Қуръон ёдлашнинг энг яхши йўли қандай?

22:00 08.11.2018 2388

Қуръон ёдлашнинг йўллари турлича бўлиб уларнинг баъзилари булардир:

1. Аллоҳ учун холис бўлиши, риё − хўжакўрсинга бўлиб қолишидан сақланиш. Чунки  қиёмат куни жаҳаннам биринчи бўлиб, «Қори»  дейилиши учун Қуръон ўқиган киши учун қиздирилади. Сизнинг Қуръон ўқишдан мақсадингиз Аллоҳдан бўладиган ажр-мукофот ва қуйидаги ҳадисларда зикр қилинган мартаба ва даражалар бўлсин!

Охиратда: «Ўқи ва юқори даражага кўтарил, дунёда тиловат қилганинг каби тиловат кил, сенинг манзилинг сен ўқиб бориб тўхтаган энг охирги оят олдидадир», дейилади. (Бу ҳадисни Термизий: 2914 ва Абу Довуд: 1464 -ҳадисда Аблуллох ибн Амр ибн ал Ос (розияллоху анҳумо)дан ривоят қилдилар).

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам): «Сизларнинг яхшироғингиз Қуръонни ўрганиб, уни ўргатган кишидир», дедилар. (Бу ҳадисни Бухорий 5027- хадисда Усмон (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилганлар).

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилиб, дедилар: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Одамлар орасида Аллоҳ таолонинг аҳли бордир, — дедилар». Ё Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайхи васаллам), улар кимлар? — деб сўрадилар: Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Улар Қуръон аҳли, Аллоҳнинг аҳли ва унинг хос кишиларидир»,  дея жавоб бердилар. (Ибн Можа саҳиҳ санад билан 215- ҳадисда ривоят қилдилар).

2. Замонавий янги жиҳозлар ва алоқа воситаларидан фойдаланиб тоқатингизга қараб, мумкин қадар қироатни тузатиш. Бироқ булар қироатни яхши биладиган устоздан беҳожат қилолмайди.

3. Ёдланган жойларни дафтарга белгилаб қўйиб, бир хафта, ўн кун ёки узоғи билан икки хафтага бўлиб, узуликсиз такрорлаб турасиз, токи бу эсда яхши сақланиб қолсин.

4. Белгиланган кунлик ўтган дарсларни такрорлаб бўлгандан сўнг янгисини ёдлашга киришинг. Агар такрорни яхши қилмаган бўлсангиз, янги ёдлашга киришманг. Бу сизга фойдали ва тез ёдлашингиз учун яхшидир.

5. Янги ёдлаганингиз мустаҳкам бўлиши учун шу куннинг ўзида кучингиз етганича такрор қилинг.

6. Янги ёдлаганингизни тўрт кун кетма-кет такрор қилинг, сўнг умумий такрорга қўшиб қўйинг.

7. Озроқ бўлса ҳам зерикиш ва малолланиш ҳосил бўлмайдиган миқдорда ёдланг. Гап узлуксиз давомли ёдлашдадир. Чунки йўлда тўхтамай юрган манзилга етади, отининг чопқирлигига суяниб дангасалик қилган одам манзилга ҳам етолмайди, отини ҳам ҳалок қилади.

8. Фақат бир хил Қуръондан ёдланг, уни бошка нусхага ўзгартирманг. Агар ёзуви катта-катта бўлса, ёдлаш хатодан холирок бўлади.

9. Янги ёдлаганингизни аввалгиси билан боғланг. Аввалги дарснинг охирги оятини янги ёдланган дарснинг бош ояти билан доимо боғлаб кетинг.

10. Агар араб тилини билсангиз, мухтасар тафсирлардан фойдаланинг, тушуниш билан ёдлаш тезлашади.

11. Ёдланган сураларни намозда ва холи вақтингизда ўқишни машқ қилинг.

12. Такрорлаш тўла суратда давом этиши учун ҳафтада бир кунни тайинлаш лозим. Бу кунда қайтара олмай қолган кунларингиздаги қарзларингизни адо қиласиз.

13. Ўзингизга муносиб вақтларни танлаб олинг, ақл жамланиб турганда ёдлаш ҳам осон, ҳам яхши бўлади.

14. Аллоҳга боғланишни ва сизга Қуръонни ёдлашни енгил қилиши ҳамда бу ишда сизга муваффақият беришини сўраб дуони кўпроқ қилинг.

15. Гуноҳлардан сақланинг. Хусусан, кўз ва қулоқ гуноҳларидан сақланинг.

Қуръон ёдлашнинг булардан бошқа йўллари ҳам бор, уларни зикр қилсак, гап чўзилиб кетади. Уларга кўпроқ изланиш ва ўзингиз каби ўртоқларингиздан сўрашлик билан эришасиз.

Аллоҳ сизга тавфиқ берсин ва сизу бизни Қуръон аҳлидан қилсин!

Манба: Quran.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!