Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Қўрбоши Мадаминбекни ким ўлдирган?

2192

Айрим гуруҳларда миллий-истиқлолчилик ҳаракати (Шўро тарихчилиги иддаоси бўйича “босмачилик” ҳаракати) ҳақида салбий фикр-мулоҳазалар чиқа бошлади. Энг ёмони, бу фикрларни тарихий ҳақиқатдан хабари йўқ кишилар билдираётгани, ўтмишимизни ёмонотлиқ қилишга уринаётганларидир.

Аввало, “босмачилик” (моҳиятан, қароқчилик) қандай келиб чиқди, бир таҳлил қилайлик?

1917 йил, декабр. Қўқон. Шўро ҳукумати Туркистон мухториятини қонга ботиради. Мухтор ҳукумат вакиллари ўлдирилди, таъқибга олинди, мол-мулки мусодара қилинди, банклардаги маблағлари музлатилди. Миллий қўшин қўмондони Кичик Эргаш қўрбоши шаҳид кетади, қўшин мағлубиятга учрайди.

Қизил аскар ва арман дашноқлари уч кун давомида Қўқонни талайди, вайрон қилади. Халқ ўлдирилади, зўрланади, хонавайрон бўлади. Уч кунлик қирғинда Қўқон шаҳрининг ўзида ўн мингдан ортиқ киши ўлдирилади. Ўша воқеаларга “Ал-Изоҳ” ойномаси шундай изоҳ беради: “Хўқанд энди ўликлар шаҳридир... Хўқанди латиф бино бўлиб бундай хўрликни кўрган эмас”

Қизил аскарлар ва арман дашноқлари шаҳар ва қишлоқларни талашда давом этади. Энг даҳшатлиси, аёллар, қизлар зўрланади, ёш болалар жодилардан ўтказилади (И.Каримов, “Мадаминбек”, 2000, Тошкент, Шарқ нашриёти). Арман дашноқлари Сузоқ, Бозорқўрғон, Марғилон, Чуст каби шаҳарларда халқни қиради. 

Ўзбекистон расмий тарихи арман дашноқлари томонидан 35 минг ўзбек ўлдирилганини тан олади.

Халқи қирилаётган, аёллари зўрланаётган, болалари ўлдирилаётганда қайси эркак жим ўтиради? Бунинг устига, буюк салтанатлар қурган ўзбеклар ҳақида гап бораётган бўлса.

Бу қирғинларга қарши оддий халқ вакиллари, йигитлар қўзғалади. Биринчилардан бўлиб Марғилон шаҳар милицияси бошлиғи Мадаминбек халқ томонига ўтади. Ундан сўнг Шермуҳаммадбек ва бошқа қўрбошилар майдонга чиқади.

“Шўрои Уламо” ва “Шўрои Исломия” партиялари, жадид мунавварлари ташаббуси билан 1918 йил март ойида Бачқир қишлоғида Фарғона қўрбошиларининг биринчи қурултойи чақирилади. Фарғонанинг барча қўрбошилари таклиф этилади. Катта Эргаш қўрбоши Олий бош қўмондон этиб сайланади. Мадаминбек ва Шермуҳаммадбек унинг ўринбосарлари этиб тайинланади.

1918 йилдаги кўплаб амалиётларда қўрбошиларнинг қўллари баланд келади. Лекин бўлиниш, ихтилоф юзага келади. Мулла Эргаш бошлиқ қўқонлик қўрбошилар, Мадаминбек бошлиқ водийнинг бошқа қўрбошилари айри-айри ҳаракат қила бошлайди.

1919 йилда адмирал Колчак Мадаминбек ҳузурига ўз элчиларини юборади. Элчиларга подшоҳ Николайнинг ўнг қўли, қувғиндаги генерал Корниловнинг укаси полковник Л.Г.Корнилов бошчилик қилади. Колчак Мадаминбекка рус армияси полковниги унвонини беради. Унга Шўроларга қарши иттифоқ тузишни таклиф этади.

Халқ орасида Мадаминбекнинг обрўси жуда кучли бўлган. Унга бағишлаб шеърлар ижод қилинган:

Муҳаммад Аминбек салoмат бўлсин,
Вужуди ҳамиша фарoғат бўлсин.
Худoни ҳабиби рафoқат бўлсин,
Тамoми иши ҳам карoмат бўлсин,
Қилган кoри-бoри ибoдат бўлсин.

Ҳуруж айлади Марғинoн шаҳридин,
Ҳамма бўлди ҳайрoн мунинг аҳдидин.
Мубoрак oтидир Муҳаммад Амин,
Анга дер ҳамма oфарин, oфарин,
Бу куффoр элига шижoат ўлсин.

Азиз жoнини беқарoр айлади,
Ғазoтга ўзини нисoр айлади,
Кишининг аҳдига хўб вафo айлади,
Набию валиларни ёр айлади,
Қилган кoри-бoри ибoрат бўлсин.

Мадаминбекнинг номини улуғлаган ишлардан бири, шубҳасиз, унинг жанглари бўлади. Кўплаб йирик жангларга қўшинни бошлаб тушган, ғалабалар қозонган. Шулардан айримларини эслаймиз.

1919 йил баҳорида Балиқчи ёнида йирик жанглардан бири бўлиб ўтади. 3 кунлик жангидан сўнг шўролар енгилади ва 2000 га яқин аскар асир олинади. Улардан 700 га яқини арман дашноқлари бўлган. 1300 нафар рус аскар ва зобити қўйиб юборилади, дашноқларга эса шафқат бўлмайди. Ҳаммаси бўғизланиб, Сирдарёга улоқтирилади. Кейинчалик арман миллатчилари шу ерда инқилобчилар учун ҳайкал қўйишни таклиф этишади, бироқ Чўлпон бошлиқ зиёлилар бунга қарши чиқишади. Ҳайкал ўрнатилмайди.

1919 йил Мадаминбек ва рус крестянлар армияси қўмондонлиги, генерал Муханов ва полковник К.И.Монстров ўртасида яна бир иттифоқ тузилади.

1919 йил ўрталаригача “босмачи” деган сўз қўлланилмаган. Шўро идораларининг махсус йиғилишида ҳара

катни қоралаш учун шу сўз таклиф этилади. Шўро архив манбаларида бу давргача “повстанцы», «моджахеды» деган сўзлар ишлатилади.

1919 йил октябрида Фарғона муваққат ҳукумати тузилади. Ҳукумат раиси Мадаминбек, ҳарбий ишлар нозири полковник Монстров, адлия Нансбергга... топширилади.

1919 қишида Мадаминбек бирин-кетин енгила бошлайди. 1920 йил ўта совуқ келади. Совуқнинг зўридан тераклар ёрилиб кетган. Мадаминбекнинг қўшини таъминоти оғирлашади. Отларга ем-ҳашак топилмайди. Йигитларга уйларга рухсат берилади. Ана шундай вазиятда Шўро ҳукумати Мадаминбекка сулҳ таклиф этади. Вақтдан ютиш учун Мадаминбек сулҳга рози бўлади. Яна бир сабаб, баҳоргача етиб олиш, отлар учун ем-ҳашак бўладиган апрел-май ойларини кутиш керак эди. Мадаминбек ва бошқа қўрбошиларнинг асосий жанг услуби партизанлик уруши бўлган, табиийки, бунда отлар жуда муҳим ўрин тутган. Сабаби, Шўро қўшинлари жангларга асосан отлиқларни ташлаган, партизанлик урушларида душман таъқибидан қутулиш, ҳаракатларда тезкорликни таъминлашда отларга таянилган.

Мадаминбекнинг вақтдан ютишга ҳаракат қилаётганини Шўро қўмондонлиги ҳам билган.

1920 йил мартида Марғилонда Мадаминбек ва Шўро қўмондонлиги ўртасида сулҳ тузилади. Сулҳ матни эълон қилинган. Эътибор берилса, унда Мадаминбек “Мусулмон қўшинлари бош қўмондони” (Главнокомандующий мусульманской армии) дея эътироф этилади.
Бироқ водийнинг бошқа қўрбошилари Мадаминбекнинг бу ишини хоинлик деб ҳисоблайди. 1920 йил майида Мадаминбек ўлдирилади...
Мадаминбекнинг ўлимидан халқ ларзага келади. Унга шеърлар бағишланади:

Марғилоннинг бозорида[1]
Тиллақош равотлар қани?
Гўрўғлининг Ғиротидай
Беклар минган отлар қани?
Фарғонажон, Фарғонажон,
Ботирлар туққан онажон!

Мадаминбекнинг диёрида
Юраги ёнган зотлар қани?
Жаннатмакон дерлар сени,
Жаннатмаконлар қани?
Томлари томга туташган
Гул шоҳимардонлар қани?
Фарғонажон, Фарғонажон,
Ботирлар туққан онажон!

Ер чангитган, от ўйнатган,
Полвон ўғлонлар қани?
Нега маъюс, нега жимсан,
Сен онамсан, сен синглимсан,
Ким эдинг-у, энди кимсан,
Нодири давронлар қани?

Энди савол: Шу ишларни қилганларни “босмачи” дейиш мумкинми? Ўз халқини талаган, аёлларини зўрлаганига ким ишонади? Халқ ўз қаҳрамонларига шеърлар атармиди? Қаҳрамонларимиз ҳақида фикр юритишда эҳтиёт бўлишимиз, тарихий ҳақиқатларга асосланишимиз керак эмасми?

Шаҳидларимизни Аллоҳ раҳматига олсин!

[1] Мадаминбек ҳақида халқ ўртасида тўқилган “Фарғонажон” қўшиғи. Шеър матни, тарих фанлари доктори Қаҳрамон Ражабовнинг Ўзбек тили ва адабиёти журналининг 3/2005 сонида эълон қилинган “Миллий озодлик ғояларининг халқ оғзаки ижодида акс этиши” мақоласидан олинган.

Бахтиёр Абдуғофир

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Халифанинг ўғиллари ҳам олимлар хизматида бўлган...

628 09:02 01.12.2020

Жаннатий ўн саҳоба: Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу (33-қисм)

326 18:10 30.11.2020

Жаннатий ўн саҳоба: Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу (32-қисм)

422 21:05 29.11.2020

Жаннатий ўн саҳоба: Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу (31-қисм)

400 20:10 28.11.2020

Уйимга етиб боргач, уни кечирдим...

1298 13:00 28.11.2020

Жаннатий ўн саҳоба: Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу (30-қисм)

505 19:38 27.11.2020
« Орқага