Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Қорли оқшом ҳасрати

1942

(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм)

Мутолаа

Аёлларни аёллар ҳам эзади


Ойшагул эшик қўнғироғини босганда Фазилат хоним намоз ўқиб бўлиб, дуо қилаётган эди: “Фақат Сенгагина қуллик қиламан, фақат Сендангина ёрдам сўрайман. Аллоҳим! Мени бу азоблардан қутқар!” 

Фазилат хоним иккинчи қўнғироқни эшитди. 

– Боряпман... Ким у? 

– Мен Ойшагулман. 

Эшикни ҳорғин чеҳра билан очган Фазилат хоним Ойшагулни ичкарига таклиф қилди: 

– Кир, Ойшагул. Хуш келибсан. Келиб, суюнтирдинг. 

– Мени бу ерга Ҳабиба опам чақирдими ёки сизми? 

– Нима фарқи бор? 

– Фарқи бор, сиз ҳоҳлаганингиз учун келишни истайман. 

Фазилат ҳазил билан гапни Ойшагулга бурди: 

– Демак, сен мени кўришни хоҳламайсан, фақат мен ҳоҳлаганимда келасан, шундайми? Қиз жавоб беришни ўринли деб билди: 

– Ҳа шундай, қаердан билдингиз, опа? Одамларни тинглай-тинглай, ҳамма нарсани тушуна бошладингиз. 

– Қани, кирақол, ичкарида бироз гаплашамиз. Ҳабибага ўхшаб сен ҳам мендан бошламассан, иншааллоҳ. Бу гал сен ҳақингда гаплашамиз. 

– Лекин ўзингизни мени тушунмаганга соляпсиз. 

– Агар буни билган бўлсанг, демак муаммо йўқ. Овқатланасанми? 

– Йўқ, ҳозироқ ухлашим керак. Вақтида ётиб, эртароқ турмасам, кўзларим шишиб кетади. 

– О-ҳо! Сен ҳали шундай нарсаларни ҳам биласанми? 

– Билмайдиган одамга ўхшайманми? 

Тошбўронлар нимтабассум билан давом этарди. 

– Йўқ, азизим, ҳайрон бўлдим. Кўзларинг билан шуғулланишингни билмасдим. 

– Бу кўзлар меники-ку! Улар энг яхши дўст, иккита даҳшатли “радар”. Унинг шарофати билан ҳам дунёни, ҳам ўзимни кўра оламан. Унга қизиқишим, тилини тушунишим табиий эмасми? 

Фазилат хоним диванга ўтириб, Ойшагулга қаради: 

– Бўлди-бўлди, сенга гап топиб беролмайман. Кел, озгина ўтир, кейин ухларсан.

– Сиз ухламайсизми? 

– Ётганим билан уйқум келмайди. У мени вақтида топмайди, Ойшагулим. Энди тунлар ҳақиқатан менинг ўртоғимга айланди. 

Қиз жавоб бермай атрофга қаради. Ўйларди... Кейин фикрини билдирди: 

– Кечаси ухлолмайдиган одамларнинг уйқусизлик сабаблари турлича. Биринчидан, бундай одам ё асаби бузуқ ёки катта муаммоси бор ёки ҳаёти тартибли эмас, кечаси ухламасликка ўрганиб қолган... Бундан бошқа биологик бузилишлар ҳам бўлиши мумкин. Камдан-кам ҳолларда иш сабабли ухламайди одамлар. Сиз қайси синфга кирасиз, опа? 

Фазилат дардли оҳангда жавоб берди: 

– Ўзим билмайман, Ойшагулим. Мен ўлчовимни, мувозанатимни, ўзимни, ҳамма нарсамни йўқотдим. Гўё дунё ўзгарганга ўхшайди... Тунлар йиллардек узоқ туюлади менга... 

Фазилат хоним ҳам гапирар, ҳам ўрнидан туриб, ниманидир ахтарарди. 

– Вой Аллоҳ! Кассетамни тополмаяпман. 

– Қайси кассета? 

– Ҳар куни эшитадиган кассетам. 

– Опа, қўйинг ўшани, бироз дам олсангиз-чи. Зерикмадингизми? 

Оғир ҳаракатлар билан Ойшагулга қараганида Фазилатнинг кўзларидан ёш оқарди. Қиз дарҳол ўрнидан турди ва ҳаяжонланганча сўради: 

– Сизга нима бўлди, опа? Худо ҳаққи, гапиринг, илтимос! Турмуш ўртоғингиз билан ажрашганингиздан кейин шундай бўлиб қолдингиз. Уни шунчалар севармидингиз? Бизга бироз имкон беринг, ёрдамни қаердан бошлашимизни билайлик. Бундай давом этмаслиги керак, жон опа, бизга бошқа зулм қилманг. 

Кассетани топиб, магнитофонга қўяркан, Фазилатнинг кўзёшлари тинмай оқарди: 

– Ҳа, сабаб Али, лекин натижа Али эмас. Менга ҳеч қандай савол берманг, илтимос. Дардимни ҳеч кимга ошкор қилолмайман. Очиладиганга ўхшамайди. Одамларга кулган даҳшатли ҳолатим бошимга тушди. Ожиз қолдим, Ойшагул. Инсон табиати бунчалик ўзгарувчанлигини билмас эдим. Ҳаммаси бир ҳафта ичида содир бўлди. Мен эса ўзимни таниёлмай қолдим. Ҳеч нарса сўрама, Ойшагулим, дардимни айтолмайман. Бундай ожиз қолганимни ва ўзимни бошқаролмаётганимни ўзимдан бошқа ҳеч ким билишини хоҳламайман. Бунинг давосига келсак, мен ёняпман, Ойшагул. Бу шундай оловки, уни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким ўчиролмайди. 

– Хўп, ким учун бу кўйга тушдингиз, опа? Қандай ўтда ёняпсиз? Бизга ҳеч нарса айтмасангиз, қандай ёрдам беришимиз мумкин? 

Фазилат кўзларини артиб, эшитилар-эшитилмас жавоб берди: 

Унут, Ойшагул. Бунинг ҳеч қандай ечими йўқ. Қани энди хонангга бор. Эртага тренинг дастури учун йиғиламиз. Ишимиз ниҳоятда кўп. Дам олишимиз керак.

– Сизни жуда қатъиятли кўряпман, опа. Бу давра суҳбатини жуда яхши тайёрлаётганга ўхшайсиз. 

– Шундай қилмасак бўлмайди. Бу масала билан қаттиқ шуғулланишимиз керак. Бировнинг эрига қараган аёл ҳам, бировнинг хотинига кўз тикаётган эркак ҳам ўзига келиши керак. Инсониятни огоҳлантиришимиз шарт. Эркаклар ҳам, аёллар ҳам виждонларини уйғотишсин. Кўплаб ёш қизлар оилали эркакларни севиб қолиб, уларга турмушга чиқишди. Агар бу қизларнинг эътибори биз айтган нуқтага қаратилган бўлганида эди, уларнинг камида ярми бундай хатога йўл қўймасди. Одамларга қалб оламини ўргатиш керак. Лекин ўзим ҳам буни аниқ билмайман. Мен билган ягона нарса шуки, бир аёл бошқа аёлни йиғлатмаслиги керак. Эркаклар ҳам турмуш қурган аёлларнинг қалбини йўлдан оздирадиган ишларни қилмасликлари зарур. 

Фазилат чуқур нафас олгандан сўнг давом этди: 

– Зотан, банда ҳақини билмайдиган эркаклар аёлларга жуда кўп зулм қилишади. Етмаганига аёллар ҳам... Аёлни аёл йиғлатмасин. Адолат бошқаларнинг ҳақини ҳам ҳимоялашни талаб қилади. 

Ойшагул ухлаш учун хонасига кетаётганида Фазилат елкасига ёпинчиқ ташлаб, балконга чиқди. Қор янада тезлашган, ҳамма ёқ оппоқ эди. 

Бундай узоқ вақт қор ёққан қишни қачондан бери энди кўраётганди. Соат тунги икки бўлишига қарамай, Фазилат ҳамон балкондан бир тарафга термулганча йиғларди. Ниҳоят совқотганини ҳис қилгач, яна ичкарига кирди. Меҳмонхонада тинмай айланиб юрар, яна ўша кассетани тингларди... Нима қилса ҳам ўзига келолмас, нима қилмасин, ўз оламидан чиқиб кетолмасди. Ақлини йўқотгандек эди гўё. Кийиниб, эшикдан чиққанида қаерга кетишини ўзи ҳам билмасди. Қўлларини пальтосининг чўнтагига солиб, кўчанинг нариги томонига қаради. Қадам ташларкан, ўзида эмасди. Гўё ичида кимдир бордек вужудини бошқарар, Фазилат эса шунчаки томоша қиларди...

* * *

Охирги уч кечада бу ҳолат тез-тез рўй бераётган эди... Аёл ҳеч нарсани ўйлай олмасди. Қулоғида фақат таниш қўшиқнинг сўзлари янграрди: 

Кундуз-кеча қон йиғларман, 

Олов ичра жон, йиғларман, 

Ҳижрон – беомон, йиғларман, 

Қани, бошланг дўстга мени...
 

Амина Шенликўғли 

(давоми бор)

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

ИИВ огоҳликка чақирмоқда

779 18:03 02.06.2023

Замзам қудуғи тарихи

558 16:40 02.06.2023

Алоқа компанияларининг махсус ўйинлари ҳалолми?

573 11:15 02.06.2023

Путин ва Зеленский Туркияга боради

1376 10:01 02.06.2023

Ҳожар онамиз чўри бўлганми ёки малика?

2614 17:35 01.06.2023

Белгород ўққа тутилди: ўн киши яраланган

1532 15:50 01.06.2023
« Орқага