Қуръони Каримга амал қилишнинг аҳамияти

09:00 14.02.2019 617

“Биз сизга нозил қилган Китоб барокатлидир. Ақл эгалари унинг оятларини тадаббур қилишлари ва эслашлари учундир” (“Сод” сураси, 29-оят).

Қуръоннинг нозил бўлишидан мақсад нафақат уни ўқиб қўя қолиш, балки уни ўқиш, тадаббур қилиш, ундан эслатма олиш, ҳамда унга амал ҳам қилишдир.

Бунга бир зарбул-масал келтирамиз: Бир пошдоҳ қўл остидаги амирларидан бирига қаср қуришни буюриб, унга фармойиш юборибди. Фармойиш амирнинг қўлига етиб келгач, амир мазкур фармойишни ҳар куни қўлига олиб, қайта-қайта ўқир эди. Аммо буюрилган қасрни қурмас эди. Подшоҳ вақти келиб, ўша амирнинг ҳудудига келганда, қасрнинг ҳали ҳам қурилмаганини кўрса, мазкур амир жазога лойиқ бўладими? Худди шунингдек Қуръони карим ҳам бизга Аллоҳ таолонинг фармойишидир. Аллоҳ таоло унда бандаларига намоз, рўза каби амаллардан иборат бўлган диннинг арконларини бино қилишни буюрган. Қуръоннинг кўрсатмаларига амал қилмай, уни фақат тиловат қилиб қўя қолишнинг ўзи билан унинг нозил бўлишидан кўзланган асосий мақсад ҳосил бўлмайди.

Аллоҳим! Бизларни Қуръон ўқийдиган, уни тадаббур қиладиган ва унга амал қиладиган бандаларингдан қилгин!

"Ҳикматлар чашмаси"дан
Қудратуллоҳ СИДИҚМЕТОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!