Қуръони каримни озгина бўлса ҳам тадаббур билан ўқиш афзалми ёки тезроқ ва кўпроқ ўқиш афзалми?

23:00 13.05.2019 1725

Ибн Масъуд, Ибн Аббос ва бошқа саҳоба розияллоҳу анҳумлар тез ва кўп ўқишдан кўра озроқ бўлса ҳам, тушуниб, тадаббур ва тартил билан шошилмай ўқиган афзал, дейишади. Бунга Қуръонни ўқишдан мақсад уни тушуниш, тадаббур қилиш, унга амал қилиш эканини далил қилишади. Уни тиловат қилиш, ёдлаш эса унинг маъноларини тушуниб, амал қилиш учундир. Баъзи салафлар: “Қуръони карим амал қилиш учун тушди”, дейишган. Қуръони каримни тўлиқ ёд олмаган бўлса ҳам Қуръони каримни билувчилар, унга амал қилувчилар ҳақиқий Қуръон аҳлидир. Аммо, уни тўлиқ ёд олиб, ҳарфлар махражини камон ўқидек текис чиқариб, уни тушунмаса, амал қилмаса Қуръон аҳлидан эмас. 

“Амалларнинг энг афзали иймондир. Қуръонни тушуниш, тадаббур қилиш иймоннинг самарасидир. Уни тушунмай, тадаббур қилмай фақат тиловат қилишни яхши одам ҳам, фожир ҳам, мўмин ҳам, мунофиқ ҳам қилиши мумкин. Бунга далил Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар “...Қуръон ўқийдиган мунофиқнинг мисоли райҳонга ўхшайди. Ҳиди ширин, таъми аччиқ...”. (Бухорий ва Муслим). 

Бу ўринда одамлар тўрт турли бўлади: 1. Қуръон ва тадаббур аҳли, булар одамларнинг энг афзалидир. 2. Қуръон ҳам, тадаббур ҳам йўқлиги. 3. Қуръон берилган, лекин, тадаббур берилмаган. 4. Тадаббур берилган, лекин, Қуръон (ҳифзи) берилмаган. 

Булар ичида Қуръон (ҳифзи)сиз тадаббур берилган одам тадаббурсиз Қуръон берилган одамдан афзалдир. Шунингдек, Қуръони каримни тушунувчи ва тадаббур қилувчи тадаббурсиз тез ва кўп тиловат қилувчидан афзалдир. Бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўрсатмаларидир. У Зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръонни тадаббур билан тиловат қилар эдилар. Ҳатто бир оятни тонггача қайтарганлари ҳақида ривоят келган. Абу Зар розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Агар уларни азоблайдиган бўлсанг, бас, албатта, улар Сенинг бандаларинг. Агар уларни мағфират қиладиган бўлсанг, бас, албатта, Сенинг Ўзинг азиз-ғолиб ва ҳикматли Зотсан” ("Моида" сураси, 118-оят) оятини қиёмда турган ҳолда тонггача такрорладилар. (Имом Аҳмад, Ибн Можа, Насоий ривояти. Ҳоким саҳиҳ деган.) 

Имом Шофиъий роҳимаҳуллоҳнинг издошлари кўп қироат қилишни афзал санашади. Бунга Ибн Масъуд ривоят қилган ҳадисни далил қилишади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Аллоҳ таолонинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, унга бир яхшилик ёзилади, у яхшилик ўн баробаргача кўп бўлади. Мен “Алиф, лам, мим”ни бир ҳарф демайман. Аммо “Алиф” бир ҳарф, “лам” бир ҳарф, “мим” бир ҳарфдир”, дедилар. (Термизий ривояти. Саҳиҳ.). 

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳам бир ракатда Қуръонни хатм қилгани ва бошқа салафлардан ҳам қисқа вақтда Қуръонни хатм қилганлари ҳақида хабарлар келган.
 
Бу масалада тўғрироғи: Тартил ва тадаббур билан ўқилган қироатнинг қадри баланд ва мақсадга яқиндир. Тез қироат қилишнинг савоби адад жиҳатдан кўпдир. Бунинг мисоли: Биринчиси, қимматбаҳо жавҳарни садақа қилган ёки нархи қиммат бир қулни озод қилишга ўхшайди. Иккинчиси эса, кўп дирҳамларни садақа қилган ёки арзон нархдаги бир нечта қулни озод қилиш кабидир. 

Имом Бухорий ривоятида Қатода розияллоҳу анҳу Анас розияллоҳу анҳудан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қироатлари ҳақида сўраганида: “Мадларини (етарлича, тўйдириб) чўзар эдилар”, деган. 

Абу Жамро айтади: Мен Ибн Аббосга тез қироат қилишимни, ҳатто, бир кечада бир марта ёки икки марта хатм қилишимни айтганимда. Ибн Аббос: “Бир дона сурани (тадаббур билан) ўқишим сен қилаётган ишдан кўра менга ёқимлидир. Агар ўқисам, шундай ўқийман. Сен ҳам қулоғинг эшитадиган ва қалбинг тушунадиган қилиб ўқи”, деди. 

Алқама розияллоҳу анҳу Ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга (тартил билан) қироат қилиб берганда, Ибн Масъуд: “Ота-онам сенга фидо бўлсин, “роттил”- (тартил билан) ўқи! Бу (тартил билан ўқиш) Қуръоннинг зийнати”, деган. 

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Қуръонни шеър каби (тааммулсиз) тез ўқиманг, дарахт силкинса, чириган мевалар таппиллаб тушган каби ўқиб кетманг. Ҳар бир таъсирли ўринларда тўхтанг. Қалб титрасин.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!