“Қубо” масжиди зиёрати

23:00 30.04.2018 556

Мадина шаҳридаги зиёрат қилинадиган ўринлардан бири “Қубо” масжидидир. “Қубо” масжиди Исломда биринчи қурилган масжид ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага кўчиб ўтаётган пайтларида Мадина йўлида Қубо деб номланган жойга етиб, ўша бир неча кун турганлар. У ерда биринчи бўлиб “Қубо” масжидига асос солганлар ва илк маротаба ўша масжидда жамоат намозини ўқиганлар.

Масжид жойлашган ўрни эътибори билан “Қубо” деб номланган. У Мадинадан тахминан уч мил[1] узоқликда жойлашган. Аллоҳ таоло Қуръонда:

لَا تَقُمْ فِيهِ أَبَدًا لَمَسْجِدٌ أُسِّسَ عَلَى التَّقْوَى مِنْ أَوَّلِ يَوْمٍ أَحَقُّ أَنْ تَقُومَ فِيهِ فِيهِ رِجَالٌ يُحِبُّونَ أَنْ يَتَطَهَّرُوا وَاللَّهُ يُحِبُّ الْمُطَّهِّرِينَ[2]

(Эй Муҳаммад!) зинҳор (Сиз) унда (намоз ўқиш учун) турманг! Биринчи кундан тақвога асосланган масжид эса, унда туришингизга лойиқроқдир. Унда покланишни хуш кўрадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севар”, – дея сифатлаган масжид ҳам айнан “Қубо” масжидидир.

“Қубо” масжидини зиёрат қилиш, у ерда намоз ўқишнинг фазли борасида кўплаб ҳадислар келган. Усайд ибн Зуҳайр Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қубо” масжидида ўқилган намоз умрадекдир”, – деб марҳамат қилдилар”.

Ушбу ҳадис “Қубо” масжидида ўқилган намознинг савоби умранинг савобига тенг эканини баён қилмоқда.

Уламолар ҳафтада бир кун “Қубо” масжидини зиёрат қилиб, у ерда намоз ўқиш мустаҳаб эканини айтишган. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам “Қубо” масжидига ҳар шанба куни уловда ёки пиёда келар эдилар”, – деб ривоят қилган. Ушбу ривоятга кўра шанба куни бориш янада афзал бўлади. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам душанба ва пайшанба кунлари борганликлари айтилган.

“Қубо” масжидини зиёрат қилиш одоби худди бошқа масжидлар каби, яъни таҳорат қилиб, зийнатланиб, хушбўйланиб ҳамда у ерда ўқилган намознинг фазли ва савобидан умид қилиб борилади. Зиёратчи Масжидга етганда “Аллоҳим, менга раҳмат эшикларингни очгин” дуосини ўқиган ҳолда ўнг оёқ билан киради.

Намоз ўқиш макруҳ бўлмаган вақт бўлса, икки ракат “Таҳийятул масжид” намозини ўқийди. Агар макруҳ вақтга тўғри келиб қолган бўлса, “Субҳаналлоҳи, валҳамдулиллаҳи вала илаҳа иллоллоҳу валлоҳу акбар. Вала ҳавла вала қуввата илла биллаҳил алийил азийм” зикрини айтиш мустаҳаб бўлади. Ҳадис китобларида ушбу зикр икки ракат нафл намозга тенг экани айтилган.

Масжиддан чиқишда “Аллоҳим, мен Сенинг улуғ фазлингдан сўрайман” дуосини ўқиган ҳолда чап оёқ билан чиқади.                                                                                              

 

Тошкент ислом институти

ўқитувчиси

Фарҳод  Жўраев

Манба: mumina.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!