«Қурол тўғрисида»ги Қонун Сенат томонидан маъқулланди

16:01 21.06.2019 1552

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида “Қурол тўғрисида”ги Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” канали маълум қилди.

Қонунга мувофиқ, қуроллар мақсади ҳамда асосий параметрлари ва тавсифларига кўра фуқаровий қурол, хизмат қуроли ва жанговар қурол турларига бўлинади.

Фуқаровий ва хизмат қуроллари Миллий гвардия органларининг уч ойлик рухсатномалари асосида олиниши мумкин.

ЎзА бу ҳақда шундай дейилган: 

Қурол турлари таснифларига тўхталиб ўтсак. Булар фуқаровий қурол, хизмат қуроли ҳамда жанговар қуролдан иборат. Фуқаровий қурол ов қуроли, спорт қуроли ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролига бўлинади.

Фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, мол-мулкни ҳимоя қилишга, табиатни, қимматбаҳо ва хавфли юкларни, махсус хат-хабарларни муҳофаза қилишга доир вазифаларни бажариш чоғида юридик шахсларнинг ходимлари, шунингдек, мансабдор шахслар томонидан шахсий хавфсизликни таъминлаш мақсадида фойдаланиш учун мўлжалланган қурол хизмат қуроли жумласига киради.

Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати ва бошқа тузилмалар томонидан қўлланиладиган, жанговар ҳаракатларни олиб бориш ҳамда хизмат вазифаларини бажариш учун мўлжалланган қурол жанговар қурол жумласига киради.

Қонунда қуролни ва унинг ўқ-дориларини олиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар рўйхати белгиланган. Махсус органлар ва ҳарбий тузилмалар, махсус хизмат вазифаларига эга бўлган, қурол ишлаб чиқариш ва уни реализация қилиш, овчилик ва отиш спорти соҳасидаги фаолият билан шуғулланадиган юридик шахслар, қуролни коллекция қилиш ёки кўргазмага қўйиш билан шуғулланадиган юридик ва жисмоний шахслар, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ана шу рўйхатга киради.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!