Ислом

Қуръон қиссалари

949

Юсуф алайҳиссалом

(Давоми, боши бу ерда)

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Қани, ширинтойларим айтингчи, кеча қайси пайғамбарларнинг қиссаларини ўрганган эдик?

- Лут, Исмоил алайҳиссаломларнинг

- Яначи, яна кимни ўрганган эдик билағон ўғлим?

- Яна Исҳоқ алайҳиссалом...

- Баракалла, ўғлим жуда тўғри топдингиз. Зукко қизим, энди сиз менга айтингчи Самуд қишлоғи аҳолисини Аллоҳ таоло қандай жазолади?

- Зилзила юборди.

- Баракалла, зилзила юбориб уларни ер билан яксон қилди-я?! Лут алайҳиссаломнинг уйларига уч ҳушсурат йигитлар қиёфасида келганлар аслида ким экан?

- Улар фаришталар эди.

- Иккингиз ҳам тўғри айтдингиз, мени жуда хурсанд қилдингиз!

Бугун эса мен сизларга Юсуф алайҳиссалом ҳақидаги қиссани ҳикоя қилиб бераман! Ҳамма ўз жойига ўрнашиб, ўтириб олдими?

Иброҳим алайҳиссаломнинг ўғли Исҳоқ алайҳиссалом турмуш қурдилар ва ўғил фарзанд кўриб, унга Яъқуб деб исм қўйдилар. Яъқуб алайҳиссаломни Исроил деб ҳам аташар эди. Аллоҳ таоло у зотни пайғамбар қилиб, унга ўн иккита ўғил фарзанд берди, Бани Исроил миллати у зотнинг зурриётларидандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда уларни “Асбат” яъни “Яъқубнинг зурриётлари” деб ҳам зикр этган. Яъқуб алайҳиссалом ўғли Юсуф ва унинг укаси Бинёминни йўқотиб қўйгач, уларнинг фироғида қаттиқ хафа бўлиб йиғлайверганидан кўзлари ожиз бўлиб қолади.

Маълум вақт ўтгач Аллоҳ таоло Яъқуб алайҳиссаломнинг кўз нурини қайтарди. Йўқолган фарзандлари Юсуф ва унинг биродари Бинёминни ҳам қайтариб, унинг барча фарзандларини бир жойда жамлади. Улар ҳаммалари Мисрда эмин-еркинликда, хотиржамликда ҳаёт кечирардилар. Орадан бир канча вақт ўтгач Яъқуб алайҳиссалом ўлими яқинлашиб, касал бўлиб қолдилар. Шунда у зот барча фарзандларини бир жойга тўплаб, уларга Аллоҳга бўлган иймонларини маҳкам тутишга, яхши амаллар қилишга буюрдилар. Кўп ўтмай у зот вафот этдилар. Яъқуб алайҳиссаломни Фаластинда дафн этдилар.

Юсуф алайҳиссалом

Яъқуб алайҳиссалом ўғли Юсуфни бошқача яхши кўрар эдилар. Кунларнинг бирида Юсуф тушида ўн битта юлдуз ҳамда қуёш ва ойни ўзига, яъни Юсуфга, сажда қилаётганини кўрди. Ушбу тушини отасига айтиб берди. Отаси эса унга бу туши ҳақида зинҳор ака-укаларига айтмаслигини таъкидлади. Лекин Юсуф алайҳиссалом болалик қилиб кўрган тушини биродарларига ҳам айтиб қўйди. Дарҳақиқат, отанинг айтганлари тўғри бўлиб чиқди. Юсуфнинг бундай туш кўрганини эшитган ака-укалари унга ҳасад қилишиб, уни ўлдирмоқчи бўлдилар. Улар ўзларининг қабиҳ мақсадларини амалга ошириш учун қулай жой ахтара бошладилар. Ва ниҳоят, ўзлари яшайдиган маскандан узоқ бир сахродаги қудуққа Юсуфни улоқтиришга қарор қилдилар.

Бу мақсадларини амалга ошириш учун Юсуф алайҳиссаломнинг оталари Яъқуб алайҳиссаломнинг олдига бориб, ундан Юсуфни ўзлари билан ўтлоқ - яйловларда бирга ўйнатиб келиш учун ижозат олдилар. Улар укалари Юсуфни олиб йўлга тушдилар. Ака-укалар йўл юрдилар, йўл юрса ҳам мўл юриб ўзлари мўлжаллаган қудуқ олдига етиб келдилар.

Юсуф алайҳиссаломнинг кийимларини ечиб, ўзини қудуққа улоқтирдилар. Сўнг бир қўйни сўйдиларда унинг қонидан Юсуфнинг кийимларига суркадилар. Мақсадлари эса оталари Яъқуб алайҳиссаломга: “Юсуфни бўри еб кетди, мана унинг бўри тилка-пора қилган кийимлари”, деб ўзлари қонга белаган Юсуфнинг кийимларини кўрсатиш эди.

Ўзларининг бу бошлаган маккор ҳийлаларини ишончли қилиб охирига етказиш мақсадида Юсуф алайҳиссаломниг акалари оталари Яъқуб алайҳиссаломнинг ҳузурларига дод-вой солиб кириб келдилар. Яъқуб алайҳиссаломга ўзларининг олдиндан келишиб олган ёлғонлари яъни Юсуфни бўри еб кетгани, улар фақат унинг кийимларинигина олиб келишганини айтиб ёлғондан дод солишди. Лекин ота уларнинг бу гапларига ишонмади.

Бечора Юсуф алайҳиссалом бир қанча вақт қоронғи қудуқда қолиб кетдилар. У зотни Аллоҳ таоло Ўзи сақлади. Қудуқ олдидан бир карвон ўтиб қолди. Қудуқни кўрган карвондагилар тўхтаб, ундан сув олиш учун челакларини ташлаганларида қудуқда ўтирган Юсуф алайҳиссаломни кўриб қолиб, уни у ердан чиқариб олдилар. Лекин улар Юсуф алайҳиссаломни қул бозорида арзимас пулга сотиб юбордилар. 

Юсуф алайҳиссаломни қул бозорида Мисрнинг подшоҳи сотиб олиб, уни ўз қасрига олиб кетди. Хизматкорларига унга яхши қарашни буюриб, хотинига Юсуфни фарзанд қилиб олиш мақсадида олиб келганини айтди.

Шундай қилиб йиллар ўтди. Юсуф алайҳиссалом улғайиб, ҳушсурат, кўрган одамнинг ҳаваси келадиган бир йигит бўлдилар. Уни подшоҳнинг аёли ёқтириб қолиб, у билан ўз эрига хиёнат қилмоқчи бўлди. Лекин Юсуф алайҳиссалом унинг бу расво таклифини рад этиб, у билан турган хонадан чиқиб кетмоқчи бўлиб ўгрилдилар. Шунда подшоҳнинг хотини Зулайҳо уни тўхтатиб қолиш мақсадида Юсуф алайҳиссаломнинг кўйлакларининг орт қисмидан ушлаб, ўзига тортмоқчи бўлган эди кўйлакнинг бир парчасини йиртилиб олди. Шу пайт улар турган хонага подшоҳ кириб қолди. Маккор аёл Зулайҳо подшоҳ олдида ўзининг айбини Юсуф алайҳиссаломга тўнкамоқчи бўлиб: “Юсуф менга тегажоғлик қилмоқчи бўлди”, деб подшоҳга юзланди. Лекин Зулайҳонинг яқин кишиларидан бири подшоҳга Юсуфнинг айбдор эмаслигини, балки хиёнат қилмоқчи бўлган Зулайҳонинг ўзи эканининг хабарини берди.

Лекин бу вазиятдан хабардор бўлган сарой аъёнлари подшоҳга одамлар орасида Зулайҳо ва Юсуф ўртасида бўлиб ўтган воқеа ҳақидаги миш-мишлар унутилиб кетгунча Юсуфни ҳам зиндонбанд этиш кераклигини маслаҳат беришди.

Шундай қилиб, Юсуф алайҳиссаломни ҳам зиндонга ташладилар. Зиндонда Юсуф алайҳиссалом билан яна икки йигит ҳам бор эди. Кунлардан бир куни йигитлар Юсуф алайҳиссаломга ўзлари кўрган тушларини айтиб, ундан бу тушларини таъбир килиб беришини илтимос қилишди. У зот уларнинг тушини таъбир қилиб, улардан бири зиндондан озод этилишини, иккинчисини эса осиб ўлдиришларини айтдилар. Дарҳақиқат, Юсуф алайҳиссаломнинг таъбири тўғри чиқиб, у йигитларининг бири зиндондан озод бўлди, иккинчисини эса осиб ўлдиришди.

Кунларнинг бирида Миср подшоҳи ўз аъёнларига бир туш кўрганини, унда еттита семиз туя еттита ориқ туяни еяётгани ва яна етти ҳўл ва етти қуруқ бошоқ кўрганини айтиб, улардан бу тушни таъбир қилиб беришини сўради. Лекин аёнлардан ҳеч бири подшоҳнинг тушини табир қилиб бера олмади. Шунда бир пайтлар зиндонда Юсуф алайҳиссалом билан бирга бўлган ва у зот алайҳиссаломнинг таъбири тўғри чиқиб, у ердан озод бўлиб чиққан киши подшоҳга бу тушни таъбирини Юсуфдан сўраш кераклигини, фақат у таъбир қила олишини айтиб, ундан изн сўраб Юсуф алайҳиссаломнинг олдиларига зиндонга келди.

Юсуф алайҳиссалом эса бу тушни мамлакатда етти йил мўл-кўлчилик, тўқчилик бўлиши, сўнг етти йил очарчилик бўлишини англатишини айтиб таъбир қилдилар.

Юсуф алайҳиссаломдан ўз тушининг таъбирини эшитган подшоҳ уни беайб зиндонга ташлагани, аслида у айбдор эмаслиги, ҳақиқий айбдор Зулайҳо бўлганини эслаб Юсуфни зиндондан озод этиб, уни ўзига вазир этиб тайинлади.

Юсуф алайҳиссалом подшоҳнинг тушидан таъбир қилган очарчилик йиллари бошланди. Ўз қишлоқларида очликдан ноилож қолган Юсуф алайҳиссаломнинг акалари подшоҳдан ёрдам сўраб унинг вазири Юсуфнинг олдига келишди. Юсуф алайҳиссалом бир неча йиллар аввал уни қудуққа улоқтириб кетган акаларини бир кўришда танидилар. Аммо акалари уни аллақачон вафот этган деб ўйлашарди. У зот уларга озиқ-таом бериб, кейинги сафар кичик укаларини ҳам ўзлари билан бирга олиб келишларини буюрдилар. Яъқуб алайҳиссаломнинг ўғиллари унга хазинабоннинг буйруғини яъни агар кейинги сафар кичик укалари Бинёминни ҳам ўзлари билан бирга олиб борсалар, хазинабон уларга кўпроқ озиқ-овқат беришини етказдилар. Лекин Яъқуб алайҳиссалом аввалига Юсуфни йўқотиб келган, энди эса Бинёминга ижозат сўраётган ўғилларига ишонмай розилик бермадилар. Аммо очарчилик сабаб бечора ота бу сафар ҳам ўғилларига ижозат бериб, ноилож Бинёминни ҳам улар билан бирга Мисрга жўнатди.

Манзилга етиб келган ака-укалар Юсуф алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб, буюрганидек укалари Бинёминни олиб келганларини хабарини бердилар. Бинёмин Юсуф алайҳиссаломнинг туғишган укаси бўлиб, қолган акалари ўгай эдилар.

Шунинг учун, Юсуф алайҳиссалом укасини ўзи билан олиб қолиш мақсадида хизматкорларига келганларнинг барчасига сўраган озиқ-овқатларини беришни, фақат уларнинг ичида энг кичигининг қопига дон ўлчашда ишлатадиган идишчани унга билдирмай солиб қўйишларини буюрди. Ўзлари кутгандан ҳам ортиқ озиқ-овқатга эга бўлган Яъқуб алайҳиссаломнинг ўғиллари қишлоқларига равона бўлдилар. Лекин улар ҳали сарой дарвозасидан ўтмасларидан ортларидан соқчилар келиб, қопларини очиб текшира бошладилар. Бинёминнинг қопидан ўзлари Юсуф алайҳиссаломнинг буйруғи билан солиб қўйган қимматбахо идишчани топдилар. Сўнг Бинёминни ўзлари билан олиб кетдилар. Укаси Бинёминни соқчилар ўғриликда айблаб олиб кетганини кўрган Юсуф алайҳиссаломнинг акалари бўлган воқеани Яъқуб алайҳиссаломга етказдилар. Иккинчи ўғлини ҳам йўқотгани эшитиб йиғлайвериб Яъқуб алайҳиссаломнинг кўзлари кўрмай ожиз бўлиб қолди.

Йиллар ўтиб Яъқуб алайҳиссаломнинг ўғиллари Бинёминни олиб қолган вазир аслида ўша ўзлари ўлдириш мақсадида қудуққа ташлаб келишган укалари Юсуф эканидан хабар топиб, унинг ҳузурига бориб ундан кечирим сўрадилар. Юсуф алайҳиссалом уларни кечириб, устиларидаги чопонларини ечиб акаларига бериб, уни оталарининг юзларига қўйишларини сўради. Яъқуб алайҳиссаломнинг юзларига Юсуф алайҳиссаломнинг чопонлари теккач у зот кўра бошладилар. Сўнг ҳаммалари бирга Юсуф алайҳиссаломнинг олдиларига бордилар. У зот уларни кутиб олиб, оталарини ўз тахтларига ўтиргиздилар. Акалари эса Юсуф алайҳиссаломга қилган ёмонликларини эслаб, у зотдан яна бир бор кечирим сўраб, тиз чўкдилар. Юсуф алайҳиссалом уларни кўриб, ёшлигида кўрган тушини эсладилар. Шундай қилиб Юсуф алайҳиссалом умрларининг охиригача Мисрда яшаб қолдилар. Вафот этганларида сўнг у зотни Фаластинда дафн этдилар. 

 

Такрорлаш учун саволлар

1. Яъқуб алайҳиссаломнинг нечта ўғиллари бор эди?

2. Юсуф алайҳиссаломнинг тушини эшитган акалари уни нима килишди?

3. Юсуф алайҳиссаломни ким қул бозорида сотиб олди?

4. Юсуф алайҳиссаломнинг туш таъбирлари тўғри чиқдими?

5. Бинёмин кимнинг туғишган укаси эди?

6. Юсуф алайҳиссалом укаси Бинёминни ўзи билан олиб қолиш учун нима қилдилар?

7. Яъқуб алайҳиссалом нима учун кўр бўлиб қолдилар?

8. Юсуф алайҳиссалом акаларини кечирдиларми?

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Анжир ва зайтун бирга ейилса, жисмга қандай таъсир кўрсатади?

2606 20:07 10.08.2020

Даниялик исломофоб сиёсатчи Қуръонга ўт қўймоқчи

2370 11:50 08.08.2020

Қуръон ва Суннатда рибонинг тақиқланиши 

632 20:30 07.08.2020

Аёллар бошяланг Қуръон ўқиши мумкинми?

3181 13:30 01.08.2020

Бугун соат 21:00 да Қуръон ва дуо кечасини ўтказиб юборманг! 

733 20:27 30.07.2020

Мустажоб бўлмайдиган дуо....

1345 07:30 25.07.2020
« Орқага