Таҳлил

«Қуръонни нима қилдик?!»

857

Яқин бир йил ичида даврий интернет нашрларида “Ўғил ўз отасини кетмон билан уриб ўлдирди”, “Она ўзининг 3 ёшли боласини ўлдирди”, “Меҳрибонлик уйи иши: улар ўта оғир жиноятлар билан айбланмоқда” каби ўта мудҳиш воқеалар ҳар бир мусулмон юрагида юқоридаги жиноятчиларга нисбатан нафрат уйғотган бўлиши мумкин. Яқинда ўзим яшайдиган ҳудудда яшовчи икки оилада ўғил спиртли ичимлик таъсирида оталарига қаттиқ жароҳат етказганига гувоҳ бўлдим.

Қадимда оталаримиз оналаримизга: “Ота билан болага бир идишга овқат берманг, агар ота кўзлаган луқмани фарзанд олиб еса, фарзандга қарғиш тушади” деб уқтиришар экан. Агарки, бир луқма овқатнинг қаҳри қарғишга олиб борса, отасини қонталаш қилиб ураётган фарзандларнинг оҳирати нима бўлишини уйлаб неча кунлардан бери ухлай олмайман.

Ҳозир бир яқин ўтмишда яратилган ривоятни айтиб берсам. Яқин ўтмишда бир оила бошлиғи тақдир тақазоси билан чет элга ишлашга кетибди. У пайтларда телефон алоқаси кўп жойларга етиб бормаган, оилага пул замонавий пул ўтказмалари билан эмас, почта орқали жўнатилар экан. Шу сабабли оила бошлиғи ўз оиласига хат ёзиб, пулларни конвертда жўнатар экан. Аммо аёли чет элдан келган хатларни очмас, ўқимас эридан келган хатларни ардоқлаб йиғиб қўяр экан. Орадан йиллар ўтибди. Оила бошлиғи ўзи ва оиласи учун етарли пул жамғарганига ишонч ҳосил қилиб уйига қайтибди. Аммо не кўз билан кўрсинки, уйи йилларда давомида таъмирталаб бир аҳволга келган ва ҳеч ким йўқ экан.

Қишлоқдошлардан сўраб, ўғлининг чўпонлик қилиб юрганини билибди ва уни топиб бўлган воқеаларни сўрабди. Ота нима учун уй бундай аҳволда эканлигини, нимага уйда ҳеч ким йўқлигини сўрабди. Ўғил эса, онаси вафот этганини, акаси эса чет элга ишлашга кетганини, аммо қаердалиги номаълумлигини, синглиси эса номард бир инсонга турмушга чиққанлигини оқибатда турмуши бўлмай кун кўриш даврдида уйма-уй рўзғорга қарашиб юрганлигини айтибди. Отаси эса йиллар давомида жўнатилган хатларда катта ўғлининг ўзи ишлаётган манзилга ишга чақирганини, аёлини даволатишга пул жўнатилганини, қизини кимга турмушга беришгача бўлган воқеаларни, пулларни нималарга сарфлаш кераклигини ёзганини ва нима учун ота амри бажарилмаганини сўрабди. Ўғил барча хатлар сандиқда сақланаётганини айтибди. Онаси фарзандларига отасидан келган хатларни эҳтиётлашини ва зинҳор очмаслигини тайинлаганини айтибди. Қарангки, хатлар бизга қандайдир маълумот ёки янгиликни етказиш учун ёзилади. Уни очиб ўқимаслик эса ўта жоҳилликдир.

Бугун аксарият юртдошларимизни ушбу ривоятдаги қаҳрамонга ўхшатаман. Қуръонни оламиз. Эҳтиёт қиламиз. Асраб авайлаймиз. Аммо Қуръон ичида бизга тўғри йўл кўрсатилганини билмаймиз. Ўзимизни мусулмон кўрсатамизу, аммо ота-онага қандай ҳурмат кўрсатилишини билмаймиз. Уларга ақл ўргатамиз. Ушбу китобдан барча муаммоларга жавоб топиш мумкин. Лекин биз уни очиб ўқмаяпмиз.

Зеро, Малайзия давлати атоқли давлат арбобларидан бири Доктор Махатхир Муҳаммад таъкидлаганидек, “Қуръон – бу ёвуз кучлардан ҳимояланиш учун бўйинга осиб юриладиган тумор эмас. Аллоҳ ўз ақлини такомиллаштирганларни қўллаб-қувватлайди. Қуръон оятларининг ҳақиқий ва фундаментал маъноларини тўғри тушунмаслик ва тўғри талқин этмаслик мусулмонларга кўплаб бахтсизликлар келтирди, замонавий фанларга эътибор қилмасдан фақат диний китобларни мутолаа қилиш билан чекланиб қолганлигимиз туфайли ислом цивилизацияга катта зарар етказдик ва оқибатда бу дунёдаги йўлимизни йўқотдик”.

Бугун ватанимиз тараққиёти илм-фан ривожини талаб қилади. Оддийгина ҳисоб-китоб ва иқтисодий қонуниятларни билмаслик, жаҳон бозоридаги ҳолатдан ҳабардор бўлмаслик, таваккалчиликка асосланган савдо кимларнингдир ҳонавайрон бўлишига олиб келяпти ва натижада ёшлар ва кекса авлод ўртасида тушунмовчиликлар юзага келмоқда. Бу тушунмовчиликлар эса аксар ҳолатларда юқорида айтганимиздек, “оқпадар”ларнинг пайдо бўлшимига сабаб бўлмоқда. Шу ўринда билмаганлар учун сўзнинг маъносини яна бир бор тушунтириб ўтсам.

Оқпадар, оқ қилиш — ота она томонидан ўз боласини фарзандликдан маънавий маҳрум қилиш. Ўғил ёки қиз жуда қаттиқ гуноҳ қилганда (ватанга ҳоинлик, қотиллик, бузуқлик ва бошқалар) ножўя ҳатти-ҳаракат билан ота-онага номус келтирадиган иш қилса, ота она бундай фарзанддан воз кечган ва ва ўз қарорини кўпчилик олдида очиқдан-очиқ эълон қилган. Оқ қилинган фарзандлар “оқпадар” дейилади. Улар меросдан маҳрум қилинган ва уйдан ҳайдалган, уларга қиз бермаган, жамоатга аралаштирилмаган. Оқпадарлар кўпинча эл-юртдан чиқиб, мусофирликда яшашга мажбур бўлади. Оқпадарлик ота-она томонидан фарзандларга берилган энг олий аҳлоқий жазо ҳисобланади. Оқпадар бўлган фарзандлар шуни яхши билиши лозимки, уларни ота-оналар кечирмагунча Аллоҳ кечирмайди.

Ота-она дуоси, мусофирнинг дуоси, мазлумнинг дуоси албатта ижобат бўлади. Ҳар бир ватандошимга айтаманки, ота-онамиз дуосини олайлик. Улар ноҳақ бўлсалар ҳам айтганини қилайлик. Ўшанда ишимизда барака бўлади. Фарзандларимиз ўниб-ўсади. Давлатимиз тараққий қилади. Ота-оналар дуосини олайлик.

Нурқосим Хожиев,

Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани

“Муқури” қишлоқ оқсоқоли

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Мусулмон жамиятни йўқотиш йўллари

1376 20:00 05.11.2019

Ароқ ёрлиғида Давлат байроғи?!

1870 13:06 28.10.2019

Бир фоизлик стратегия

960 13:53 14.10.2019

Олий Мажлис сенат​ори: «Рўмол ўрама, деган тушунча ҳеч қаерда, бирорта қонунда ёзилмаган...» (видео)

2654 16:15 02.10.2019

Дин, давлат ва дунёвийлик: олтин ўрталик қаерда?

1406 09:00 02.10.2019
« Орқага