Илм

Қурбонликка оид масалалар

415

(Охири, боши бу ерда)

Савол:- Қурбонлик нима?
Жавоб:-

عَنْ زَيْدِ بْنِ أَرْقَمَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ، أَنَّهُمْ قَالُوا لِرَسُولِ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- : مَا هَذِهِ الأَضَاحِىُّ؟ قَالَ :« سُنَّةُ أَبِيكُمْ إِبْرَاهِيمَ عَلَيْهِ السَّلاَمُ»، قَالُوا : مَا لَنَا فِيهَا مِنَ الأَجْرِ؟ قَالَ :« بِكُلِّ قَطْرَةٍ حَسَنَةٌ ».

Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу ривоят қилинади:
«Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Бу қурбонлик нима?», дейишди. У зот: «Отангиз Иброҳим алайҳиссаломнинг суннатидир», дедилар. Улар: «Бизга бунда ажр бўладими?», дейишди. «Ҳар бир қатраси учун ажр бор», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.

عَنْ زَيْدِ بْنِ أَرْقَمَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ، قَالَ قُلْنَا : يَا رَسُولَ اللَّهِ، مَا هَذِهِ الأَضَاحِىُّ؟ قَالَ :« سُنَّةُ أَبِيكُمْ إِبْرَاهِيمَ عَلَيْهِ السَّلاَمُ»، قَالَ قُلْنَا: فَمَا لَنَا فِيهَا؟ قَالَ :« بِكُلِّ شَعَرَةٍ حَسَنَةٌ»، قَالَ قُلْنَا: يَا رَسُولَ اللَّهِ، فَالصُّوفُ، قَالَ :« بِكُلِّ شَعَرَةٍ مِنَ الصُّوفِ حَسَنَةٌ».

Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу ривоят қилинади:
«Эй Аллоҳнинг Расули. Бу қурбонлик нима?», дедик. У зот: «Отангиз Иброҳим алайҳиссаломнинг суннатидир», дедилар. Биз: «Бизга бунда нима бўлади?», дедик. «Ҳар бир туки учун ажр бор», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, юнг-чи?», дедик. «Юнгидаги ҳар бир туки учун ажр бор», дедилар.

Савол: Бой бир одам ўзи учун қурбонлик қилиш нияти билан сотиб олган қорамолга бошқани шерик қилиши жоизми?
Жавоб: Сотиб олаётган вақтда “шериклар чиқса қўшиб оламан” деган ниятда сотиб олса, бўлади.

Савол: агар 14 киши иккита қорамолга шерик бўлиб қурбонлик қилишса, лекин “мана бу қорамол бу етти кишидан, мана буниси бу етти кишидан” деб тайин қилишмаса қурбонлик жоиз бўладими?
Жавоб: Қиёсан жоиз эмас, лекин истеҳсон йўлига кўра жоиздир.
Агар етти киши етти қўй сотиб олиб, қайси қўй кимдан эканлиги тайин қилинмай сўйса, қиёсан бирортаси тарафидан қурбонлик жоиз бўлмайди. Чунки етти одамнинг етти қўйнинг ҳар бирида бир ҳиссадан ҳақи бор. Истеҳсон йўлига кўра улар тарафдан қурбонлик ўрнига ўтади. Шунингдек икки киши иккита қўй сотиб олиб қайси бири кимданлигини тайин қилмай қурбонлик қилсалар ҳам.

Савол: Қурбонликда шериклардан нималар талаб қилинади?
Жавоб:

1.Ҳар бирининг ҳиссаси еттидан бирдан кам бўлмаслиги шарт.
2.Шерикларнинг ҳаммаси мусулмон бўлиши, ҳаммаси Аллоҳга муқарраб бўлишни ният қилиш.

Шунга биноан шериклардан бири мусулмон бўлмаса ёки Аллоҳга муқарраб бўлишни ният қилмай гўштни ният қилса ёки бирортасининг ҳиссаси еттидан биридан кам бўлса, ҳеч бирлари томонидан қурбонлик бўлмайди. Лекин қурбонликни барчаси бир хил бўлиши шарт эмас. Кимдир вожиб қурбонликни, кимдир ақиқани, кимдир марҳум(вафот этган одам номидан) тарафидан қурбонликни ният қилса жоиз.

Савол: Валима (уйланиш зиёфати) нияти билан бир қорамол ёки бир туяга шерикчилик қилиш жоизми?
Жавоб: бўлади.

Савол: Қазо қурбонлиги ниятида бир қорамол ёки бир туяга шерикчилик жоизми?
Жавоб: Шерикларнинг қурбонликлари ҳам жоиз, ўтган йили қурбонлик қилолмаган кишининг бу йилдаги шерик бўлиб қилган қурбонлиги нафл бўлиб қолади. Ўтган йилги қурбонликдан ўтмайди, балки зиммасига бир қўйнинг қийматини садақа қилиш вожиб бўлади. Барчалари ҳам гўштини садақа қилишлари вожиб бўлади. (“Роддул-мухтор”)

«لَوْ كَانَ أَحَدُهُمْ مُرِيدًا لِلْأُضْحِيَّةِ عَنْ عَامِهِ وَأَصْحَابُهُ عَنْ الْمَاضِي، تَجُوزُ الْأُضْحِيَّةَ عَنْهُ، وَنِيَّةُ أَصْحَابِهِ بَاطِلَةٌ، وَصَارُوا مُتَطَوِّعِينَ، وَعَلَيْهِمْ التَّصَدُّقُ بِلَحْمِهَا، وَعَلَى الْوَاحِدِ أَيْضًا، لِأَنَّ نَصِيبَهُ شَائِعٌ كَمَا فِي الْخَانِيَّةِ».

Савол: Қайси ҳайвонни қурбонлик қилиш афзалроқ?
Жавоб: Қурбонликда қорамолдан бир ҳисса олгандан кўра, бутун бир қўй ёки эчкини сўйиш афзалроқдир.

Савол: Қорамол қурбонлик қилаётган киши “буни еттидан бири ақиқадан қолгани қурбонликдан” деса бўладими?
Жавоб: Бўлади.

Савол: Бир киши жонлиқ сотиб олиб қурбонлик қилмаса ёки қурбонлик қилгунича вақти чиқиб кетса нима қилади?
Жавоб: Жонлиқни сотиб олган суратида уни тирик ҳолда садақа қилиб юборади. Зиммасига қурбонлик вожиб бўла туриб, қурбонлик қилмаган бўлса бир қўй ёки эчкининг қийматини садақа қилиши вожиб бўлади.

Савол: Ўлган одам тарафидан қурбонлик қилса қандай амалга оширади?
Жавоб: Ўлган одам тарафидан ва ўлган одам учун қурбонлик қилишнинг бир неча сурати бор.
1
- Маййит “Менинг тарафимдан, менинг молимдан қурбонлик қилинглар” деб васият қилган бўлса ва унинг васиятига мувофиқ унинг молидан қилинган бўлса, жоиз. Лекин ўша жонлиқнинг гўштини барчаси закот олишга ҳақдорларга садақа қилиш вожиб бўлади. марҳумнинг яқинлари ўша гўштдан ейиши жоиз эмас.
2
- Марҳум ортидан қурбонлик қилишни васият қилган бўлса ёки васият қилмаган бўлса ва фарзандлари ўз молларидан нафл қурбонлик қилишган бўлса дуруст бўлади. Унинг гўштини бой камбағал ва ўзлари ҳам ейишлари мумкин.
3-Бир киши ўзининг молидан ва ўз тарафидан нафл қурбонлик қилиб, унинг савобини бир ёки бир неча маййитга бағишлаши жоиз. Гўштидан эса бой ҳам камбағал ҳам еса бўлади.

Савол: Маййит тарафидан қурбонлик қилиш афзалми ёки унинг қийматини садақа қилиш афзалми?
Жавоб: Қурбонлик кунларида қийматни садақа қилгандан кўра, қурбонлик қилиб савобини бағишлаш афзалдир. Қурбонлик сотиб олиб уни қонини тўкишдан ҳосил бўлган савоб қийматини садақа қилиш билан ҳосил бўлмайди.

Савол: Ортиқча уйи бор одамнинг зиммасига қурбонлик вожиб бўладими?
Жавоб: Ўзи яшаб турган уйдан ташқари уйининг қиймати нисобга етса, зиммасига қурбонлик, фитр садақаси вожиб бўлади. Гарчи у уйни ижарага берган бўлса ҳам бермаган бўлса ҳам.

Савол: Аёл киши нисобга эга эмас, лекин эри унга келгусида нисобга етарли маҳрни беришини ваъда қилган. Ҳозирда у аёлнинг қўлида маҳр йўқ. Аёл маҳрга ҳақдор сабабидан бой ҳисобланадими, зиммасига қурбонлик вожиб бўладими?
Жавоб: Аёл киши эрнинг зиммасидаги маҳр билан бой саналмайди ва қурбонлик қилиши вожиб бўлмайди. (Муҳийт Бурҳоний)

«فَأَمَّا الْمُؤَجِّلُ الَّذِي يُسَمَّى كَابِتَنْ، فَالْمَرْأَةُ لَا تُعْتَبَرُ مُوسِرَةً بِذَلِكَ بِالْإِجْمَاعِ»

Савол: Нисоб эгаси бўлмаган киши уйида боқилаётган қўйини қурбонлик қиламан деб ният қилди. Қурбонлик кунлари келишидан аввал эҳтиёж юзасидан қўйни сотишга тўғри келиб қолса, қўйни сота оладими?
Жавоб: Қўй эгаси бой бўлса ҳам, фақир бўлса ҳам уни қурбонлик қиламан деб ният қилган бўлса, қурбонлик қилиши шарт эмас. Агар алмаштирмоқчи ёки сотиб ўрнига яхшиламоқчи бўлса ёки пулини ишлатмоқчи бўлса бу ҳам жоиз. (Роддул-мухтор).

«فَلَوْ كَانَتْ فِي مِلْكِهِ، فَنَوَى أَنْ يُضَحِّيَ بِهَا، أَوْ اشْتَرَاهَا وَلَمْ يَنْوِ الْأُضْحِيَّةَ وَقْتَ الشِّرَاءِ، ثُمَّ نَوَى بَعْدَ ذَلِكَ، لَا يَجِبُ».

Шунингдек жониворни сотиб олаётган вақтда ҳам қурбонликни ният қилмаса, сотиб олганидан кейин қурбонлик қилишни ният қилса, зиммасига қурбонлик қилиш лозим бўлмайди. Лекин нисоб эгаси бўлмаган киши зиммасига қурбонлик вожиб бўлмасидан туриб, қурбонлик кунларида қурбонлик қилиш ниятида ҳайвон сотиб олса, ўша ҳайвонни қурбонлик қилиш зиммасига вожиб бўлади. (Роддул-мухтор).

«لِأَنَّ شِرَاءَهُ لَهَا، يَجْرِي مَجْرَى الْإِيجَابِ، وَهُوَ النَّذْرُ بِالتَّضْحِيَةِ عُرْفًا، كَمَا فِي الْبَدَائِعِ».

“Роддул мухтор”нинг “наҳр кунларида сотиб олса” иборасидан, у кунлардан аввал қурбонлик қилиш ниятида ҳайвон сотиб олса, зиммасига қурбонлик вожиб эмас, алмаштирса ҳам, сотса ҳам, сотиб пулини ўз эҳтиёжларига ишлатса ҳам бўлади – деган нарса келиб чиқади.

«بِقَوْلِهِ «شَرَاهَا لَهَا أَيَّامَ النَّحْرِ»، وَظَاهِرُهُ أَنَّهُ لَوْ شَرَاهَا لَهَا قَبْلَهَا، لَا تَجِبُ»

 “Фатавои дорул улм”нинг “Азизул фатава” номли китобида: “Агар фақир киши қурбонлик кунларида қурбонлик қилиш ниятида жонлиқ сотиб олса, қурбонлик қилиши лозим бўлади. лекин қурбонлик кунларидан аввал сотиб олган бўлса, фақир ҳам бой ҳам уни алмаштириши жоиз”.

Савол: Ўз уйини қимматроқ нархга ижарага бериб, ўзи бошқа уйда ижарада ўтирган кишининг зиммасига қурбонлик вожиб бўладими?
Жавоб: Ундай кишининг зимасига қурбонлик вожиб бўлади. Чунки ижарага берган уйи унинг ҳожати аслийсидан ташқари ҳисобланади. Агар ҳеч ким турмайдиган ёки ҳеч қандай ижарасиз биров яшаб турган бўлса, қурбонлик қилиш аълороқ бўлади.

Савол: Қурбонлик кунларида камбағал киши нисобга етадиган молга эга бўлса зиммасига қурбонлик вожиб бўладими?
Жавоб: Қурбонлик зиммага вожиб бўлиши учун охирги кунида нисобга етарли маблағга эга бўлиб қолса, бир йил айланмаган бўлса-да, зиммасига қурбонлик вожиб бўлади. Шунингдек мусофир охирги кунда сафардан келса, кофир одам ўша вақтда мусулмон бўлса ҳам зиммаларига қурбонлик қилиш вожиб бўлади. (Бадоъиус-саноиъ)

«وَلَا يُشْتَرَطُ وُجُودُ الْإِسْلَامِ فِي جَمِيعِ الْوَقْتِ، مِنْ أَوَّلِهِ إلَى آخِرِهِ، حَتَّى لَوْ كَانَ كَافِرًا فِي أَوَّلِ الْوَقْتِ، ثُمَّ أَسْلَمَ فِي آخِرِهِ، تَجِبُ عَلَيْهِ».

Савол: Бир одамнинг сотиб олган қурбонлиги ўғирланса ёки йўқолса, ўрнига бошқасини сўйгандан кейин топилса, уни ҳам сўйиши керакми?
Жавоб: Сўйиш вожиб эмас. Агар у ҳайвон қурбонлик кунларида йўқолиб ўша кунларида топилса, уни садақа қилиб юбориш вожиб бўлади. Шунингдек бой одам қурбонликка жонлиқ сотиб олиб, қурбонлик сўйишга улгурмай қурбонлик кунлари чиқиб кетса, унга ўша жонлиқни тириклайин садақа қилиш вожиб бўлади. Агар қурбонлик куни ўтиб кетганидан кейин сўйиб қўйган бўлса, ўзи ҳам еёлмайди, нисобга қодир бўлганларга ҳам едира олмайди.

Савол: Бой бўла туриб бир неча йилдан бери қурбонлик қилмаган киши нима қилади?
Жавоб: Аввало қурбонлик қилмаганига тавба қилади ва неча йил қурбонлик қилмаган бўлса ҳар йилига биттадан қўйнинг қийматини садақа қилади.

Савол: Аёлларга ҳам қурбонлик қилиш вожибми?
Жавоб: Аёллар тақинчоқлари бир йилда ҳеч ишлатилмайдиган сервис идиш-товоқлари, телевизорлари, 85 грамм тилло ёки 596 грамм кумушнинг қийматига етса зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Бунга уч сидра кийимдан ортиқ бўлган кийимлари ҳам, ўзи сотиб олган бўлса телевизор ва шунга ўхшаш қимматбаҳо нарсалар ҳам киради.

Савол: Болаларининг тўйига йиғиб қўйган сеп-сидирғалари ҳам нисобдан ҳисобланадими?
Жавоб: Ҳозирги кунда келинга бериладиган сеп-сидирғиларни ҳожати аслиядан деб ҳукм қилиш мушкул ишдир. Сепларни ичида кундалик истеъмол қилинадиган жиҳозлар ҳожати аслияга киради. Аммо, кўз-кўз қилиш, одамлар: “Фалончи шунча нарса қилибди” дейишлари учун қилинган сеп-сидирғилар ҳожати аслийдан ортиқча ҳисобланади. Агар буларни қиймати нисобга етса, закот олиш ҳаром бўлади ва уларнинг зиммаларига қурбонлик ва садақаи фитр вожиб бўлади.

«هَلْ تَصِيرُ غَنِيَّةً بِالْجِهَازِ الَّذِي تُزَفُّ بِهِ إلَى بَيْتِ زَوْجِهَا؟، وَاَلَّذِي يَظْهَرُ مِمَّا مَرَّ، أَنَّ مَا كَانَ مِنْ أَثَاثِ الْمَنْزِلِ، وَثِيَابِ الْبَدَنِ، وَأَوَانِي الِاسْتِعْمَالِ، مِمَّا لَا بُدَّ لِأَمْثَالِهَا مِنْهُ، فَهُوَ مِنْ الْحَاجَةِ الْأَصْلِيَّةِ، وَمَا زَادَ عَلَى ذَلِكَ، مِنْ الْحُلِيِّ، وَالْأَوَانِي، وَالْأَمْتِعَةِ الَّتِي يُقْصَدُ بِهَا الزِّينَةُ، إذَا بَلَغَ نِصَابًا، تَصِيرُ بِهِ غَنِيَّةً».

“Аёл эриникига келин қилиб тушириб олинган жиҳозлар билан бойга айланадими? Ўтган нарсалардан зоҳир бўлган нарса шуки, зарур бўлган уй жиҳозлари, кийимлар, ишлатиладиган идиш-товоқлар ҳожати аслийга киради. Унга қўшимча бўлган тақинчоқлар, зийнат мақсадида териб қўйиладиган идишлар, буюмлар нисобга етса, аёл у билан бойга айланади” (Роддул мухтор).

Манба: Fiqh.uz

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам номларидан қурбонлик қилиш жоизми?"

5836 14:10 02.08.2020

Қурбонликка оид масалалар

366 19:30 01.08.2020

Қурбонликка оид масалалар

493 10:30 01.08.2020

Қурбонликка оид масалалар 

567 14:59 31.07.2020

Ақиқа ва қурбонликни жамлаш жоизми?

1467 12:30 30.07.2020
« Орқага