Ислом

Қуръони Каримда зикр қилинган масжидлар

450

Аллоҳ таоло масжидларни Ўзига энг маҳбуб макон қилган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шаҳарларнинг Аллоҳга энг маҳбуб жойи – масжидларидир. Шаҳарларнинг Аллоҳга ёқимсиз жойи бозорларидир” деганлар. (Муслим ривояти)

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган, намозни тўкис адо этган, закотни (ҳақдорларга) ато этган ва ёлғиз Аллоҳдангина қўрқадиган зотларгина обод қилурлар. Ана ўшалар ҳидоят топгувчилардан бўлсалар, ажабмас” (Тавба, 18).

Қуръони Каримда зикри келган Маккадаги масжид
Ер юзида одамлар Аллоҳга ибодат қилишлари учун бунёд этилган илк масжид бу Макка шаҳридаги Масжидул Ҳаромдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб дейди: “Ҳақиқатан Баккадаги биринчи Уй одамларга баракот ва бутун жаҳон аҳлига ҳидоят уйидир.” (Оли Имрон, 96).

Қуръони каримда зикри келган Мадинадаги масжидлар
Мадинаи Мунаввара (Ясриб) – Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғилган шаҳар. Унда Оламлар сарвари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак равзаи шарифлари бор. Мадина Саудия Арабистони ҳудудидаги шаҳар. У Маккадан 430 чақирим шимолда.
Масжидун Набавий фазилати:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шаҳарларни ейдиган (енгадиган) шаҳарда туришга амр қилиндим. Уни Ясриб дейдилар. У Мадинадир. У (ёмон) одамларни ҳудди босқон темирнинг кирини сургун қилганидек, сургун қилади”, дедилар”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менинг ушбу масжидимдаги намоз ундан бошқалардаги мингта намоздан афзалдир. Фақат Масжидул Ҳаром бундан мустасно”, дедилар.

Қубо масжиди
Қубо масжиди Ислом тарихида тақво асосига қурилган илк масжид бўлиб, Аллоҳ азза ва жалла бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат қилади. “Биринчи кундан тақвога асосланган масжид эса, унда туришингизга лойиқроқдир. Унда покланишни хуш кўрадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севар» (Тавба, 108).
Ушбу оятлар бу масжиднинг улуғлиги, хайру-барокати ва бошқа масжидларга қараганда афзал эканини англатади. Ояти каримадаги “тақво асосига қурилган масжид” ҳақида турлича фикрлар бор. Кўпчилик бу Қубо масжиди ҳақида нозил бўлган, деб ҳисоблайди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ушбу оят Қубо масжиди ҳақида нозил бўлган. Улар сув билан истинжо қилар эдилар, шунда ўшалар ҳақида нозил бўлган”, деганлар. Термизий ва Баззор ривояти.

Зирор масжиди
Аллоҳ азза ва жалла бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: « Зиён, куфр, мўминлар орасига тафриқа солиш ва бундан олдин Аллоҳга ва Унинг Расулига уруш очган кимсани кутиш жойи бўлиши учун масжид қурганлар, албатта, биз яхшиликдан бошқа нарсани ирода қилганимиз йўқ, деб қасам ичарлар. Аллоҳ шоҳидлик берадики, улар, албатта, ёлғончилардир.» (Тавба, 107).
Бу Мадинада мунофиқлар тарафидан қурилган масжид эди. Мусулмонларга зарар келтириш учун қурилган бўлгани учун бу масжид Қуръони каримда Масжидул Зирор (зиён) дея номланган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам фитна ўчоғи мавжуд бўлмаслиги учун уни бузишга амр қилганлар.

Масжидул Ақсо
Қуддуси Шарифнинг эски шаҳар томонида жойлашган Масжидул Ақсо Маккаи Мукаррамадаги Масжидул Ҳаром, Мадинаи Мунавварадаги Масжиди Набавийдан сўнгги учинчи муқаддас макон ҳисобланади.
Бунинг бир неча сабаблари бор. Биз уларнинг энг эътиборлисини айтиш билан чекланамиз:
Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг Исро ва Меърож кечаси. “Ўз бандасини кечаси Масжидул Ҳаромдан атрофини баракали қилганимиз Масжидул Ақсога мўъжизаларимизни кўрсатиш учун сайр қилдирган Зот пок бўлди. Албатта, У эшитгувчи ва кўргувчи Зотдир” 
(Исро, 1)

Ботир НОСИРОВ
Ховос тумани “Ҳуснобод” жоме масжиди имом-хатиби

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Қуръонда номи зикр этилган қавмлар

788 11:35 24.09.2020

Швециялик имом мусулмонларни провокацияларга берилмасликка чақирди

1021 16:27 13.09.2020

Қуръонда "Эр ва хотин бир бирларига мос бўлади", дейилганми?

1693 17:30 11.09.2020

Христиан дунёсининг Қуръоннинг таржималарига қаратилган миссионерлик хуружлари

1414 12:30 11.09.2020

Синдирилган эшик ёхуд пайғамбаримизнинг тасдиқланаётган башоратлари...

2944 10:10 08.09.2020
« Орқага