Қурбонликнинг Қуръон ва Ҳадис нигоҳидаги фазилатлари

16:00 10.08.2019 1396

فَصَلِّ لِرَبِّكَ وَانْحَرْ

(“Кавсар” сураси 2-оят)

“Сиз парвардигорингизга намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг.” (“Баёнул Қуръон” 121-бет)

"Ва туяларни сиз учун Аллоҳнинг нишонларидан қилдик. Уларда сизга яхшилик бор. Уларга олд оёқларидан бири боғлиқ турган ҳолида Аллоҳнинг номини зикр қилинг. Ёнлари ерга текканида эса, бас, улардан енг ва қаноатли ва тиланган камбағалларни ҳам таомлантиринг. Шундай қилиб, Биз уларни сизга бўйинсундириб қўйдик. Шоядки шукр қилсангиз".

"Уларнинг гўштлари ҳам, қонлари ҳам зинҳор Аллоҳга етмайдир. Лекин Унга сиздан тақво етадир. Шундай қилиб, сизни ҳидоят қилгани эвазига Аллоҳга такбир айтишингиз учун уларни сизга бўйинсундириб қўйди. Яхшилик қилгувчиларга башорат беринг." (Ҳаж сураси, 36-37-оят)

Қурбонлик қилишдан мақсад банданинг Аллоҳ амрига итоатини, тақвосини намоён этишдир. Банда Аллоҳни қанча улуғласа, шунча оз. Биргина ҳидоятга бошлаб қўйгани учун қанча такбир айтса, оз. Қурбонлик қилиш ҳам, Аллоҳнинг йўлида ҳар қандай қурбонлик беришга тайёр эканини кўрсатиш ҳам ўша ҳидоят учун Аллоҳ таолони улуғлашдир.

Демак Аллоҳ таоло туя, қўй, эчкиларни сўйишни диннинг шиорларидан қилди. Бу амалларни бажаришда Аллоҳ таолонинг азамати ва динининг улуғлиги зоҳир бўлади.Ундан ташқари бу жониворларни сўйишда биз учун бошқа фойдалар ҳам бор. Дунёвий фойда масалан, ейиш,ичиш бўлса, ухровий фойда эса савобдир.Қурбонликдаги ихлос,хоссатан Аллоҳ таоло учун ва ундан савоб олиш мақсади билан қилишдир. (Баёнул Қуръон, Ҳаж сурасидан. 135-бет)

Қурбонликка тегишли набавий ҳадисларда қурбонликнинг фазилати ва унинг савоби.

1.Ҳусайн ибн Алидан ривоят қилинади:

"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

"Қайси бир киши қурбонлик қилаётганидан дили хурсанд бўлса ва шу қурбонлигидан савобни ният қилса, ушбу қурбонлиги ўз соҳиби учун дўзахдан парда бўлади"дедилар. (Табароний Кабир)

2. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

"Қурбонлик куни одамнинг ҳеч бир амали Аллоҳ таолонинг наздида қурбонлигидан зиёда савобли бўлолмайди.Қурбонликка сўйилган жонивор қиёмат куни ўз шохлари, гўштлари ва туклари билан қўшилиб келади ва у нарсаларнинг барчаси эвазига соҳибига савоб етади. Қурбонлик қони ерга тушмасдан олдин ўша банда Аллоҳ таолонинг ҳузурида хос бир даражага кўтарилади.Қурбонлик вақтида қалбингиз хурсанд ҳолда қилинглар, кўп харажат қилганингиз учун қалбингиз оғримасин!"дедилар.

(Ибни Можа, Термизий ривояти)

3. Ҳазрати Зайд ибн Арқамдан, саҳобалар пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрашди:

“Ё Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), қурбонликнинг ҳақиқати нима?”

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

“Сизларнинг насабий ёки руҳоний отангиз Иброҳим алайҳиссаломнинг одатларидур” дедилар. Улар:

“Эй Аллоҳнинг Расули, бизга ундан нима етади?”дедилар. У зот:

“Ҳар туки эвазига битта яхшилик” дедилар. Улар:

“Агар у юнгли жонивор бўлса-чи?”дедилар. У зот:

“Ҳар юнги эвазига битта яхшилик” дедилар.

(Ҳоким, Ибни Можжа, Аҳмад ривоятлари)

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

“Эй Фотима туринг ва сўйиш вақтида ўз қурбонлигингиз ёнида бўлинг, чунки қурбонлик қонининг биринчи қатраси ерга тушиши билан сизнинг барча гуноҳларингиз мағфират қилинади. Ёдда тутинг қиёмат куни қурбонликнинг қони ва гўшти келтирилади. Амаллар тарозингизга савоби олтмиш баробар зиёда қилиб қўйилади ва уларнинг барчаси эвазига яхшиликлар берилади. ”дедилар.

(Асбаҳоний “Ҳаётул муслимин” 127-бет)

Қурбонлик қилмайдиганлар учун қаттиқ ваъидлар

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

"Қайси бир киши қурбонлик қилишга имкони (яъни нисоб эгаси) бўла туриб, қурбонлик қилмаса, бизнинг ийдгоҳимизга яқинлашмасин"дедилар.

(Ҳоким “Тарғиб”)

Бу ҳадисдан қанчалар норозилик аломати зоҳир бўляпти. Нима? Бирор мусулмон  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг норозиликларига бардош қила оларканми? Бу норозилик, зиммасига қурбонлик вожиб бўлган кишилар учундир, агар кимнинг имконияти бўлмаса, унинг учун эмас.

(Асбаҳоний “Ҳаётул муслимин” 127-бет)

Қурбонлик қилишдаги молдор кишиларнинг нуқсонлари.

Сўнги пайтларда кўпчиликда кузатилябдики, қурбонликка бепарволикларидан қоидага мувофиқ иш қилишмайди. Ваҳоланки у қоидани мулоҳаза қилиш, унга эътибор бериш зарур эди. Баъзи молдор кишилар қурбонлик тарафга мутлақо таважжуҳ қилмайдилар, ваҳоланки улар қурбонлик вожиб бўлган шароитда бўла туриб ва унинг тарк қилувчисига қаттиқ ваъидлар келган бўлса ҳам тарк қилаверадилар.

Чунончи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қай бир киши қурбонлик қилишга имкони(яъни нисоб эгаси) бўла туриб, қурбонлик қилмаса, бизнинг ийдгоҳимизга яқинлашмасин” дегандилар. Ийдгоҳ ўзи шундай жойки, ҳатто зиммасига намоз ўқиш вожиб бўлмаганлар ҳам бу ерга жамланишга тарғиб ва ташвиқ  қилинади. Бу ҳукм исломнинг аввалида бўлган эди. Ўша пайда ҳайз кўрган аёллар ҳам ийдгоҳда ҳозир бўлишарди, аслида эса ҳоиза аёлга ҳатто намоз ўқиш ҳам  жоиз эмас. Лекин бу ҳукм Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг замонларигагина хос бўлиб, кейинчалик фитналар хавфининг олдини олиш учун бекор қилинган.(“Сунани Иброҳим” 22-бет)

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларига эътибор беринг, у зотнинг буйруқлари борки, ким қурбонлик қилишга қодир бўла туриб, қилмаса, бизнинг ийдгоҳимизга яқинлашмасин дедилар, ийдгоҳимизга келмасин демадилар, балки яқинига ҳам йўламасин дедилар.

Қурбонлик қилмайдиган кишидан Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қанчалик нафратланганликлари маълум бўлди. Бундай шахсга мусулмонлар ийдгоҳининг яқинига ҳам йўламаслик ҳукми берилди.

Дўстлар агар ғайратингиз бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббатингиз бўлса бу жуда қаттиқ гап-ку! Лекин афсуски, қурбонликка шу қадар таъкид бўла туриб ҳам баъзи кимсалар қилишмайди.

(“Сунани Иброҳим” 35-бет)

Ғариб киши учун қурбонлик

Ғариб киши учун қурбонлик қилиш муносиб ва мустаҳаб бўлган амаллардандир.Бу нарса Қуръон оятларидан маълум бўлади, Алло таоло: “Инсонлар байтуллоҳга пиёда келишади.” дейди.

Бу оятдан маълум бўладики пиёда келувчилар ғариб бўладилар.

Кимгаки қурбонлик вожиб бўлса, унга қилиш зарур ва қиладиям деб умид қиламиз. Энди бошқаларга вожиб эмас, аммо битта қурбонлик қилишга қурби етади ва бунинг натижасида бўйнида вожиб бўлган бошқа ҳақлар зойил бўлмайди, бундай кишига ҳам қурбонлик қилиш муносибдир, чунки қурбонликда шундай фазилатлар борки, уни тарк қилган одам жуда кўп манфаатлардан маҳрум бўлиб қолади. Кимнинг мутлақо шароити бўлмаса, энди у чорасиз.

(“Китабул удҳия” 166-бет)

Қурбонлик қилиш жоиз бўлмаган инсонлар

Баъзи кимсалар ўта ночор, ёки, уларнинг зиммасида заҳирадан ташқари бандаларнинг ҳақлари ҳам бор. Энг аввал уларни адо этиш шарт. Лекин улар барча ҳақлардан кўз юмиб, яъни уни кейинга ташлаб, фақат фахрланиш ёки қадим одатни бино қилиш учун (яъни олдиндан ҳамиша бизнинг ҳузуримизда қурбонлик бўлиб келади деб) қурбонликка қаттиқ туришади. Ҳеч паст келишмайди. Агар ўзларида маблағ бўлмаса, қарз олиб бўлса ҳам қилишади.

Баъзи кишиларни кўрсангиз, ўликларига ҳам қўшиб бир неча ҳисса қурбонлик қилишади.Тирикларнинг вожиб бўлган ҳақларини эса ўлдириб қўядилар. Ваҳоланки аслида бир танга қарзни адо қилишлик, юз дирҳамга қурбонлик сотиб олишдан яхшироқдир. Бу суратда бировнинг ҳаққини адо этмаганига алоҳида гуноҳкор бўлса, нияти бузуқлигининг гуноҳи алоҳида бўлади. (яъни агар фахр ва риё ниятида бўлса.)

Албатта, бирор кишининг ҳаққи зое бўлмаса ва риё аломати бўлмаса, нафл қурбонлик қилиш мустаҳаб ва муҳаббатнинг белгисидир. Шунингдек омма мусулмонлар томонидан, дин катталари томонидан, хусусан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан қурбонлик қилиш мандуб амалларнинг энг суюклисидир, яъни мустаҳаб ишларнинг энг афзалидир, ҳамда уларнинг ҳуқуқлари тақозосидир. Лекин бу нарса бирорта ҳам ўринда бошқаларга зарар, нуқсон етмагандагина жоиз бўлади. Нафл қурбонлик қилиш манфаат, лекин бировларнинг ҳақларини, қарзларини адо этмаслик зарар. Зарар етмагандагина нафл қурбонлик қилиш жоиз бўлади

(“Ислоҳий хитоб” 167-бет)

Абдулманнон АБДУЛЛОҲ

Манба: fiqh.uz 

 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!