Шарқий Қуддусда Исроил хавфсизлик кучлари ва фаластинликлар ўртасида келиб чиққан тўқнашувларда камида 10 нафар фаластинлик қўлга олинди, баъзилари яраланди, дея хабар бермоқда “Евроньюс”.
Шаҳарнинг Шом дарвозаси деб аталувчи ҳудудида Рамазоннинг илк кунларидан бери Исроил хавфсизлик кучлари ва фаластинликлар ўртасида тўқнашувлар кузатиляпти. Якшанба куни яҳудий “Лаваҳа” ташкилоти вакиллари “Арабларга ўлим!” дея ҳайқирганча Шом дарвозаси томон кетаётганида полиция томонидан тўхтатиб қолинди.
Франциялик яҳудий журналист Доминий Видал юз берган ҳодисаларда Исроилни айблаб, халқаро оммавий ахборот воситаларини Шарқий Қуддусда фаластинликларга нисбатан зўравонликларга бефарқлиги учун танқид қилди.
“Исроиллик бўлиш нима учун жазо берилмайдиган ва йирик медиа томонидан “унутилган” жиноятларнинг содир этилишига йўл очади? Француз журналисти ва яҳудий сифатида уяляпман, – деди у. – Юзлаб полициячи тоқат кўрсатган, ҳатто ёрдам берган нацист яҳудийлар Шарқий Қуддусда “Арабларга ўлим” деб бақиргача зўравонлик қилганини аввал кўрганмисиз?..”
Исроил полицияси Рамазон ойи бошланиши билан Шарқий Қуддуснинг Эски шаҳар қисмида жойлашган Шом дарвозаси олдидаги майдонни ёпиб қўйган ва фаластинликларга таровиҳдан кейин бу ерда йиғилишни тақиқлаган. Полиция бу ерга келган фаластинликларга қаттиқ қаршилик кўрсатяпти.