Илм

Қуръони каримни араб ҳарфлардан бошқа алифбода ёзиш мумкинми? (5-мақола)

426

Маълумки, ҳар бир ҳарф алоҳида товуш ифодалагани каби ҳар бир товуш алоҳида маъно учун хизмат қилади. Бинобарин, биргина ҳарфнинг хато ёзилиши билан маъно тамоман ўзгариб кетиши, ҳатто, аксинча бўлиб кетиши ҳам мумкин. Мазкур китобда бу маънода жуда ҳам кўплаб далиллар топиш мумкинки, уларни нақл қилгани ҳам қўрқасан киши. Шундай бўлса-да, муҳтарам ўқувчилар мавжуд хатарни ҳис қилишлари учун бир-иккита мисол келтиришни жоиз деб топдик.

Қасос сурасининг 76- ва 77-оятлари қуйидаги калималар билан якунланади:

Уларнинг маъно таржималари қуйидагича: «Албатта, Аллоҳ ховлиққанларни севмас», «Албатта, Аллоҳ бузғинчиларни севмас».

Аммо бу калималар мазкур китобда қуйидагича ифодаланган: «‘инналлоҳа ла йуҳиббу-л-фариҳин», «‘инналлоҳа ла йуҳубби-л-мусиди:н». Бу ерда улардаги барча хатоларни эмас, балки фақатгина биз айтмоқчи бўлганларини эътиборга олган ҳолда (чунки ушбу икки жумлада 4 та истилоҳий хато, 3 та имловий хато бор: 2 та ҳарф алмашган, 1 та ҳарф тушиб қолган) уларни олдинда ўргатилган истилоҳга кўра ўқилганда  маънолари қуйидагича бўлади: «Албатта, Аллоҳ ховлиққанларни севади», Албатта, Аллоҳ бузғинчиларни севади».
Яна бир мисол. Кафирун сурасининг маъно таржимаси асли қуйидагича:

1. Айт: «Эй, кофирлар...

2. Мен сиз ибодат қилган нарсаларга ибодат қилувчимасман.

3. Ва сизлар ҳам мен ибодат қиладиган нарсага ибодат қилувчимассиз.

4. Ва мен сиз ибодат қилган нарсага ибодат қилмасман.

5. Ва сиз ҳам мен ибодат қиладиган нарсага ибодат қилмассиз.

6. Сизга ўз динингиз, Менга ўз диним.

Энди уни мазкур китобдаги матнга кўра таржима қилсак, тамоман тескари маъно келиб чиқади:  

1. Айт: «Эй, кофирлар...

2. Мен сиз ибодат қилган нарсаларга, албатта, ибодат қилувчиман.

3. Ва сизлар ҳам мен ибодат қиладиган нарсага, албатта, ибодат қилувчисиз.

4. Ва мен сиз ибодат қилган нарсага, албатта, ибодат қилурман.

5. Ва сиз ҳам мен ибодат қиладиган нарсага, албатта, ибодат қилурсиз.

6. Сизга ўз динингиз, Менга ўз диним.

Аллоҳ асрасин, бу жуда ҳам даҳшатли бир ҳолат. Аллоҳ таолодан гуноҳларимизни кечиришини сўраймиз.

Хўш, Қуръони каримни шунчалар бузиб, ўзгартириш кимга керак бўлиб қолди? Муқаддас динимизнинг асоси бўлган Қуръони Каримга нисбатан бунчалар беодоблик, масъулиятсизлик бўлишига қайси виждон йўл қўяди? Қайси иймонли киши асрлар оша мусулмонлар жонлари ва моллари билан сақлаб келаётган Аллоҳнинг Китобига бу хил муносабатда бўлишга журъат қилади? Қандай қилиб аждодларимиз етмиш йил мустабид динсиз тузум ҳукми остида ҳам бирор ҳарфини ўзгартирмай бизга соф ҳолда етказган Қуръонимизни Ватанимиз мустақил бўлгандан кейин бемалол бузиб ўзгартирилишига индамай қараб туриб бўлади? Қандоқ қилиб оддий бир шоир ёки ёзувчининг асарини ўзгартириш жиноят бўлади-­ю, Муқаддас Китобимизни ўзгартириш мумкин иш бўлади? Нима учун ҳамма ҳам диндан гапиришга ўзини ҳақли билаверади? Нима сабабдан диннинг асоси бўлган Қуръони карим  ҳеч қандай кўриксиз, рухсатсиз чоп қилинаверади? Ахир, ҳар қандай динга доир китоб Вазирлар Маҳкамаси Қошидаги Диний қўмитанинг рухсати билан нашр қилиниши лозим­-ку?! Ҳолбуки, Қуръони каримни араб алифбосида махсус расмга мувофиқ ёзилганда ҳам, уни махсус кўрикдан ўтказиб, бир нечта уламолар ҳайъатининг рухсати билан чоп этиш лозимлиги ва бу нарса бутун дунёда аллақачон йўлга қўйилганлиги ҳаммага маълум.

Исломнинг асоси бўлган Қуръони каримни бу шаклда ўзгартирилгани сабабли агар бошқа мусулмонлар бирор гап айтсалар, унга ким жавоб беради? Қуръон калималарини ўзгартириш натижасида ғаразгўй кишилар уни ўз мақсадлари йўлида ишлатиб, турли фирқа ва фитналар келиб чиқса, бунинг масъулиятини ким бўйнига олади? Бу ишга қўл урганлар агар бу дунёда жавобгар бўлмасалар ҳам, охиратда, шубҳасиз, Алллоҳнинг ҳузурида жавоб беришлари муқаррардир.

Китобдаги мазкур манзарани кўргач, унга китобнинг аввалида «Қуръон табдили» деб ном берилгани ёдимга тушди. Муаллиф ўзининг бу ишини жуда ҳам тўғри номлаган. Чунки «табдил» арабча сўз бўлиб, Қуръонга нисбатан ишлатилганда одатда «Қуръонни ўзгартириш, унинг калима ё ҳарфларини алмаштириш» маъноларида  ишлатилади. Эҳтимол, бу ҳам Аллоҳдан бўлгандир. Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин.

Қуръони каримни омма халқимиз қўлига етказмоқчи бўлган кишилар уни динимиз кўрсатмалари асосида нашр қилишлари лозиму лобуддир.

Шу ўринда айрим кишилар: «Қуръони карим бутун инсониятга юборилган бўлса, барча халқлар унинг таълимотларидан баҳраманд бўлишлари учун уни ўз алифболарида ёзиб ўргансалар, уларнинг Қуръон ўрганишдаги олдиларида турган катта бир тўсиқ олиб ташланган бўларди», дейишлари ҳам мумкин.

Шунингдек, баъзилар ҳарф бу талаффузни ёзувда ифодаловчи шакл, унинг қайси суратда бўлишининг жиддий аҳамияти йўқ, деб ўйлашлари ҳам эҳтимолдан холи эмас. Қуръони каримни бошқа алифбода ёзиш фикрини олға сураётган кишилар кўпинча шунга ўхшаш сўзларни ўзларига далил қилиб олишлари ҳам сир эмас.

Аслида айни шу каби ҳолатлар ва муаммолар саодат замонасида ҳам бўлган. Шунга қарамай, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Қуръонни ҳар ким ўзи билган ҳарфда ёзишини жорий қилмаганлар. У Зотнинг тутган йўллари ва Аллоҳ таолонинг уни қарор топтириши юқоридагига ўхшаш оқловларни тамоман бекорга чиқариши турган гап. Шундай бўлса-да, ўқувчининг қалби таскин топиши учун унга қуйидаги жавобларни ҳам илова қилиш мумкин:

1.Расулуллоҳ ва у Зотнинг саҳобалари Исломнинг бутун башарият дини эканини, ораларида ўша вақтдаёқ ажамлар ҳам борлигини яхши билган ҳолларида Қуръони каримни фақатгина араб алифбосида ёзганлар, бирорта оятни ҳам бошқа ҳарфда ёзмаганлар. Ҳолбуки, Исломни ер юзига асосан улар ёйганлар. Барча мусулмонлар Қуръонни улардан араб ҳарфлари асосида ўрганганлар. Зеро, улар Қуръони каримни араб ҳарфлари воситасида ўрганиш ва имкон қадар тажвидга мувофиқ ўқиш фарзи айн эканини яхши билганлар. Қуръони каримнинг муҳофазаси учун бундан ишончли ва қулай восита бўлмаслигини тўғри англаганлар. Бинобарин, ҳар бир мусулмон киши ҳеч бўлмаганда маълум сураларни ана шундоқ ўқий олиши лозим. Қуръони каримнинг таълимотларини ўзлаштириш учун эса маъноларининг таржимасини ўрганиш билан ҳам мақсад ҳосил бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам уламолар Қуръони карим маъноларини барча тилларга таржима қилишга рухсат берганлар.

2. Ҳарфларнинг аҳамиятига келсак, маълумки, Қуръони каримнинг лафзлари махсус кайфиятда, маълум суратда ўқилиши лозим. Қуръон ёзиладиган ҳарф унинг ушбу хусусиятига ҳам жавоб бера олиши керак. Аслида бирор тилни ўша тилнинг муомаладаги ҳарфларидан бошқа ҳарфлар билан тўғри ва тўлиқ ифодалашнинг иложи йўқ, жумладан, араб тилини ҳам. Бордию маълум шартли белгилар билан уни ифодалаш мумкин, деб фараз қилинганда ҳам, ўша истилоҳларни ўрганиш араб ҳарфларини ўрганишдан қийин бўлса бўладики, осон бўлмайди. Қолаверса, бу ишнинг қулайлиги ва фойдаси бўлган тақдирда ҳам, зарари ва хатари ундан кўплиги аниқ. Шариатимизда эса «Ёмонликни қайтариш яхшиликни жалб қилишдан муқаддам туради». Шу боис, Қуръони каримни Ислом уммати асрлар оша ижмоъ билан сақлаб келаётган хатда ёзиш ҳар томонлама энг тўғри йўлдир. Қуръон таълимини оммавийлаштирмоқчи бўлган кишилар унинг ёзувини ўзгартиришнинг ўрнига Қуръон ҳарфларини ўргатадиган замонавий, қулай қўлланмаларни тузиш, ўқув курслари ташкил қилиш каби воситаларни ишга солишлари лозим.

Замонамизнинг жонкуяр олимларидан Франциядаги «Исломий тарбия» уюшмасининг аъзоси доктор Солиҳ Али Авд жаноблари ушбу мавзуни кўтариб, «Қуръони Каримни араб ҳарфларидан бошқа алифбода ёзиш мумкинми?» деган савол билан дунёдаги кўплаб илмий ташкилотлар ва уламолар ҳайъатларига мурожаат қилган. Улардан келган йигирмадан ортиқ нуфузли ташкилот ва ҳайъатларнинг жавобларини тўплаб, қисқартирган ҳолада «Қуръони Каримни лотин  ёки бошқа алифбода ёзишнинг ҳаромлиги» деб номланган рисоласида келтирган. Муаллиф улар ҳақида хулоса қилар экан: «Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, уларнинг барчаси бир сўзни – Қуръонни араб алифбосидан бошқа алифбода ёзиш қатъий ҳаром эканини, айтганлар», дейди. Биз қуйида улардан айримларини қисқартирган ҳолда эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Саудия Арабистони Мамлакатидаги йирик уламолар ҳайъатининг қарори

«Мажлис аъзолари мавзуни чуқур ўрганиб, бу борада олиб борилган музокара ва муҳоқамалардан сўнг Қуръони Каримни лотин ёки бошқа алифбода ёзиш ҳаром эканига бир овоздан қарор қилдилар». 1399 ҳ. Шаввол.
Миср Араб Республикаси Ал-азҳар унверситети фатво қўмитаси қарори

Ал-азҳар университети фатво қўмитаси Қуръонни лотин алифбосида ёзиш ҳақидаги саволга қуйидагича жавоб беради: «Аллоҳ таолога ҳамду сано, Расулига салоту саломдан сўнг: Шубҳасиз ҳозирги лотин алифбосида бир нечта араб ҳарфларининг муқобили йўқ. Шу боис у араб алибоси ифода этган нарсаларни тўла ифода эта олмайди. Агар Қуръоннинг арабча лафзи, саволдан тушунилганидек, лотин ҳарфларида ёзилгудек бўлса, унинг лафзида халал ва ўзгартириш рўй беради. Бунинг кетидан маънонинг ўзгариши ва бузилиши келиб чиқади. Батаҳқиқ, шариат насслари «Қуръони Карим унда ўзгартириш ва алмаштиришга олиб борадиган ҳар қандай нарсалардан сақланиши лозим» деб ҳукм қилган. Ислом уламоларининг аввалгилари ҳам, кейингилари ҳам Қуръоннинг лафзларини ўзгартиришга ёки маъноларини бузишга олиб борадиган ҳар қандай тасарруф қатъиян ман қилинган ва узил-кесил ҳаром қилинган нарса эканига ижмоъ қилганлар. Зотан саҳобалар – уларга Аллоҳнинг розилиги бўлсин – ва бугунги кунгача ўтган улардан кейинги уламолар Қуръонни араб алифбосида ёзишга қатъий риоя қилганлар». «Ал-азҳар мажалласи», 7- жилд, 45- саҳифа.

Сурия Араб Республикаси Олий табақали қорилар ва шайхлар ҳузуридаги Дамашқ Қуръон ўқитиш уюшмаси:

Уюшма мавзуни яхши ўрганиб кўриб чиққач, бир овоздан қуйидагича қарор қилди: Албатта, Қуръони азимни лотин алифбосида ёзиш жуда ҳам хатарли иш бўлиб, мутлақо ножоиздир. Чунки араб ҳарфларининг аксари лотин алфбосида йўқдир. Бу – Қуръонни бузиш ва уни нозил қилинган арабча ҳайъатидан ўзгартиришдир. Бу ўринда Исломга кирган ва кираётган араб бўлмаган кишиларни сабаб қилиш уни лотинчада ёзишни оқлай олмайди. Зеро, буларнинг ҳолатлари улардан олидинги араб бўлмаган мусулмон халқларнинг ҳолатларининг айни ўзидир. Улар ҳеч қачон Қуръонни ўз алифболарида ёзишни ўйламаганлар, ҳолбуки, бугунги кунда дунёдаги мусулмонларнинг кўпчилигини туркийлар, форслар, Ҳиндистон, Покистон, Индонезия, Африка ва бошқа мусулмон диёрлардаги араб бўлмаган халқлар ташкил қилади. Уларнинг барчалари Ислом динида бўлишлари билан бирга, шу вақтгача Қуръонни араб ҳарфларидан бошқа ҳарфда ёзмаганлар. Агар уларнинг ҳар бири Қуръонни ўз тилида ёзиб, ўзларининг юртлари ва шаҳарларида тарқатганларида, Қуръон ёзувлари хилма-хил бўлар ва озгина вақт ўтиб, ҳиндча Қуръон, туркча Қуръон ва бошқа Қуръонлар вужудга келган бўларди. Кейин уларда нима бўлса бўларди. Ҳолбуки, биз бугунги кунда ажамларнинг ичида Қуръонни тартилу тажвид билан Қуръон ўз тилида нозил бўлган арабларнинг кўпидан яхшироқ ўқиётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз.

Ҳасан Яҳё Абдумажид

(давоми бор)

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Оят: «Албатта, сенинг душманингнинг орти кесикдир...»

588 22:00 04.04.2020

Нидерландиялик шифокорларга Қуръон ояти билан ташаккур билдирилди

1047 14:00 01.04.2020

Ўта мушкул аҳволнинг чораси

657 08:00 01.04.2020

"Ўз масканларингизга кирингиз"

805 06:32 31.03.2020

Зардўштлар, далилингиз қани? 

2400 22:00 30.03.2020

Наҳл сураси тафсири

311 06:30 30.03.2020
« Орқага