Ислом

Қуръон ва суннатда олий ҳимматли бўлишга ундаш

515

Қуръони Карим ва ҳадиси шарифда мўминларни олий ҳимматли  ва яхши амалларда пешқадам бўлишга ундайди ва ҳимматини паст қилишдан қайтаради. Бу борада Қуръони Карим турли услубларни қўллаган. Улардан: ҳиммати паст кишиларни мазаммат қилиб, жирканч ҳолда тасвирлаб келтирган. Худди Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломнинг ўз қавмига айтган сўзларини ҳикоя қилиб келтирганидек: “Яхши нарсани паст нарсага алмаштиришни сўрайсизларми?”. (Бақара, 61). Ва яна: “Уларга: оятларимизни берганимизда, у оятлардан ўзини олиб қочган ва унинг ўзини шайтон эргаштириб кетиб, иғвога учганлардан бўлган шахснинг хабарини тиловат қилиб беринг! Агар ҳоҳласак, уни ўша(оят)лар билан кўтарар эдик. Лекин унинг ўзи ерга ёпишди ва ҳавойи нафсига эргашди.

Бас, унинг мисоли ҳудди бир итга ўхшар, уни ҳайдасанг ҳам, тилини осилтириб тураверади, тек қўйсанг ҳам, тилини осилтириб тураверади. Бу, бизнинг оятларимизни ёлғонга чиқарган қавмларнинг мисолидир. Бу қиссани ҳикоя қилиб беринг, шоядки, тафаккур қилсалар”. (Аъроф, 175-176). Аллоҳ таоло илмига амал қилмаган яҳудийларни сифатлаб шундай дейди: “Устларига Таврот юклатилган, сўнгра уни кўтармаган (амал қилмаган)лар мисоли устига китоб юкланган эшакка ўхшарлар. Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқарган қавмнинг мисоли қандоқ ҳам ёмон. Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас”. (Жума, 5). Яна бир оятда ўшаларга ўхшаганларни сифатлаб айтади: “Сизларга ўзларингиз ҳам, ота-боболарингиз ҳам билмаган нарсалар таълим берилган эди-ку?!”, яъни, билдиларинг аммо амал қилмадиларинг, бу эса ҳақиқий илм ҳисобланмайди. Аллоҳ таоло Яъқуб (алайҳиссалом)ни мақтаб шундай дейди: “Албатта, у Биз таълим берганимиз туфайли билим соҳиби эди”. (Юсуф, 68). Яъни билган илмига амал қилар эди.

Аллоҳ таоло ҳиммати пастлиги сабабли арзимас нарсаларни баҳона қилиб, жиҳоддан ортда қолган мунофиқларни мазаммат қилиб шундай дейди: “Улар хотин-халажлар билан бирга қолишга рози бўлдилар”. (Тавба, 87). Уларнинг ҳиммати пастлиги учун жиҳоддан қолганини баён қилиб айтади: “Агар улар (жиҳодга) чиқишни ҳоҳлаганларида, унга тайёргарлик кўрар эдилар. Лекин Аллоҳ уларнинг ҳаракатланишини ёқтирмай, ушлаб қолди. Уларга: “Ўтирувчилар (аёллар ва ожиз кишилар) билан ўтиринглар”-дейилди”. (Тавба, 46).

Аллоҳ таоло бу ҳаёти дунёни охиратдан афзал кўрганлар, ғам-ташвиши дунё ва шу дунё учунгина илм ўрганадиганларга нисбатан нафрат қўзғатган. Уларнинг бундай афзал кўришлиги ҳимматининг жуда пастлигидандир. Фақат ҳаёти дунёга суяниб, алданиб қолиш пасткашлик ва разилликдир, мўмин киши бундай сифатдан йироқ бўлмоғи керак. Аллоҳ таоло айтади: “Эй иймон келтирганлар! Сизга нима бўлдики, Аллоҳнинг йўлида қўзғалинг, дейилса, ерга ёпишиб олдингиз. Ёки охиратни қўйиб, дунё ҳаётига рози бўлдингизми? Охират олдида бу дунё ҳаёти жуда оз-ку?!” (Тавба, 38).

Аллоҳ таоло айтади: “Ким бу дунёнинг савобини (яъни, дунёдаги мол-давлат ва баланд мартабаларни) хоҳласа, билсинки, Аллоҳнинг ҳузурида ҳам бу дунёнинг, ҳам охиратнинг савоби бордир”. (Нисо, 134). Яъни, нега у паст нарсани хоҳлаяпти?! Иккаласини ёки ундан ҳам каттароғини сўрасин!. Бошқа оятда айтади: "Одамлардан баъзилари: “Роббимиз, бизга мана шу дунёда бергин”,дейди. Ҳолбуки, унинг учун охиратда ҳеч қандай насиба йўқ. Ва улардан баъзилари: “Эй Роббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато қилгин, охиратда ҳам яхшилик ато қилгин ва бизни дўзах азобидан асрагин”, дейдилар. Ана ўшаларга қилган касбларидан насиба бор. Ва Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилувчидир. (Бақара, 200-202).

Асадуллоҳ Холмуродов таржимаси

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Намангандаги ноёб Қуръон қўлёзмаси

1330 09:56 06.07.2020

Алҳамдулиллаҳки, сигирга сиғинмаймиз...

1248 19:30 05.07.2020

"Одамлар учун ҳисоб-китоб онлари яқинлашиб қолди..."

1390 17:30 05.07.2020

«Ҳамма кучни Қуръондан оламиз» 

1011 12:00 05.07.2020

Дуонинг ижобат, ҳожатнинг раво бўлиши

1125 07:00 03.07.2020

Уч пора Қуръон ёдлаган мелиса

6185 11:54 02.07.2020
« Орқага