Қуртубада янграган азон

11:00 08.04.2018 979

Айрим нохолис тадқиқотчиларнинг ўрта асрлар жаҳолат, илмсизлик замони эди, деган иддаоларига зид ўлароқ, тарихчилар бу даврда Ислом ҳазораси гуллаб-яшаганини, мусулмонлар Оврупага илм-фан, зироатчилик ва маданият олиб келишганини фахр-ҳаяжон билан ёзишади. "Оврупа мусулмон олимларининг овозидан уйғонди", деб битган эди бир донишманд. Бунинг исботи учун Қуртуба тарихи билан қисқача танишиш кифоя.

Мусулмон фотиҳларининг Испанияга, шу жумладан, Куртубага юришлари Жабали Ториқ (Гибралтар) бўғози орқали ҳижрий 92 (милодий 711) йилда бошланган эди. Ҳижрий 138 йилга келиб, Абдураҳмон Биринчи ад-Доҳилий Испания заминида умавийлар амирлигини ўрнатиб, Қуртубани пойтахт қилди. Бу шаҳар ҳижрий 646 йилгача, яъни, испанлар қайтадан эгаллагунича, беш юз йилдан зиёд вақт мобайнида Ислом ҳазораси ва маданияти гуллаб-яшнаган, илм-фан равнақ топган ўлка сифатида шуҳратини йўқотмади.

Қуртуба ўша пайтда Оврупадаги энг катта пойтахт бўлиб, улуғворлиги ва эътибори жиҳатидан фақат Бағдод ва Қустантания (Истанбул)дан кейин турарди. Ўшанда Қуртубада бир милён аҳоли яшаган. Ҳамма хонадонларга сув тармоқлари киритилган, кўчалар ёритилган. Шаҳар топ-тоза, атрофи боғ-роғлар билан ўралган, ҳашаматли қасрлар чиройи кўзни қамаштирар эди.

Қуртуба илк марта милоддан аввалги 206 йил солномаларида тилга олинган. Рим ҳукмдори Клавдий Марцелл уни Ички Испанияга пойтахт қилган эди. Шундан кейин шаҳар бир неча марта қўлдан-қўлга ўтди. Бироқ энг гуллаб-яшнаган даври мусулмон Қуртубаси замонидир.

Мусулмон фотиҳлари ҳаракати билан милодий саккизинчи асрдаёқ бу ўлкада илк бор гуруч, анор, хурмо, пахта етиштирила бошланди, ипакчилик ривожланди. Самарқанд ва Бухоро қоғоз усталарининг ҳунари Қуртубада ҳам авж олди, шаҳарда бир неча қоғоз тегирмонлари ишга тушди. Шойи, парча, жун газламалар, терининг қимматбаҳо навлари, шиша ва бронза идишлар, фил терисидан маҳсулотлар ва қурол-яроғ, қиличлар тайёрлашда Қуртуба ҳунармандларининг олдига тушадиган топилмай қолди. Мусулмонлар туфайли Оврупада кулолчилик ва чинни буюмлар тайёрлашга киришилди.

Қуртуба илм-фан соҳасида айниқса катта шуҳрат қозонди. Бу ерда саккиз юзта олий илм даргоҳи, бир минг етти юзта масжид бўлган. Олимлар, Қуръон ҳофизлари, фақиҳлар жуда кўп бўлган.

Шаҳардаги "Ал-Ҳикам" кутубхонасида Қуръон тафсири, ҳадис, тарих, тиб, фалакшунослик, ҳандаса, риёзат, тилшунослик ва бошқа соҳаларга оид тўрт юз минг жилд китоб бўлган эди. Кутубхонадаги фақат шеърий девонлар мундарижаси қирқ тўрт жузга етган. Ваҳоланки, ўшанда Оврупа қироллик кутубхонасида бор-йўғи юз жилд китоб бўлган. 785 йили қурилган, умумий майдони 23,4 минг квадрат метрли жомеъ масжиди (майдонига кўра дунёда учинчи ўринда), "Қасрул халифа" деб ном олган Аз-Заҳро саройи ва бошқа ёдгорликлар Қуртубадаги исломий меъморликнинг шоҳ асарлари сифатида ҳанузгача ақлларни лол қолдиради.

Қуртуба жаҳон фанига улкан ҳисса қўшган атоқли алломалари билан ҳам ном чиқарган. Улардан Боқий ибн Моҳлад ибн Язид ибн Абдураҳмон (Имом Қуртубий номи билан машҳур) Ислом, оламида тан олинган муфассир ва муҳаддис саналади. У Қуръони каримга тафсир ёзган. "Сунан"и ҳам бор. Ўзи обид, тўғрисўз, холис инсон бўлган. Ҳижрий 276 йили вафот этган.

Абу Умар Юсуф ибн Абдуллоҳ ибн Абдулбар ал-Қуртубий (ҳижрий 368—463) ҳам улуғ муҳаддис, муаррих, адиб эди. Мадраса таҳсилидан сўнг Мисрда, Маккада машҳур муҳаддислардан илм ўрганган. Кейин Лиссабон ва Чантар (Андалусия) қозиси бўлган. Унинг "Бахимат ул-мажолис", "Ал-истиоб", "Ат-тамҳид ламма фил-муваттаъ минал-маоний", "Жомеъу баён ул-илм ва фазл", "Ал-мухтор фи зикрил-хитоти вал осор" ва бошқа асарлари машҳур.

Абдулвалид Муҳаммад ибн Рушд (милодий 1126—1198) ҳам Қуртубада туғилиб, камолга етган улуғ олим ва табиб. Анча йиллар қозилик қилган, саройда табиб бўлиб ишлаган. Тибга доир етти жилдли қомусий асар ёзган.

Умавийлар султони Ҳишом ибн Абдураҳмон тахтга чиққанида (ҳижрий 172 йил) ҳали ёш, уйланмаган эди. Оила куриш истаги туғилиб, ўзига муносиб келин излаб, номзодларга Қуръонни ёд олганлик шартини қўйди. Шунда Қуртубанинг ўзидан етти юз йигирма нафар қория қиз чиқди. Кейин султон иккинчи шартни қўйишга мажбур бўлди: бўлажак турмуш ўртоғи Имом Моликнинг "Муватто" ҳадис китобини ёд билиши керак. Шунда ҳам келинликка номзодлар камаймади. Қуртубада беш юз нафар қиз Қуръони каримни ҳам, "Муватто"ни ҳам тўла ёд олган, фиқҳдан яхши хабардор бўлган экан.

Қуртубанинг Ислом ҳазорасига, жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси фақат шу эмас. Келинг, яхшиси, бу ҳақда Ғарб олимларининг ўзлари нима дейишганига бир қулоқ солайлик:

Густав Лубон бундай ёзади: "Оврупа Ислом олимларининг асарлари билан Ишбилиййа (Севилия), Қуртуба (Кордова), Ғарнота (Гранада) шаҳарларидаги масжидлардан таралган илм туфайлигина танишишга муяссар бўлди". Мсье Ренон дейди: "Албатта, Сан Тома фалсафада Ибн Рушдга қарздор". Шарқшунос олим Седийо айтади: "Ўрта аср ҳазораси байроғини мусулмонларнинг ўзлари кўтариб, шимол қабилаларининг Оврупани титратган варварлигини мағлуб этди... Улар ўзлари эришган маърифат хазиналари олдида тўхтаб қолмадилар, балки кенгайтирдилар, табиатни ўрганиш учун янги эшикларни очдилар". Бу фикрларни Оврупа шоирларидан бирининг қуйидаги сатрлари яхши хотималайди:

"Кириб борди зир титратиб
Оврупанинг фаҳш тўлган қучоқларига,
Жоҳиллик ин қурган пучмоқларига
Қуртубадан янграган азон..."

Қуртубадаги улкан жомеъ масжидида бугун азон айтилмайди. Испан салибчилари уни насроний черковига айлантиришган, юксак минорасига қўнғироқлар осишган. Аммо Қуртубада янги очилган кичик-кичик масжидларда яна азон садолари янграй бошлади. Чунки Испаниядаги беш юз мингдан зиёд мусулмоннинг аксар қисми Қуртубада истиқомат қилади. Уларнинг адади йил сайин ортиб боряпти.

Аҳмад МУҲАММАД

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!