ёдлаган, ҳеч бўлмаганда уни ўқий оладиган кишилар кўпаяди.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Бугунги ҳаётимиз

174 04:00 16.04.2021

Мусулмонларни ўлдирган террорчи қамоқхонадаги шароитдан норози

779 23:00 15.04.2021

Белгия ва Швейцария санитария чекловларини бекор қилмоқда

181 20:00 15.04.2021

Швецияда Ўзбекистон элчихонаси очилади

227 19:00 15.04.2021

Нукус шаҳрида учта янги масжид қурилиши бошланди

241 18:00 15.04.2021

Ангрен МИБнинг сўконғич раҳбари билан боғлиқ ҳолатни Сенат назоратига олди

378 17:30 15.04.2021
« Орқага