Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Қозоғистон воқеалари фонида Ўзбекистоннинг геосиёсий аҳамияти

5882

Қозоғистон Президенти Тўқаевнинг КХШТ, аниқроғи, Владимир Путинга мурожаат қилиб, коллектив қўшинларни Қозоғистонга киритишни сўраши Марказий Осиёдаги геосиёсий вазиятни кескин ўзгартириб юборди

Унга қадар МО минтақаси қадам-бақадам Россиянинг геосиёсий, геоиқтисодий ва геомаданий таъсирини пасайтириш йўлидан кетаётган эди. Мисол учун, Қозоғистоннинг ўзи кейинги йилларда кирилл алифбосидан воз кечиб, лотин алифбосига ўтди

Президент Тўқаев Евросиё Иқтисодий Иттифоқининг истиқболига эҳтиёткорона шубҳалар билдирди, Қозоғистонда иқтисодий ўсиш секинлашганини айтди. РФ Ташқи ишлар Вазири Лавров 2021 йил кузидаги Қозоғистон пойтахтига сафари чоғида “ушбу давлатда этник русларга, рус тили ва маданиятига босим бўлаяпти” деган позицияни билдирди. 

Бир сўз билан айтганда, Россия Федерациясидан оҳиста масофалашув кейинги йиллардаги Қозоғистон давлатига ва жамиятига хос асосий тренд бўлиб улгурган эди. 

Лекин тўсатдан ижтимоий норозиликлар сабаб оммавий намойишлар бўлиб ўтиши Қозоғистондаги сиёсий ва геосиёсий вазиятни кескин издан чиқарди. Президент Тўқаев ўз ҳокимиятини қўлида ушлаб қолиши учун Россияга, унинг бошчилигидаги ҳарбий-сиёсий блок бўлмиш КХШТга мурожаат қилишга “мажбур бўлди”.

Натижада бугун дунё геосиёсатидаги энг кескин ва йирик ўзгаришлардан бири – постсовет Марказий Осиё минтақасида кутилмаганда Россия Федерациясининг геосиёсий ва геостратегик таъсири жиддий бир шаклда юқорилаб кетди

Бу ҳолат, албатта, коллектив Ғарбни жиддий безовта қилади. Чунки коллектив Ғарб Россия ҳокимиятида 22 йилдан бери қолаётган В.Путинни “ўта хавфли сиёсий ўйинчи” ва “собиқ иттифоқни янги кўринишда тиклаш орзусидаги сиёсатчи” сифатида қабул қилади. 

Мана шу фонда МО минтақасининг марказий давлати, аҳолиси энг катта мамлакат ва барча республикалар, қолаверса, Афғонистон билан чегарадош давлат бўлмиш Ўзбекистонга алоҳида геосиёсий эътибор шаклланиб боради. 

Биринчидан, коллектив Ғарб яхши англайдики, бундан кейин Ўзбекистонга Россия томонидан геосиёсий босим сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилади. Чунки ҳозирги фурсатда Ўзбекистонни ўзининг геостратегик ва геоиқтисодий лойиҳаларига қўшиб олиш Россиянинг юқори даражали мақсади бўлиб қолаверади

Яъни шу пайтгача Ўзбекистон ва Россия ўртасида “инжиқлик” қилаётган Қозоғистон мавжуд эди. Энди номаълум муддат ичида Қозоғистон Россиянинг минтақадаги лойиҳаларига қаршилик қила олмайди, аксинча, мажбурий ижрочиси бўлади. 

Иккинчидан, Ўзбекистон Россиянинг интеграцион лойиҳаларидан имкон қадар масофа сақлашга ўриниб келаётганини коллектив Ғарб жуда яхши кўриб турибди. Ўзбекистон шу пайтга қадар ўзининг “ягона геосиёсий векторини” танламади. Бу билан аслида Ўзбекистон айнан Ғарб билан, қолаверса, Туркия ва бошқа мусулмон давлатлари билан алоқаларни юқори бир даражада ушлаб турди. 

Демак, Ўзбекистоннинг Россия интеграцион лойиҳаларига нисбатан оҳиста қаршилик қилиши, қўшилмаслиги, бошқа векторлар томонидан алоҳида, изчил қўллаб-қувватланиши лозим бўлган давр кириб келмоқда. Ўзбекистон ички, дипломатик каналлар орқали Жаҳон Савдо Ташкилотига киришни тезлатиш имкониятига эга. Бунинг учун бироз чайқовчилик қилиши, “қаранглар, агар бизни тезроқ ЖСТга қўшмасаларинг, биз ютиламизсизлар ҳам ютқазасиз!” деб айтилиши аслида нормал сиёсий технология ҳисобланади. 

Шунингдек, Ўзбекистонни иқтисодий қўллаб-қувватлаш, сармоя, техник ва технологик ёрдам кўрсатиш, демакки, геосиёсий мақсадда қўллаб-қувватлаш – бугунги контекстда Ғарбнинг ҳам, бошқа векторларнинг ҳам манфаатига тўғри келади.

Америкалик сиёсатшунос Бжезинский Марказий Осиёни таҳлил қила туриб, бу ердаги икки асосий давлатдан бири Қозоғистоннинг Россия олдидаги стратегик заифликларини санаб ўтган эди. Мана, ўша заифлик минтақадаги геосиёсий вазиятни ўзгаришига сабабчи бўлди. Келажакда, Россия ва Қозоғистон ўртасида кучли зўриқишлар бўлиб ўтиши кутилади. Лекин ҳозирги вазиятда Ўзбекистон ўзининг ички сиёсатида давлат легитимлигини оширувчи тадбирларни кўпайтириши керак. Бундан мақсад – давлат ва жамият жипслигини таъминлаш, давлатнинг мустаҳкамлигини ошириш. 

Ташқи сиёсатда эса янги шаклланган вазиятдан келиб чиқиб, “Ўзбекистоннинг геосиёсий мустақиллиги Ғарбнинг ҳам стратегик манфаатларига киради” деган формула остидага муносабатларни интенсивлаштириш керак бўлади. 

Ташқи дунё тушунадики, Ўзбекистон ҳам ўзининг геосиёсий мустақиллигини пасайтирса, бу дегани МО минтақаси тўлиқ Шимол тасарруфида бўлади. Бу эса янги дунёда Россия ва коллектив Ғарб ўртасидаги, қолаверса, Хитой Халқ Республикаси ва унинг яқин иттифоқчиси РФ билан Ғарб ўртасидаги узоқ муддатли стратегик тирашувда кўп нарсани ҳал қилувчи омил бўлиши мумкин. 

Демак, глобал муносабатларда, қудратли давлатларнинг рақобатида, Ўзбекистон ва МО минтақаси, ниҳоятда муҳим омил ҳисобланади. Ушбу вазиятда, Ўзбекистон ўзининг мавқеини геосиёсий капиталлаштириши, қийматини ошириб бориши, лекин мувозанатни йўқотмаслиги Ўзбекистоннинг сиёсий ва геосиёсий мустақиллигини таъминловчи, иқтисодий фаровонлигини ошириб борувчи шарт ҳисобланади.

Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос

УЛАШИНГ:

« Орқага