Илм

Қуръони каримни араб ҳарфлардан бошқа алифбода ёзиш мумкинми? (охири)

689

Дамашқдаги Шом қорилари шайхи жаноб Ҳусний Хаттоб айтади:

Ҳеч ким Мусҳафи шарифни унинг аввалги расмига мурожаат қилиб, унинг изидан бормай ёзишга ёки нашр қилишга қўл урмаслиги лозим. Бу салафи солиҳларга эргашиш, Ислом уламоларининг эътимод қилинадиган жумҳурининг тутган йўлларига кўра амал қилиш ва турли мутавотир қироатларни ўз ичига олган қадимги расмни муҳофаза қилиш ўлароқдир. Батаҳқиқ, уни салафлар пухта, мустаҳкам бажарганлар. Бинобарин, ундан бирор нарсан жоҳилларнинг нодонлигини деб ё дин душманларининг орқасидан эргашиб, ёки арзимаган дунё матосини умид қилиб тарк қилинмайди. Зеро, Аллоҳнинг наздида дунё пашшанинг қанотича ҳам эмас. Қуръон эса Аллоҳнинг Каломидир. Унга ҳеч нарса баробар келмайди. Олдингию кейингиларнинг сўзларидан иборат бўлган ушбу қисқача далилий матнларда Қуръони Каримнинг расмига эргашиш ва унинг ёзувини ҳам, қироатини ҳам, тажвидини ҳам, тартилини ҳам сақлаш вожиб эканининг баёни бордир. Аммо бундан бошқаси Аллоҳнинг Китобини ўйин қилиш, уни зое қилиш, мусулмонларни бўлишдир. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло Ўз Китобини уларнинг сўзларини бир қилиш, ораларини бирлаштириш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ахлоқларини поклаш учун нозил қилгандир. Аллоҳ таоло айтади:«Албатта, Зикрни Биз нозил қилдик ва, албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз» (Ҳижр 09- оят).

Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.

Қатар унверситети шариат ва исломий илмлар куллияси:

«Аллоҳ таолонинг ҳикмати ила Қуръони карим Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га нозил қилингандан буён араб тилини ифодаловчи араб ҳарфлари воситасида ёзилиб келмоқда. У Қуръон ва Китобдир. Яъни араб тилида ўқилишига кўра Қуръон, араб тилига хос бўлган товушларни ифодаловчи ҳарфлар билан ёзилиши эътиборидан Китобдир. Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг замоналари ва ҳидоятдаги рошид халифаларнинг даврларидан буён Ислом уммати ушбу ёзувга ижмоъ қилганлар. Биз эса уларнинг суннатларига эргашишга ва уларни озиқ тишлар билан тишлашликка амр қилинганмиз.

Ислом уммати ижмоъининг тутган йўли Қуръон матнини усмоний расмда ёзишга маҳкам туриб, унинг суратида араб ҳарфларида қолган ҳолида бирор ўзгариш бўлишига ҳам йўл қўйслик бўлгач, қандоқ қилиб биз уни лотин алифбоси каби бошқа алифбода ёзишга рухсат беришимиз мумкин бўлади?!»
Шайх Юсуф Қарзовий.

Ҳиндистон, Деҳли, Ҳиндистон уламолар жамияти:

«Албатта, салафи солиҳларнинг олимлари Қуръони Карим матнини араб ҳарфларидан бошқа ҳарфларда ёзишга ижозат бермаганлар. Умматнинг йўли мана шудир. Маълумки, ҳозирги даврда Ислом уммати душманлари тарафидан кўплаб фитна ва хатарларга рўпара бўлмоқдалар. Бу фитна ҳам уюштирилаётган фитна занжирларининг бир бўлагидир».

Ҳиндистон уламолар жамиятининг раиси Асъад Маданий.

Булардан ташқари, Лондондаги Ислом Маркази, Қувайт уламолар ҳайъати, Туркия Дин Ишлари Қўмитаси ва бошқа нуфузли ташкилот ва идоралардан ҳам айнан шу маънода жавоблар келган.

Хулоса:

Агар эътибор берилган бўлса, ушбу мақолада Қуръонни бошқа алифбода ёзиш мумкин эмаслигига ўттизга яқин нақлий ва ақлий далилар билан бирга яна шунча ададда аввалги ва кейинги уламоларнинг фатволари жамланган. Лекин бу ушбу мавзудаги барча далиллар дегани эмас, балки улар биз қидириб топган ва танлаганларимиз, холос. Аслида улардан бир ё иккитаси ҳам далил маъносида кифоя қилса-да, уларнинг ҳар бири фикрни таъкидлаши ва қувватлаш билан бирга, бу борадаги илмимизнинг чуқурлашишига ва тушунчаларимизнинг кенгайишига хизмат қилишини эътиборга олиб, далилларни кўпроқ келтирдик. Уларнинг хулосаси сифатида қуйидагиларни айтиш мумкин:

Мусҳафни араб ҳарфларида ёзганда Қуръонга нолойиқ хатда ёки расмга эргашмай ёзиш жоиз эмас, ҳаром, бидъат ҳисобланади. Қуръони каримнинг ҳаммаси ёки бир қисмини, ҳатто бир оятини араб алифбосидан бошқа алифбода ёзилса, у Қуръон ҳисобланмайди.  Бунда уни қанчалар бехато ва яхши ниятда ёзмасин, барибир, динда бидъат қилган, ҳаром иш қилган бўлади. Агар бундан Қуръонга бирор зиён келтиришни қасд қилган ёки унга рози бўлган  бўлса, Аллоҳ асрасин, иймондан ажраб қолади.

Уламоларимиз айтадиларки, Аллоҳ таолонинг Қуръони каримни қиёматгача сақлашни ваъда бериши мусулмонлардан уни муҳофаза этиш масъулиятини кўтармайди, балки бу Аллоҳнинг иродаси кетган иш бўлиб, унга қарши юрмаслик, қўлидан келганича мана шу йўлда хизмат қилиш лозимлигини англатади. Маълумки, Аллоҳ таоло Ислом динини Ўзининг охирги дини ўлароқ қиёматгача сақлашни ваъда қилган, чунки энди дин келмайди. Аммо бу сўз мусулмонлар ўз динларини нима қилсалар қилаверсинлар, дегани эмас. Исломнинг барқарорлиги учун эса Қуръони Каримни муҳофаза қилиш лозим.

Шу боис  Ислом шариати мусулмонларга Қуръонни муҳофаза қилишни вожиб қилган. Бу йўлда ҳар бир мусулмон қўлидан келган ҳаракатни қилиши фарз ҳисобланади.

Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) оятларнинг бирортасини ҳам қўймай нозил бўлиши билан мирзаларга ёздириб қўйганлар ва уни саҳобаларга ҳарфма-ҳарф таълим бериб ёдлатиб борганлар. Шунинг учун ҳам саҳобаи киромлар Қуръонни аввалига бир муқовага жамлаб, кейин ундан нусха кўчириб, марказий шаҳарларга юбориб, бутун Ислом оламида Қуръонни мана шу мусҳафлар асосида ўқиш ва ёзишни жорий қилганлар. Айнан шу сабабдан барча аввалгию кейинги уламолар Қуръонни маълум расмга хилоф суратда ёзиш жоиз эмаслигига ижмоъ қилганлар ва Қуръонга ўзича бирор ҳарф қўшиш ёки ундан камайтириш кишини куфрга олиб боради, деб фатво берганлар. Айнан шунинг учун ҳам охирги ўн йилликларда қорилар орасида Қуръондаги битта ҳарфнинг талаффузида салгина хато тарқалган эди, қироат илми уламолари бу ҳақида махсус фатволар чиқариб, бутун Ислом оламига жар солдилар. Шу боис ҳозирги кунда барча жойларда Қуръони каримни махсус мутахассис уламолар ҳайъатининг рухсати билан чоп қилиш йўлга қўйилган.

Шу ўринда табиий бир савол туғилади: Буюк аждодларнинг меросхўрлари сифатида биз бугунги куннинг мусулмонлари Муқаддас динимизни ва унинг асоси бўлган энг катта маънавий бойлигимиз Қуръони каримни ҳар қандай ўзгаришлардан, турли хил ғаразлардан мусаффо сақланиши учун нималар қилишимиз керак?

1. Қуръон каримни Мусҳаф расмига номувофиқ ёки бошқа алифбода ёзилган нусхаларни одамлар орасида тарқалишининг олдини олиш. Бундай нашрларга чек қўйиш.

2. Ҳар қандай диний маълумотларни Диний Қўмита ва мўътабар уламоларнинг рухсати билан чоп этиш, Қуръони Каримнинг матни ва тафсирини соҳа мутахассисларининг махсус рухсатларисиз чоп этмаслик.

3. Қуръони каримни ҳар ким ўзича ўқиб кетаверишига йўл қўймаслик, уларнинг рухсатли мадраса ва масжидлардаги мутахассислардан таълим олишларини таъминлаш.

4. Қуръон ёдлатиш курслари очиш, уларда дарс беришга мутахассис қориларни жалб қилиш.

5. Лаёқатсиз ва омонатсиз кишиларни Қуръон таълимига араштирмаслик.

6. Қуръони каримни араб алифбоси ва Мусҳаф расми асосида ўқишни ўргатадиган замонавий, қулай қўлланмалар ва электрон дастурлар яратиш.

7. Ҳар бир ота-она фарзандини аждодларимизга мос, баркамол авлод бўлиб тарбия топиши учун уларга қўлидан келганича таълим-тарбия бериши.

Ҳасанхон Яҳё Абдумажид

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Намангандаги ноёб Қуръон қўлёзмаси

1350 09:56 06.07.2020

Алҳамдулиллаҳки, сигирга сиғинмаймиз...

1309 19:30 05.07.2020

"Одамлар учун ҳисоб-китоб онлари яқинлашиб қолди..."

1411 17:30 05.07.2020

«Ҳамма кучни Қуръондан оламиз» 

1030 12:00 05.07.2020

Дуонинг ижобат, ҳожатнинг раво бўлиши

1136 07:00 03.07.2020

Уч пора Қуръон ёдлаган мелиса

6220 11:54 02.07.2020
« Орқага