Қурбоним

10:05 05.09.2019 394

Устод Сардор Тунжордан

Ёр номи-ла бошлайин мен сўзимни,

Гулсиз боғда булбул бўлмас, қурбоним.

Аввал, ўзга сўйлай сўзимни,

Йўқ-са қалбдан қалбга етмас, қурбоним!


Сен ўзингда бўлсанг дард тугар-битар,

Борингни, йўғингни Эгангга топшир.

Устанинг қўлида ёғоч бўл, етар,

Таслим бўлган зарар кўрмас, қурбоним!


Ўзингга ишонма, мен бўлдим дея,

Пишганлар хомман дер, ўйла-чи, нега?!

Тавба керак, ҳатто тавбамизга ҳам,

Бир тавба-ла фориғмассан, қурбоним!


Илтифот кутмоқ, ўксинмоқ нечун?

У эшикдан қувса, сен туйнукдан кир!

Ҳа, суйибди, ҳа, урибди, иккиси ҳам бир,

Севмаса қошини ўймас, қурбоним!


Ишла, насибингни дунёдан олгин,

Аммо зинҳор дунёни ёр санамагин!

Охират жамғармаси керак бандага,

Қуёш доим ғарбга ботмас, қурбоним!


Хизмат йўқ-са, ҳиммат бўлмас, унутма!

Бу хизмат буюк неъмат, юз ўгирма!

Ғайрат қил, кўнгил ол, “Бандам” десин!

Султон суягин хорламас, қурбоним!


Бажар деса, бажар амрига кўра,

Бу иш менсиз бўлмайди, дема беҳуда.

Бу қўлни бир бор тутса гар инсон,

Нафсига парво қилмас, қурбоним!


Жоҳиллар оғзини очса “мен” дейди,

“Мен!” дея йўл олган борми, кўрсатгин?

Ўзгани гўзал бил, ўзни айла ер,

Тезак сув тубига чўкмас, қурбоним!


Гуноҳдир, савобдир булар бекор гап,

Ҳар ишни бажарсанг, Аллоҳ учун қил.

Авомлар ишидир бу ҳисоб-китоб,

Ошиқлар фойда-зарар кутмас, қурбоним!


Дуо ўрнидадир сиддиқнинг “оҳ”и,

Не деди, Ҳизрга Нақшбанд шоҳи?

Эсла, идрок эт, англа бу роҳни,

Мен содиқман демоқ етмас, қурбоним!

 

Садоқат не асли – тўғри демоқдир,

Усиз тўғриларни эгри демоқдир.

Садоқат сиддиқдан фиғон демакдир,

Бағри ёнса, тутун чиқмас, қурбоним!


Эр бўлмоқ истаган роҳатдан кечар,

Бир соқий қўлидан бодани ичар.

Танла деса ёрнинг заҳрини танлар,

Ағёрнинг болини тотмас, қурбоним!


Индалло шу – дардни неъмат бил жонга,

Ёрга жон бергин, жон Ёр бўлсин сенга.

Сардор бўлсанг, бошингни қўй майдонга,

Қурбонларга пичоқ ўтмас, қурбоним!..

Таржимон: Умида АЗИЗ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!