Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Қуръоннинг етти хил қироати...

1915

Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши, яъни баъзи оятларнинг етти хил талаффузда ўқилиши ҳақидаги мавзу энг нозик мавзулардан бири ҳисобланади. Бу мавзунинг нозиклиги бир неча омилга боғлиқ.

Аввало, Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлгани саҳиҳ ва мутавотир ҳадиси шарифлар ила собит бўлган.

Қолаверса, Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши нима эканини ўша ҳадиси шарифлардан очиқ-ойдин тушуниб олишимиз қийин.

Бунинг устига, мазкур ҳадиси шарифлардан «етти ҳарф»дан айнан нима кўзда тутилганини ҳам билиб олиш қийин.

Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг даврларида яшаган саҳобаи киромлар бу нарсаларни яхши билганлар. Улар ўша ўзлари яхши билишларига эътимод қилиб, ўзаро муомала қилганлар.

Шу ўринда «Ўзлари тушунган бўлсалар, яхши. Аммо келажак авлодлар учун бу масалани баён қилиб қўйсалар бўлмасмиди?» деган савол туғилади. Улар учун оддий бўлган масалани келажакда бошқалар тушунмай қолишлари мумкинлигини ким ўйлабди, дейсиз. Бундан ҳам муҳими, улар бунга ўхшаш оддий нарсаларга вақт ҳам топмаганлар. У азизлар бутун дунёни Ислом ҳидоятига бошлашдек улкан иштиёқ билан яшаганлар. Улар ўзлари етишган улкан бахтга ўзгалар ҳам тезроқ эришиши ҳақида бош қотирар эдилар. Бунақанги оғзаки тортишувларга вақтлари ҳам, хоҳишлари ҳам йўқ эди.

Шунинг учун Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши масаласи кейинги пайтнинг турли уламолари томонидан турлича ўрганилган ва турлича талқин қилинган.

Ҳофиз Абу Ҳотим ибн Ҳиббон ал-Бустий:

«Одамлар бу масалада ўттиз беш қавлга ихтилоф қилганлар», дейди.

Имом Жалолиддин Суютий раҳматуллоҳи алайҳи «Итқон фии улумул Қуръон» номли китобларида бу масалада қирқ хил фикр борлигини келтирганлар.

Шу ерда Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши нима эканини тушуниш учун ҳаракат қилиб айтилган фикрлардан баъзиларини келтириб ўтсак, фойдадан холи бўлмаса керак. Чунки худди шу гапларни баъзи бир кишилар бизда ҳам гапиришга ва ёзишга ўтмоқдалар.

1. Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши араб тилининг етти лаҳжасида нозил бўлишидир.

Уламолар бу гап мутлақо тўғри келмаслигини таъкидлаганлар. Аввало, қайси лаҳжалар кўзда тутилгани маълум эмас. Қолаверса, Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши ҳақидаги ҳадиси шарифларнинг бирида Умар ибн Хаттоб Ҳишом ибн Ҳаким розияллоҳу анҳу билан ихтилоф қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳу¬зурларига борадилар ва у зот Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлганини айтадилар. Умар ибн Хаттоб ва Ҳишом ибн Ҳаким розияллоҳу анҳу икковлари ҳам араб тилининг қурайш лаҳжасида сўзлашадиган одамлар эдилар. Агар гап лаҳжада бўлганида, улар ихтилоф қилишмас эди.

2. Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши етти қироатда нозил бўлишидир. Шунинг учун ҳам Ислом оламида етти хил қироат тарқалган.

Бу гап ниҳоятда кулгили бўлади. Чунки етти қироат деган гап анча кейин чиққан. Бунинг устига, аввалда қироатлар кўп бўлган. Улардан фақат энг машҳурларини танлаб олишга ҳаракат қилинганда уламолар етти қироатни ихтиёр қилишган, холос.

3. Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши муайян ададни тақозо қилмайди. Арабларда «етти» сўзи гоҳида чекланмаган ададга нисбатан ишлатилади.

Бу гап ҳам тўғри эмас. Чунки Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши ҳақидаги ҳадиси шарифларда гап айнан олти билан саккиз сонлари орасидаги етти сони  ҳақида кетади.

Биз ўзимиз шарҳ қилаётган «ат-Тожул Жомеъ» китобида Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши ҳақида келган ҳадиси шарифларни ўрганиб, кейин хулоса чиқарсак, яхши бўлади. 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Жаброил менга бир ҳарфда қироат қилдирди. Унга мурожаат қилиб, зиёда этишини сўрайвердим, охири етти ҳарфда интиҳосига етди», дедилар».

Икки шайх ривоят қилганлар.

Шарҳ: Аввало, «ҳарф» сўзининг маъносини тушуниб олайлик. Араб тилида «ҳарф» сўзи бир нарсанинг олд–юз тарафи, бир нарсанинг бурилиш–бузилиши ва бир нарсанинг ўлчови маъноларини билдиради.

Биз сўз юритаётган мавзуда эса биринчи маъно ишлатилади. Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши етти тараф, яъни етти тариқа десак бўлади.

Ушбу ҳадиси шарифда Жаброил алайҳиссалом аввал Қуръони Каримни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бир ҳарфда етказганлар, аммо Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир ҳарф камлик қилишини англаб, уни зиёда қилишни сўраганликлари ҳақида сўз кетмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайта-қайта илтимос қилишлари туфайли бир ҳарф етти ҳарфга етган. 

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ҳишом ибн Ҳаким «Фурқон» сурасини менинг қироатимдан бошқача қироат қилаётганини эшитиб қолдим. Уни менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қироат қилдирган эдилар. Шошилиб, уни бир нарса қилиб қўйишимга сал қолди (у намозда эди). Кейин (намоздан) чиққунича тегмай турдим.

Сўнгра уни ридосидан чангаллаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордим ва:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Албатта, мен манавининг «Фурқон» сурасини сиз менга уни қироат қилдирганингиздан бошқача қироат қилаётганини эшитиб қолдим», дедим.

«Уни қўйиб юбор. Ўқи, эй Ҳишом», дедилар.

У мен эшитгандек қироат қилди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мана шундай нозил қилинган», дедилар ва менга:

«Ўқи», дедилар. Бас, мен ўқидим. У зот:

«Мана шундай нозил қилинган. Албатта, бу Қуръон етти ҳарфда нозил қилингандир. Ундан муяссар бўлганида қироат қилинглар», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан қуйидаги мулоҳазаларни қилишимиз мумкин:

1. Дастлаб Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлганини умумий эълон қилмаганлар. Бўлмаса, Умар ибн Хаттоб Ҳишом ибн Ҳаким розияллоҳу анҳуни ўзларига таниш бўлмаган қироат қилганлари учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига судраб олиб бормас эдилар.

2. Умар ибн Хаттобнинг мулоҳазалари маълум сура – «Фурқон» сураси устида бўлганлиги. Бундан «етти ҳарф» бошдан-оёқ бошқача ўқишни эмас, баъзи жойларида бошқача бўлишини билдиради.

3. Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўл¬ганлигини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам са¬ҳобаи киромларнинг ўзаро тортишувларидан кейин эълон қилганликлари.

4. Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши уни муяссар бўлганича осонлик ила қироат қилиш мақсадида жорий қилинганлиги. Агар бир ҳарфдагина қироат қилиш мажбурий бўлса, одамлар Қуръони Каримни қироат қилишда қийналиб қолишлари мумкинлиги. 

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Fифорнинг ҳовузи олдида эдилар. У зотнинг ҳузурларига Жаброил алайҳиссалом келиб:

«Албатта, Аллоҳ сенга умматинг Қуръонни бир ҳарфда ўқишини амр қилмоқда», деди.

«Аллоҳдан Унинг офияти ва мағфиратини сўрайман. Албатта, менинг умматим унга тоқат қила олмайди», дедилар у зот.

Сўнгра иккинчи марта келиб:

«Албатта, Аллоҳ умматинг Қуръонни икки ҳарфда ўқишини сенга амр қилмоқда», деди.

«Аллоҳдан Унинг офияти ва мағфиратини сўрайман. Албатта, менинг умматим унга тоқат қила олмайди», дедилар у зот.

Кейин учинчи марта келиб:

«Албатта, Аллоҳ умматинг Қуръонни уч ҳарфда ўқишини сенга амр қилмоқда», деди.

«Аллоҳдан Унинг офияти ва мағфиратини сўрайман. Албатта, менинг умматим унга тоқат қила олмайди», дедилар у зот.

Кейин тўртинчи марта келиб:

«Албатта, Аллоҳ умматинг Қуръонни етти ҳарфда ўқишини сенга амр қилмоқда. Ўшандан қайси ҳарфда қироат қилсалар ҳам тўғри қилган бўладилар», деди».

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Термизийнинг лафзида:

«Эй Жаброил! Мен бир уммий умматга юборилганман. Уларнинг ичида кекса аёллар, кексалар, ёш болалар, кичик қизчалар ва ҳеч қачон ёзув ўқимаган одамлар бор», дедилар.

(Жаброил:) «Эй Муҳаммад! Албатта, Қуръон етти ҳарфда нозил қилингандир», деди», дейилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлишидан кўзланган мақсад очиқ-ойдин келмоқда.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломга қайта-қайта:

«Аллоҳдан Унинг офияти ва мағфиратини сўрайман. Албатта, менинг умматим унга тоқат қила олмайди», демоқдалар.

Буни уч марта такрорлаганларидан кейин бир ҳарф етти ҳарфга етказилди.

(давоми бор)

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Навалний Қуръон ва суннатни ўрганмоқчи, лекин...

1407 09:00 14.04.2021

Татаристон муфтийси Қуръон тафсирининг танқидига жавоб қайтарди

1040 12:10 10.04.2021

Қуръонни келтирган фариштанинг номи нима?

672 19:15 05.04.2021

Мавританиялик болаларга Қуръон совға қилинди 

265 08:30 05.04.2021

Экспериментимиз Мирзо Улуғбек туманида бўлиб ўтди

653 18:00 04.04.2021

“Математика ривожи Қуръондан бошланган...”

643 22:00 02.04.2021
« Орқага