Қуръони каримга тегишли ҳукмлар

18:30 13.03.2018 1170

Савол: Қабристонда Қуръон ўқиш жоизми?
Жавоб:
Имом Абу Ҳанифа наздларида макруҳдир. Имом Муҳаммадга кўра макруҳмас. Фатво шунгадир. "Сирожийя"да шундай келган.

Савол: Қуръон ўқиган яхшими ёки эшитган?
Жавоб:
Маъноларини тафаккур қилиш борлиги учун, эшитиш ўқиганга қараганда савоблироқдир. "Ашбоҳ ва Назоир"да шундай дейилган. "Раддул-муҳторда келади: "Қуръон эшитиш фарзи кифоядир. Агар қори ёлғиз ўқиб турган бўлса, олдидан ўтаётганлар эшитишлари вожибдир. Агар қорилар кўпчилик бўлиб ўқишаётган бўлсалар, эшитиш қийин бўлгани учун, вожибмас". 

Қуръон ўқувчи иш билан машғул кишилар олдида қироат қилмаслиги керак. Агар ўқиса гуноҳкор бўлади. Агар машғул кишилар ишларини Қуръон қироатидан олдин бошлашган бўлса, узрлидирлар, яъни гуноҳкор бўлишмайди. Агар киши фиқҳ билан машғул бўлса ёки мутолаа қилиб турган бўлса, шу сабабдан Қуръон қироатини эшитмаётган бўлса, гуноҳ қорига бўлади. Булар "Хизонатур ривоёт"да мазкурдир. *

Савол: Қуръонни зийнатлаш мумкинми?
Жавоб:
Ҳа. Чунки бунда Қуръонни эҳтиромлаш бор. "Ҳидоя"да шундай дейилган.

Савол: Қуръонни ўпиш жоиз амалми? 
Жавоб
: Ҳа. "Хизонатур ривоёт"да айтилишича, Усмон розияллоҳу анҳу ҳар тонг Қуръонни олиб ўпардилар ва уни юзларига сийпардилар. Бундай қилишлари Умар розияллоҳу анҳудан ҳам ривоят қилинган.

Имом Абдулҳай Лакнавийнинг "Нафъул-муфтий вас соил" китобларидан.

* Мазкур ҳукмлар ҳозирда масжидларимизда намоздан кейин қилинадиган, шунингдек машина ва бошқа жойларда қўйиб қўйиладиган Қуръон тиловатларига ҳам тегишли. Огоҳ бўлайлик!

Мубашшир АҲМАД

Фейсбук саҳифасидан олинди.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!