Иймон

Қорининг тили нега тутилди?

3281

Қуйидагини раҳматли Ҳамидхўжа Эшонбувам сўзлаб бергандилар:

"Отам 3 ёшимдан ҳалқага олиб борардилар. Даврадаги отахонлар хуфтон намозидан сўнг, Каломи шарифни тиловат қилишарди. Баъзан тиловат оҳанги элитса, отамнинг тиззаларига бош қўйганча ухлаб қолардим. Динсизлик замонида ҳам, отам яширин кундалик ҳалқа зиёратини канда қилмадилар.

Авваллари шам ёруғида, кейин пилта чироқ остида, баъзан эса буткул қоронғуликда кунига бир порадан тиловатни тингламай, уйга қайтмас, ухлолмас эдилар.

Худо раҳмат қилгур барчамизга Қуръонни ёд олдиртирдилар. Иним Камолхўжа бувангиз 24 ёшигача хатми Калом қилмагунларига қадар отамиз у кишини уйламадилар. Қолганларимизни Раббим 15-16 ёшимизгача ҳофизи Қуръон бўлиш саодатига муяссар айлади.

Отам доим: "Каломи шарифни ўқувчи қорининг кўнгли мусаффо, тили ширин, ўзи мулойим бўлиши керак, бўтам!" деб насиҳат қилгувчи эдилар. Оға-инилар орасида каминаи камтариннинг тиловатини хуш кўриб тинглардилар...

Кунларнинг бирида намози зуҳр чоғида паст ҳовлига тушдим. Бир бақа баланд товушда вақиллар эди. Ҳовли ўртасидаги ҳовузча четида турган қурбақанинг оч яшил рангли дағал териси ва кўзларига қараб:

- Бунча хунук ва жирканч бўлмаса-я бу жонзот!.. - дедим.

Отам намозга имомликка буюрдилар. Қиёмда таъаввузу басмаладан сўнг сураи Фотиҳани ўқийман, десам, "Алҳамду..." калимасидан у ёғига ўтолмайман!.. 10 карра "Алҳамду..." дедим, аммо тилим тутилиб, суранинг қолгани тилимга ҳеч келмасди. Хаёлимга ҳалиги бақа келди. Аллоҳнинг махлуқотини ҳақорат қилганим учун, бу билан Яратганнинг синоатига тил теккизганим сабаб Аллоҳу таоло менга сабоқ бераётган эди. Кўзимда ёш билан қалбан: "Худо-ё тавба қилдим! Бу осий бандангни мағфират айла..." дедим. Ўн биринчи мартасида сурани тўлиқ ўқишга муваффақ айлади.

Намоздан сўнг, Аллоҳ-у бандалари қошида уятда қолганимдан ўтирган жойимдан жилмадим. Бирон соат ўтириб, истиғфор келтиришни кўнглимга тугдим. Отам ортимда ўтирар эдилар. Пичирлаб, аммо менга эшитарли қилиб:

"Аллоҳ чивин ёки ундан-да ҳақир нарсалар ҳақида масал айтишдан ҳеч тортинмайди. Иймонли кишилар унинг (масалнинг) ҳақиқатан Парвардигорлари тарафидан эканини биладилар. Кофирлар эса: «Буни мисол қилиш билан Аллоҳ нима демоқчи?» — дейдилар," оятидан тиловат қилдилар ва хонақоҳни тарк этдилар.

Ҳаётимда иккинчи бор Аллоҳ ўз Каломини тилимдан олганига сабаб бувингизга айтган аччиқ сўз-у танбеҳим бўлди. Бу сафар бир кун давомида мутлақо қироат қилолмадим. Тавба айлаб, бувингизнинг ҳаққни адо айласам-да, бу жазо узоқ сурди...

Шунинг учун Аллоҳнинг ҳеч бир жонзотига, ҳеч бир қулига на тил ила, на илк (қўл) ила озор етказманглар... Унинг марҳамати чексиз, аммо Қаҳр-у Ғазабидан ҳам қочиб-қутулолмайсизлар..."

Шукрона

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Шахматчи ва қори: Нобель мукофотини ким олди?

2751 15:30 08.08.2020

Радио эшитиб қори бўлган болакай

1530 08:30 11.06.2020

94 ёшли қори тиловат пайтида вафот этди

2271 09:00 02.05.2020

Қори йигитнинг эътирофи

1272 23:00 04.03.2020

МУНАВВАР ҚОРИНИНГ МЕРОСХЎРИ

1941 23:29 15.01.2020
« Орқага