Қуръони Карим маънолари таржимаси ва тафсири лотин алифбосида чоп этилди

20:30 30.10.2018 521

Ҳозирги кунда ислом дини асосларини, айникса, Қуръони каримни илмий ўрганиш дунё микёсида шу даражада оммалашиб кетдики, бу мавзуда чиқаётган адабиётларни энг умумий тарзда ҳам қамраб олиш имконидан ташқаридир.

2018 йилда Абдулазиз Мансур ҳазратлари томонидан имом Аъзам мазҳаби доирасида изоҳланган, янги мукаммал таржиманинг лотин алифбосидаги шакли ҳам нашрдан чиқди.

Ушбу нашрнинг ўзига хос хусусиятлари асосан қуйидагилар экани таъкидлаб ўтилган:

1. У ҳанафий мазҳабига мансуб машҳур муфассирларнинг тафсир китобларига асосланган ҳолда тайёрланди. Бошқа мазҳабларга доир тафсирлардан ҳам керакли жойларда фойдаланилди. Фиқҳий масалалар бўйича тўрт мазҳаб ўртасидаги фарқлар имкон қадар қайд этиб борилди.
2. Оятларнинг таржимасида арабча матн маъноси имкони борича сўзма сўз ифода этилди. Қўшимча ёрдамчи сўз ва изоҳлар қавс ичида берилди.
3. Тафсир китоблар ва бошқа манбааларнинг номлари иқтибослардан кейин қисқартма шаклда рамзий ҳарфлар билан берилди.
4. Мутахассисларнинг фойдаланишига қулайлик яратиш мақсадида таржима ва тафсирлар Қуръони каримнинг арабча матни билан бир саҳифада ёнма ён берилди.
5. Амалда бўлиб келган ёзув қоидаларига риоя қилинди.

Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида нашр этилган Қуръони карим маънолари таржимаси ва тафсири китобида 1990 йиллардан бошлаб, асосан, диний адабиётларда ўзгара бошлаган ўзбек ёзуви имлолари қайта тикланди. Масалан, Исо, имон, раб, расул, саҳиҳ, Арафот, салавот каби арабчадан ўтиб қолган сўзларни базилар араб талаффузига мосламоқчи бўлиб, кейинги пайтда Ийсо, иймон, робб, росул, саҳийҳ, Арофат, солават шаклида ёза бошлаган эдилар. Ушбу нашрни тайёрлашда китобхонлар томонидан тақдим этилган фикр ва мулоҳазалар ҳам эътиборга олинган.

Маълумот учун, изоҳли таржима дастлаб 2001, 2004, 2017 йиллари кирил алифбосида қайта чоп этилган.

Мазкур нашр бугунги кунда нафақат исломшунослик йўналишида таҳсил олаётган талаблар учун, балки ижтимоий-гуманитар соҳаларда изланишлар олиб бораётган тадқиқотчиларга ҳам қўлланма бўлиб хизмат қилмоқда.

Манба: ЎМИ расмий сайти

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!