Қуръони карим сабр ҳақида

11:00 26.08.2018 1060

Қуръони каримда сабр 70 дан ортиқ ўринда зикр этилади. Сабрнинг ғояси кутилмаган вазиятлар, машаққату балолар қаршисида ўзини йўқотмай, сабот кўрсатишдир. Зеро, одамлар бир умр қийинчиликларга дуч келади, касал бўлади, сел, зилзила, ёнғин каби фалокатларга юзма-юз келади. Буларнинг ҳаммасида энг катта суянчиқ сабр ва мукофоти ҳам шунга яраша ҳисобсиз: “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад)!” (Бақара, 155); “Мол-мулкларингиз ва жонларингиз (офати ва мусибати) ила синалурсизлар. Шунингдек, сизлардан олдин Китоб берилганлар ва мушриклардан кўп азиятли (аччиқ) гапларни эшитасизлар. Агар сабр қилсаларингиз ва тақволи бўлсаларингиз, албатта, бу ишларнинг пухталигидандир” (Оли Имрон, 186); “Дарҳақиқат, ким Аллоҳдан қўрқиб, сабр қилса, албатта, Аллоҳ эзгу иш қилувчиларнинг мукофотини зое этмагай” (Юсуф, 90).

Сабр қилиш зулмга, ноҳақликларга, тажовузларга рози бўлиш, ор-номуснинг оёқости қилинишига индамасдан қараб туриш дегани эмас. Кучи ва иродаси етгани ҳолда ёмонликларга чидаш, ишлашга қодир бўлатуриб ўзи, аҳли аёли эҳтиёжларини таъминламай ўтиравериш сабр эмас, ожизлик ва танбаллик ҳисобланади. Пайғамбар (алайҳиссалом): “Ё Аллоҳ! Ожизлик ва  танбалликдан паноҳ сўрайман”, деб дуо қилганлар.

Банданинг ўзи сабрли бўлиш билан бирга бошқаларни ҳам сабрга чақириши Қуръони каримнинг таълимотидир. Зеро, мўминлар сабр ила камолга етиб, абадий нажотга эришадилар: “(Ҳар бир) инсон зиёнда (бахтсизликда)дир! Фақат имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган, бир-бирларига ҳақиқатпарвар бўлишни тавсия этган ва бир-бирларига сабрли бўлишни тавсия этган зотларгина бундан мустаснодирлар” (Аср, 2–3); “Сабр қилинг! Бас, албатта, Аллоҳ эзгу иш қилувчилар мукофотини зое қилмагай” (Ҳуд, 115).

Ҳар иш Аллоҳдан эканини билган имон эгаси яна У Зотнинг паноҳига сиғинади, Аллоҳдан ёрдам сўраб сабр қилади. Бинобарин, бандасининг бу иши учун энг яхши ҳукмни Аллоҳ таолонинг Ўзи беради: “Унга фақат сабрли зотларгина эришурлар, унга фақат улуғ насиба эгасигина эришур” (Фуссилат, 35); “(Аллоҳ йўлида турли машаққатларга) сабр қилиб ўтганларингиз сабабли (энди бу ерда) сизларга тинчлик бўлгай. Дунё оқибати (жаннат) нақадар яхши!” (Раъд, 24); “Мен бугун уларни сабр қилганлари сабабли мукофотладим – улар ҳақиқатан ютуққа эришувчидирлар” (Мўминун, 111).

Сабр – Аллоҳ таоло лутф этган энг буюк неъматлардан. Қуръони каримда исмлари зикр этилган барча пайғамбарларнинг хос хислатларидан бири ҳам сабрли эканларидир. Улар мусибатларга, азиятларга, имонсизлар қилган ҳар қандай душманликларга бардош берганлар: “Қайси бир пайғамбар (ўтган бўлса), у билан бирга кўп жамоалар жанг қилганлар. (Лекин) Аллоҳ йўлида уларга етган нарсалар сабабли сустлик, заифлик қилмаганлар, (ёвга) таслим ҳам бўлмаганлар. Аллоҳ (эса) сабрлиларни севар” (Оли Имрон, 146); “Сиздан олдинги пайғамбарлар ҳам ёлғончига чиқарилганлар. То уларга Бизнинг ёрдамимиз келгунга қадар ёлғончига чиқарилганларига ва берилган азиятларга сабр қилдилар” (Анъом, 34).

Умр бўйи турли оғирликларга дуч келишимиз беҳикмат эмас. Ҳар бир оғирлик билан енгиллик бўлганидек, машаққатларга бардош бериш ортида дунё, ва хусусан, охират яхшиликлари мавжуд. Қуръони карим бизга шуни уқтиради: “Ёки сизларнинг ичингиздан (Унинг тоати йўлида) жидду жаҳд қилганлар ва (қийинчиликларга) сабр қилувчиларни Аллоҳ билмай (синамай) туриб жаннатга кираверамиз, деб ўйладингизми?” (Оли Имрон, 142); “Айнан ўшалар сабр қилганлари сабабли (жаннатдаги) юксак даражалар билан мукофотланурлар ва у жойда (фаришталар томонидан) салом ва омонлик билан қарши олинурлар” (Фурқон, 75).

Манба: Irfon.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!