Қуръон илмлари

12:00 20.10.2017 959

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Улумул Қуръон фани истилоҳда: “Қуръони Каримга тааллуқли бўлган умумий баҳслардир. Унинг нозил бўлиши, тартиблаб жамланиши, ёзилиши, тафсири, мўъжизавийлиги, насх ва мансухлари ва ундан бошқа жиҳатларини ўз ичига олади”.

Улумул Қуръон илмидаги таснифотлар.

Бу илм жуда аҳамиятли бўлгани учун аввалда ҳам ҳозирда ҳам у ҳақида илмий изланишлар кўп бўлган. Кўпчилик тафсир уламолари ўзларининг тафсир китобларининг муқаддимасида улумул Қуръон ҳақида муҳим маълумотларни айтиб ўтганлар. Унда тафсир усуллари ва мўъжазлигига тааллуқли масалаларни ёритганлар. Мисол тариқасида имом Табарийнинг “Жомеъул Баён” китобининг муқаддимаси, имом Қуртубийнинг “Жомеъ лиаҳкомул Қуръон” тафсири муқаддимасини келтиришимиз мумкин.

Ундан ташқари уламолар улумул Қуръонга хос алоҳида китоблар ҳам тасниф қилишди. Уларнинг энг муҳимлари қуйидагилар:

1. “Фунунул афнан фи уъюнил улумул Қуръан”, имом Абу Фараж Абдураҳмон ибн Жавзий (597-ҳижрийда вафот этган).

2. “Ал Бурҳон фий улумил Қуръан”, имом Бадруддин Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Заркоший (794-ҳижрийда вафот этган).

3. “Ал Итқон фий улумил Қуръан”, имом Жалолиддин Абдураҳмон Суютий (911 ҳижрий йилда вафот этган). Бу китобни Заркошийнинг “Бурҳон”ига кўра ёзган ва унда кўп фойдали маълумотларни қўшимча қилган.

Бу соҳадаги замонамиз уламолари эса ҳозирги замон талабалари кўпроқ эҳтиёж сезадиган жиҳатларига эътибор қаратиб, қисқароқ китоблар тасниф қилмоқдалар. Бу эса исломий илм даргоҳларидаги мутахассисликка кўра, баъзилар шаръий жиҳатига, баъзилар луғавий жиҳатига ва баъзилар эътиқодий жиҳатига кўпроқ эътибор қаратгани учундир.

Замонамизда ёзилган китоблардан баъзилари қуйидагилар:

1. “Манааҳилул ирфон фий улумил Қуръан”. Муаллиф аллома Муҳаммад Абдулазийм Зарқоний. Бу китоб икки жилдли бўлиб, кенг қамровли ва услуби енгилдир.

2. "Ал Мадхал ила диросатил Қуръанил Карим”. Муаллиф аллома шайх Муҳаммад Муҳаммад Абу Шуҳба.

3. “Ал Баён фий улумил Қуръан”. Муаллиф шайх Абдулваҳҳоб Ғазлон.

4. “Мабааҳис фий улумил Қуръан”. Муаллиф устоз Субҳий Солиҳ.

5. “Мин равоъиул Қуръан”. Муаллиф шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий.

Қуръон илмлари борасидаги китоблар юқоридаги уламоларимиз ёритганлари каби ҳозирги ҳаётимиз эҳтиёжларига кўра, турли ботил эътиқодлар ва фитналарни ёритиб бермоғи, ёки бирор масалани батафсил айтмоғи лозим. Ҳозирги тараққий этаётган замонда Қуръоннинг илмий мўъжизаларини кўпроқ ёритиб, бу азиз китоб Аллоҳнинг доимий мўъжиза китоби эканига инсонлар қалбидаги иймонни зиёда қилишга ҳаракат қилинмоғи лозим.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай дейди: “(Аллоҳдан) қўрқадиган кишиларга эслатма бўлиши учун ерни ва юксак осмонларни яратган Зотдан нозил бўлгандир”.     

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!