Илм

Қуръони каримни араб ҳарфлардан бошқа алифбода ёзиш мумкинми? (3-мақола)

524

Уламолар Қуръони каримни Усмон мусҳафи расмига мувофиқ ёзиш вожиблигига қуйидаги далилларни ҳужжат қилиб келтирадилар:

1. Расмнинг тавқифийлиги. Жумҳур уламолар Қуръони каримнинг хати ҳам тавқифий, яъни ваҳий ишораси билан ёзилган, дейдилар ва бунга керагича далилларни келтирадилар. Демак, Аллоҳ таоло Ўз Каломини махсус кайфиятда қироат қилишни амр қилганидек, уни маълум суратда ёзишни ҳам жорий қилган. Бинобарин, Қуръонни ўша махсус кайфиятда ўқиш вожиб бўлгани каби уни маълум суратда ёзиш лозим бўлади.

(Баъзи уламолар расмнинг тавқифийлигига хилоф қилсалар-да, тавқифийлигини айтган олимларнинг ҳам далиллари кучли ҳисобланади.)

2. Тақририй суннат. Расулуллоҳнинг ваҳийни ёзиб турадиган котиблари бор бўлиб, улар оятларни Набий (алайҳиссалом)нинг кўз ўнгиларида ёзишар эди, у Зот уни кузатиб турар, хато қилсалар, тўғрилатар эдилар. Шунинг учун ҳам саҳобаи киромлар Абу Бакр даврларида Қуръонни жамлашда оятларни Расулуллоҳнинг ҳузурларида ёзилган бўлишини шарт қилганлар.

Имом Табарий ва Ҳокимлар Зайд ибн Собит (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қиладилар: У киши: «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳузурларида ваҳийни ёзиб турардим, у киши эса менга имло қилиб турардилар. Қачонки фориғ бўлсам: «Уни ўқи», дердилар, мен ўқирдим, агар унда бирор нарса тушиб қолган бўлса, тўғрилатар эдилар», деганлар.

Маълумки, Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг пайғамбарлик даврлари бевосита илоҳий назорат остида бўлган. Бинобарин, ўша вақтда агар Қуръонга лафзда ёки ёзувда бирор халал етгудек бўлса, шубҳасиз, бу – ваҳий билан тузатилиши табиий эди. Демак, расм Аллоҳ ва Унинг Расули рози бўлган, қарор топтирган ёзув ҳисобланади. Қуръони Каримни ёзиш учун бундан устун, ишончли ёзув бўлмаслиги аниқ. Бу билан тақририй суннат собит бўлади ва унга эргашиш эса лозимдир.

3. Саҳобалар ижмоъи. Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу)нинг даврларида мазкур тарқоқ ёзувлардан нусха кўчириш билан Қуръонни икки муқова орасига жамлаганларида юзлаб, балки минглаб саҳобаи киромлар бевосита иштирок ва иттифоқ этганлар. Кейинроқ Усмон (розияллоҳу анҳу) ундан нусхалар олганларида ўн икки минг саҳобий унга ижмоъ қилганлар. Саҳобаи киромларнинг илм ва тақводаги даражаларидан маълумки, улар   оддий юриш-туришда ҳам суннатни тутган ҳолларида, Исломнинг асоси бўлган Қуръони каримнинг ёзувида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан кўрмаган нарсаларини ўз томонларидан қўшишлари ҳеч қачон  мумкин эмас, балки улар ривоятларнинг машҳурроғига иттифоқ қилишлари мумкин, холос. Демак, Қуръони каримнинг ушбу суратда ёзилишига саҳобалардан ижмоъ собит бўлган. Уламолар: «Биринчи аср кишилари, яъни саҳобалар ижмоъ қилган нарса ҳеч қачон бекор қилинмайди», деганлар. Чунки улар умматнинг энг афзал кишилари эканида шубҳа йўқ. Биз эса уларга эргашишга буюрилганмиз.

Имом Абу Довуд Ирбоздан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Набий (алайҳиссалом): «Сизлардан яшаганлар тез кунда кўплаб ихтилофларнинг гувоҳи бўлади, бас, менинг суннатимни ва мендан кейинги рошид халифаларимнинг суннатларини маҳкам тутинг, уларни озиқ тишларингиз ила тишланг», деганлар.

4. Умматнинг ижмоъи. Ислом шариати мусулмонларни Қуръони каримни ўзгартиришлардан сақлашга амр қилган. Шу боис саҳобаи киромлардан то ҳозирги давргача жумҳур уламолар Қуръон ёзмоқчи бўлган киши мазкур Мусҳаф хатига риоя қилиши вожиблигига ижмоъ қилганлар. Мана шу билан ҳар қандай ўзгариш ва алмаштиришларга йўл қўйилмаган. Умматнинг ижмоъи айбдан холи экани маълум ва машҳур, бунинг далили саҳиҳ хадисларда келган.

5. Салафларга эргашиш. Қироат имомлари, расм илми уламолари Қуръони каримнинг лафзларини тавотур даражасида ривоят қилганлари каби унинг Мусҳафдаги ёзувини ҳам саҳиҳ йўл билан авлоддан авлодга нақл қилганлар. Агар расм эътиборсиз нарса бўлганида улар унга бундоқ эҳтимом бермасдилар. Шу боис жумҳур уламолар Мусҳафга ўзича бирор ҳарф қўшиш ё олиш қатъиян жоиз эмас, у кишини куфрга олиб боради, деганлар.

6. Саҳиҳ бўлмаган ва мансух қироатларни мутавотир қироатлар билан аралашиб кетишидан тўсиш учун. Чунки Мусҳаф расми саҳобалар Расулуллоҳдан машҳур, мутавотир даражасида нақл этилганига иттифоқ қилган қироатларни кўтаради ва айни вақтда улардан бошқаларини чиқариб ташлайди. Шу боис барча қироат уламолари қироатнинг саҳиҳ бўлиши учун унинг Мусҳаф расмига мувофиқ бўлишини шарт қилганлар.

7. Бир қанча вақф, васл, ибтидо, исбот, ҳазф каби қироат ва тажвид қоидалари борки, улар бевосита Мусҳаф расмига боғлиқ. Агар Қуръон оддий имлода ёзилса, ушбу қоидаларнинг бузилишига сабаб бўлади.

8. Ислом умматининг ўзига хос хусусиятини сақлаш учун.

9. Агар Қуръонни ҳар бир давр ўзининг имло қоидасига кўра ёзса, бу нарса кейинги авлоднинг ўз ўтмишларидан, ўтмиш бўлганда ҳам умматнинг энг афзал ўтмишидан узилишига, уларнинг буюк меросларидан омманинг бебаҳра бўлишига олиб боради.

10. Ман қилинган нарсанинг олдини олиш учун. Имло қоидалари доимо ўзгариб туриши табиийдир. Агар Қуръони Каримни ўқишни осонлаштиришни баҳона қилиб, Усмон Мусҳафини қўйиб, ҳар бир давр аҳлига ўз хат қоидасига кўра ёзишга рухсат берилса, қачон имло қоидаси ўзгарса, Қуръон ёзуви ҳам ўзгаришига тўғри келади. Бу эса унда ҳарфларнинг зиёда бўлиши ёки камайишига сабаб бўлади. Натижада Қуръони каримнинг лафзига халал етади ва бу ўз навбатида унинг маъноларини ўзгаришига олиб келади. Ўз-ўзидан Қуръоннинг турли хил нусхалари вужудга келади. Бу билан Ислом душманлари Қуръони каримга хилма-хиллик айбини таъна қилишларига замин пайдо бўлади. Оқибатда олдинги самовий китобларда рўй берган ўзгаришлар Қуръони Каримда ҳам юз беради. Бунинг ҳаромлиги эса аниқ, бинобарин, унга олиб борувчи сабаблар ҳам ҳаром бўлади.

11. Қуръони каримнинг кишилар қўлида ўйинчоқ бўлишининг олдини олиш учун. Бугун битта одам бир хат қоидасини топса, эртага бошқаси яна биттасини топиб, Қуръонни ёзавериши мумкин. Балки, кимнингдир араб ҳарфидан бошқа ҳарфда ёзишга журъат қилиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Бу, албатта, Қуръони Каримнинг ҳаққини поймол қилиш ҳисобланади.

12. Ислом шариатининг асос қоидаларидан ҳисобланган «Ман қилинган нарсага олиб борувчи нарсани тўсиш», «Ёмонликни қайтариш яхшиликни жалб қилишдан муқаддамдир» каби усулий қоидаларидан келиб чиқиб, юқорида айтилган ва бошқа хатарларнинг эътиборидан, расмни ўзгартиришни жумҳур уламолар ҳаром, бидъат деб ҳукм қилганлар.  

13. Ислом уммати саҳобалар давридан бери ушбу расмни сақлаб келди, бу давр қанчалар узун бўлмасин, Қуръони Каримга заррача ҳам ўзгариш етмади, унинг ўқилиши ҳам соф сақланди. Бу ҳам бўлса, Аллоҳ таолонинг ваъдаси ўз тасдиқини топганидандир. Энди биз ҳам ушбу анъанани давом эттиришимиз афзал ва лозимдир.

14. Мусҳаф расмини ўзнартириш мумкинлигин айтган, шуни ёқлаб чиққан уламолар қадимдан бўлиб келган ва бу борада амалий ҳаракатлар ҳам бўлган. Аммо уларнинг бирортаси ҳам муваффақиятга эриша олмаган, бугунги кунда ҳам барча мусулмонлар Қуръони Каримни Мусҳаф расмида ёзмоқдалар, нашр қилмоқдалар. Бу ҳам бўлса, Аллоҳ таолонинг инояти экани, У Зотнинг иродаси шу эканини англатади.

15.    Барча тилларда бўлгани каби, инглиз ва рус тилларида ҳам кўп сўзларнинг талаффузи олдинги даврлардаги суратидан ўзгарган. Аммо инглизлар ва руслар ўз тилларини бутун дунёга ёйишга ҳаракат қилишлари билан бирга, доимо ўз ёзувларини сақлашга ҳаракат қиладилар, талаффуздаги ўзгаришларни маълум истилоҳлар асосида тушунтириб борадилар. Бошқалар ўзларининг оддий сўзларига шунчалик эътибор бериб турган бир вақтда нима учун сиз билан биз, мусулмонлар, Аллоҳнинг мўъжиз Каломи, динимизнинг асоси ва муқаддас китобимиз бўлган Қуръони каримнинг ёзувини ўзгаришига кенг йўл очиб беришимиз керак?! Ҳолбуки, аждодларимиз унинг лафзи ва ёзувини тавотур даражасида худди нозил бўлган вақтдагидек бизгача сақлаб етказган бўлсалар. Балки, ўша бошқалар ҳам ўз ёзувларига эътибор беришни мусулмонлардан ўрганган бўлсалар, ажаб эмас. Бу – аслида, Аллоҳнинг Қуръон умматига бўлган фазлу марҳаматидан. Биз бу билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди. Аммо қуруқ фахрланиш билан иш битмайди. Агар бошқа халқларнинг аждодлари ҳам Ислом уммати каби ўз муқаддас китобларини нозил қилинган тилида ва ёзувида сақлаб қолган бўлганларида улар бугун уни дунёга фахр билан жар солишлари ва уни сақлашга янада кўпроқ ҳаракат қилишлари табиий эди. Шу боис биз мусулмонлар бу неъматнинг қадрига етиб, Қуръони Каримнинг ёзувини ўзгартириш ҳақида савол беришни ҳам ўзимизга эп кўрмаслигимиз лозим.
Уламолар Мусҳаф расмининг сақланишидаги бир қанча фойдаларни ҳам зикр қилганлар.

1. Юқорида зикр қилинган хатар ва зарарлардан омонда бўлиш.

2. Ислом умматининг аввалидан охиригача ўзаро боғлиқ бўлиши.

3. Кейингиларнинг биринчи мусулмон авлоди маданиятини ўрганиши, уларнинг илмларидан баҳраманд бўлишлари.

4. Бутун Ислом оламининг муқаддас китоблари устида жамланиши, ўзаро робиталарининг мустаҳкамланиши.

5. Қуръони каримнинг мўъжиз эканининг изҳори.

6. Мусулмонларнинг бошқа умматлардан фазлининг далили. Уларнинг ўз муқаддас китобларининг барча нусхалари бир, ўзгариш топмагани билан фахрланишлари ва ҳ.к.

Агар эътибор берилса, бу ерда Қуръони каримни араб ҳарфларида Мусҳаф расмига эргашмай, талаффуз асосида, замонавий имло қоидалари асосида ёзиш ҳақида гап кетмоқда. Бундан Қуръонни араб ёзувидан бошқа алифбода ёзиш ўз-ўзидан қатъиян мумкин эмаслигини тушуниш қийин эмас. Шундай бўлса-да, мавзуни ёритиш мақсадида уламоларнинг Қуръони Каримни араб ҳарфларидан бошқа алифбода ёзиш ҳақида айтган сўзларидан айримларини келтиришга ижозат бергайсиз.

Ҳанафий фақиҳ Бурҳонуддин Маҳмуд ибн Аҳмад «Ал-Муҳит Ал­бурҳаний» китобида: «Мусҳафни форсийда ёзиш қатъиян манъ қилинади», деган. Ҳолбуки форсий хат араб хатига яқин.

Моликий мазҳаб уламолари: «Арабчадан бошқа алифбо билан ёзилган нарса Қуръон бўлмайди», деганлар.

Ибн Ҳажар Ҳайтамий ўзининг «Катта фиқҳий фатволар» китобида, жумладан, шундай деганлар: «Бу – асҳобларимиз ҳаромлигига иттифоқ қилган масаладир... Қуръонни ажам ҳарфида ёзишда унинг беллашувга чорлаган мўъжиз лафзини ўзгартириш бор».

Мисрдаги «Ал-Азҳар» унверситетининг йирик уламоларидан бири Шайх Маҳмуд Абу Дақиқа шундай дейди: «Тўртала имом (тўрт фиқҳий мазҳабларнинг имомлари) ҳам Қуръонни араб алифбосидан бошқа алифбода ёзиш жоиз эмаслигига иттифоқ қилганлар. Чунки Қуръонни бошқа алифбода ёзиш уни ижмоъ собит бўлган ва эргашиш вожиб бўлган расмдан чиқаради. Балки бу – лафзларда ўзгариш юз беришига олиб келади. Чунки баъзи араб ҳарфларининг ўхшаши бошқа алифболарда йўқ. Лафздаги ўзгариш эса маънонинг ўзгаришига сабаб бўлади. Бошқа алифбода ёзиш, қандай бўлмасин, мана шунга олиб келиши аниқ. Шу боис баъзи ҳанафий уламолар: «Ким Қуръонни қасддан араб ҳарфларидан бошқа ҳарфда ёзса, у ё мажнун бўлади ёки зиндиқ бўлади. Мажнунни даволанади, зиндиқ эса ўлдирилади», деганлар.

Ёзувдан мақсад сўзнинг ўқилишини ифодалашдир. Агар Қуръон ёзиладиган ажамий алифбо араб ҳарфларига муҳтож бўладиган бўлса, мисол учун инглиз тили ҳарфлари каби, у билан Қуръон ёзиш мумкин эмаслигига ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. Чунки бунда унинг калималарини ўзгартириш бор. Ким Қуръон калималарини ихтиёрий равишда ўзгартиришга рози бўлса, кофир бўлади».

Шайх Абдулҳамид Таҳмоз айтади: «Албатта Мусҳафни араб ҳарфларидан бошқа алифбода ва усмоний расмдан бошқа хат қоидасида ёзиш динда бидъат чиқариш, мусулмонларнинг йўлидан бошқа йўлга юриш, рошид халифалар даврларидаги саҳобалар иттифоқига мухолиф бўлишдир. Ҳолбуки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уларнинг суннатларини тутиш вожиб эканини васият қилиб: «Менинг суннатимни ва ҳидоятдаги рошид халифаларимнинг суннатини маҳкам тутинг, уларни озиқ тишларингиз ила тишланг. Янги пайдо бўлган ишлардан сақланинг, чунки ҳар бир бидъат залолатдир», деганлар.  

Шубҳасиз, Қуръони Каримни лотин ҳарфларида ёзиш динда катта бидъатдир. Бидъат бўлганда ҳам энг қабиҳ, тубан бидъатдир. Чунки бунда Аллоҳ таолонинг Китобига хатар, унда ўзгартиришни пайдо қилиш бор. Ҳар бир мусулмонга Аллоҳ таолонинг Китобини муҳофазаси йўлида бу ишни бор кучи билан тўхтатиши, йўқ қилиши вожибдир. Лотин ёки бошқа ажам ҳарфлари билан ёзилган Мусҳаф шаръан Қуръон ҳисобланмайди, унга кўра ўқиш намозга ярамайди. Зеро Аллоҳ Субҳанаҳу ва таоло Қуръони Каримни фақатгина араб тилида нозил қилган».

Масжиди Набавийнинг воизи Шайх Абу Бакр Жазоирий айтадилар: «Қуръони Каримни араб ҳарфларидан бошқа ҳарфларда ёзиш, шунингдек, уни Усмоний Мусҳаф расмига хилоф равишда ёзиш, агарчи араб ҳарфларида бўлса ҳам, ҳаромдир, ҳалол эмас. Чунки у Қуръони Каримнинг хусусиятларига футур етказади. Масалан, улардан кўзга кўринганлари: унинг мўъжизавийлигини, тиловатининг ибодат бўлишини, лафз ва маънолари ила қамраб олган ҳидоятни, мўъжизавийлигининг бир бўлаги бўлган фасоҳат ва баёнини кетказади».

Муҳаммад Али Собуний бу ҳақида, жумладан, шундай деганлар: «Қуръонни лотин ҳарфида ёзиш жоиз эмас, чунки бу Аллоҳ нозил қилган лафзнинг ўзгартиришдир. Албатта, бу иш Аллоҳ таолонинг Каломини ўзгартириш ҳисобланади. Аллоҳ таборака ва таоло аҳли китоб ‒ яҳудий ва насронийларнинг ўз китобларини бузганликлари, унинг лафзларини ўзгартирганликлари ва сўзларини алмаштирганликларини маломат қилган. Ушбу маломат ва таҳдид Қуръонни арабчадан бошқа алифбода ёзган кишини ҳам ўз ичига олади. Чунки бу Олий ва Улуғ Аллоҳнинг Каломига очиқ-ойдин қарши чиқишдир. Зеро У Зот: «Албатта, Биз уни арабча Қуръон қилдик. Шоядки, ақл юритсангиз», деган. (Зухруф 03- оят).

Қуръон матнини лотин алифбосида ёзиш ҳеч бир хилофсиз қатъий ҳаромдир. Бунга далил, Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг Рим императори Ҳераклга уни Исломга даъват қилиб ёзган мактубларида Оли Имрон сурасининг 64-ояти араб ҳарфларида ёзилган эди».

Ўтган асрнинг йирик олимларидан бири Муҳаммад Ғаззолий: «Сизларга шуни билдираманки, лотин ва бошқа тилдаги алифбо ҳарфлари араб ҳарфларига зиддир. Чунки уларда араб нутқ товушларининг пайдо бўлиш ўринлари, уларга тегишли қоидалар, мад ва ғунна қоидаларидан ташқари, бир қанча араб ҳарфлари ҳам мавжуд эмас. Шу боис Қуръонни лотин алифбосида ёзиш мушкул, балки бунинг имкони йўқ. Бинобарин араб ҳарфларидан бошқа ҳарфларда ёзилган мусҳаф Қуръон ҳисобланмайди. Бу – сақланган илоҳий ваҳийга ўзгартириш ва унга ёлғон учун эшик очишдир. Бунда Мусҳафни тўлиқ ё баъзисини нашр қилишнинг фарқи йўқдир», деган.

Уламолар Қуръони Каримни араб алифбосидан бошқа ҳарфларда ёзиш ҳаромлигига юқорида ўтган Мусҳаф расмига хилоф қилишнинг жоиз эмаслиги ҳақида келтирилган ва бошқа далилларга қўшимча сифатида қуйидагиларни ҳам илова қиладилар:

1. Қуръони Карим соф араб тилида нозил қилинган, бинобарин, уни фақат араб ҳарфлари билан ёзиш мумкин. Чунки ёзув нутқнинг бир кўринишидир. Қуръони Каримнинг ўн бир жойида уни араб тилида нозил қилингани ҳақида оятлар келган бўлиб, биз улардан айримларини эслаб ўтамиз.

Албатта, у (Қуръон) Роббул оламийннинг туширганидир. Уни Руҳул Амийн олиб тушди.. Сенинг қалбингга, огоҳлантиргувчилардан бўлишинг учун. Очиқ-ойдин араб тилида. (Шуаро 192-195.)

Ояти каримадаги «Руҳул Амийн»дан мурод фаришта Жаброил (алайҳиссалом); «огоҳлантиргувчилардан» дегани эса «пайғамбарлардан» деган маънони билдиради.

Арабча Қуръонни эгриликсиз қилиб (туширдикки), шоядки, тақво қилсалар.(Зумар, 28).

Албатта, Биз уни арабча Қуръон қилдик. Шоядки, ақл юритсангиз. (Зухруф, 3).

(давоми бор)

Ҳасанхон Яҳё Абдумажид

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Оят: «Албатта, сенинг душманингнинг орти кесикдир...»

598 22:00 04.04.2020

Нидерландиялик шифокорларга Қуръон ояти билан ташаккур билдирилди

1048 14:00 01.04.2020

Ўта мушкул аҳволнинг чораси

662 08:00 01.04.2020

"Ўз масканларингизга кирингиз"

806 06:32 31.03.2020

Зардўштлар, далилингиз қани? 

2405 22:00 30.03.2020

Наҳл сураси тафсири

312 06:30 30.03.2020
« Орқага