Илм

Қулини қамчилаётган саҳоба

1090

У зот комил шариат билан келдилар. Кўп қонунларга асос солинди. Аммо у зот умматларидан доимо Аллоҳнинг кўриб тургандек ибодат қилишини хоҳлар эдилар. Яхшиликни савоб умидида қилишини истар эдилар. Гуноҳни қонун ёки шаръий ҳад (жазо) дан хавф қилиб эмас,  Аллоҳдан қўрқиб тарк қилмоғини талабгори эдилар. Бугун буни "индивидуал тартиб" дейишади.

Бу тўғрисида Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам бизга 1400 йил аввал Жаброил алайҳис саломнинг "Эҳсон нима?", деган саволларига жавоб беришлари билан хабар берган эдилар:

"Эҳсон бу Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қилишинг, агар Уни кўрмасанг У мени кўриб турибди деб ибодат қилишингдир".

Абу Масъуд Бадрий розияллоҳу анҳу айтади: "Бир куни бир қулини қамчи билан ураётган эдим. Шу пайт орқамдан бир овоз эшитдим: "Билгин, эй Абу Маъуд , билгин, эй Абу  Масъуд, билгин, эй Абу Масъуд..."

Ғазабим чиқиб тургани сабаб овозни фаҳмламадим. У киши менга яқин келгач, қарасам Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам эканлар. У киши шундай деяпдилар: "Билгин, эй Абу Масъуд, билгин, эй Абу Масъуд..."

У зотнинг ҳайбатларидан қўлимдаги қамчи тушиб кетди. У зот дедилар:

"Билгин, эй Абу Масъуд, сенинг бу қулингга қодирлигингдан Аллоҳ сенга қодирроқ".

Мен айтдим: "Эй Аллоҳнинг расули! У қулни Аллоҳ ризоси учун озоддир". 

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: 

"Агар шундай қилмасанг сени дўзах тутган бўлар эди". 

Мен дедим:

"Сизни ҳақ ила юборган зот билан қасам ичаманки, бундан сўнг бирор бир қулни урмайман".

Шундай нарсалар борки, қонун уни ҳисобга олмайди. Маҳкамалар наздида у жиноят ёки гуноҳ эмас. Аммо Аллоҳ кўради, малоикалар ёзади. Суд эса қиёматда бўлади. У ерда китоб очилганида кичик гуноҳ ҳам, катта гуноҳ ҳам эсдан чиқиб қолмайди. У ерда қози пора олмайди, таниш-билишчилик ўтмайди.

Агар хотинингга қаттиқ гапирсанг, уни уриб ноҳақдан хафа қилсанг, эҳтимол, у маҳкамага шикоят қилмас, ёки шикоят қилсада қози уни эшитмас, аммо маҳкаматул куброда Аллоҳ унинг шикоятни тинглайди бешак. Унинг қалб жароҳатларини кўради. Сенинг хотинингга қодирлигингдан Аллоҳ сенга қодирроқдир!

Эҳтимол сен ҳақини бермаган оддий ишчи сенинг устингдан керакли жойга шикоят қила олмас, ёки у шикоят қилса-да, сен эпчиллик қилиб қонунга ҳам чап берарсан.  Аммо Аллоҳ унинг даъвосини билади, эшитади. Аллоҳ кофир киши мазлум бўлса, мусулмон киши золим бўлсада адолат томонида туриб эшитади, албатта.

Энди мазлум мусулмон бўлса-чи... саждага бошини қўйиб: "Эй Аллоҳим! Мен мағлубман. Менга ёрдам бер" деса-чи...

Нуҳ алайҳиссалом Аллоҳдан ёрдам сўраганларида у зотга нусрат ўлароқ Аллоҳ ерни сувга ғарқ қилди.   

Ҳаётда очиқ кўриниб турган нарсалардан бир шуки, агар кучлилар хусуматлашишса Аллоҳ уларни сабабларга суянтиради. Улардан ҳар бири сабаблар билан муомала қилгани миқдорича ғалабадан насибадор бўлади.

Аммо заифга кучли инсон зулм қилса, Аллоҳ заифга қасосни олиб бермагунича кучли ўлмайди.   Аллоҳдан ўзга паноҳи бўлмаган заифларга зулм қилишдан эҳтиёт  бўл!

А.Полвонов

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

"Қулга эҳтиёжим йўқ!"

1513 03:40 14.05.2020

Татуировка – қуллик белгиси

935 09:00 29.01.2020

Қуддусда аёлларнинг бошига “дўзах азобини” солган раввин қўлга олинди

3339 20:40 14.01.2020

Доно қул

1887 17:00 05.07.2019

XVIII асрдаги Қуръон мўъжизаси

3105 16:00 17.05.2019
« Орқага