Қусам ибн Аббос Самарқандга нима мақсадда келган эди?

08:30 09.05.2018 2083

“Қусам ибн Аббос – Шоҳи Зинда” номли тарихий-маърифий китобни ўқиб, кўнглимда бир қанча фикр ва мулоҳазалар пайдо бўлди. Дарҳақиқат, китоб инсоннинг энг яқин дўсти ва беғараз ҳамроҳидир. Одам ўз қалбидаги кўплаб саволларга китобдан жавоб топади. Кимлар саҳоба деб аталади? Саҳоба бор бўлган жойда фатҳу зафар ёр бўлишининг ҳикмати нимада? Маънавий мартабаларни белгилаганда, саҳобалар нима сабабдан авлиёларнинг улуғи саналади? Шоҳи Зинда деб шараф топган зот қандай оилада етишганлар? Ота-оналари кимлар, ака-укалари нима хизматлар билан шараф топганлар? Опа-сингиллари ҳақида қандай маълумотлар бор? Мадинаи мунаввара ва Маккаи мукаррама шаҳарларининг ҳокими бўлган улуғ зот қандай мақсад билан қадимий Мовароуннаҳр, кўҳна Самарқандга келиб қолдилар? Шаҳид бўлиш тарихлари қайси вақтга тўғри келади? У киши ҳақларида манбаларда қандай тарихий далил-ҳужжатлар бор? Бу саволлар, албатта, ҳар бир ватандошимизни қизиқтиради.

“O'zbekiston” нашриёт-матбаа ижодий уйи Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, шоир, таржимон ва тазкиранавис Мирзо Кенжабекнинг “Қусам ибн Аббос – Шоҳи Зинда” китобини чоп этди. Усмонхон Алимов ушбу рисола муқаддимасида жумладан бундай мулоҳазаларни баён этганлар: “Ҳазрат Пайғамбар алайҳиссаломнинг амакизодалари, болаликдан ул Жанобнинг дуоларига эришган, ул Жанобнинг муборак жасадларини ювиш, кафанлаш ва дафн этишда қатнашган, ул зотни қабрларида энг охирги марта кўрган, хулқлари ва шакл-шамоиллари жиҳатидан ул кишига энг кўп ўхшаган, қисқа вақт Мадинаи мунаввара, сўнг анча вақт Маккаи мукаррама шаҳарлари ҳокими бўлган, бу даврда ҳаж ишларига раҳбарлик қилган, умр охирида Саъид ибн Усмон лашкари сафида Мовароуннаҳрга келиб, Самарқандни фатҳ этган, у ерда шаҳид бўлиб, дафн этилиб, бу диёрнинг шараф топишига сабаб бўлган азиз зотнинг ҳаёти лавҳалари китобхон қалбида завқу шавқ уйғотади, уларнинг у кишига бўлган ҳурмат ва муҳаббатларини зиёда қилади”.

Ушбу китобни тайёрлаш учун муаллиф анча заҳмат чеккани, катта изланишлар олиб боргани, ташбиҳ билан айтадиган бўлсак, игна билан қудуқ қазгани мутоала жараёнида ўқувчига албатта, аён бўлади.

Саҳобалар фазилати билан боғлиқ муқаддима китоб моҳиятини теран англаш учун хизмат қилади. Зотан, мутоалага киришган китобхонга саҳобалар, уларнинг иймон-эътиқод йўлидаги хизматлари тўғрисида етарлича билимга эга бўлиш юртимиздаги ушбу зиёратгоҳнинг қанчалар улуғ эканлигини ҳис этишда кўмак беради. Асарда акс этган Қусам ибн Аббоснинг насаблари, ота-она, ака-укалари ҳамда бу азиз зотнинг фазилат ва шарфлари ҳақидаги сўзлар кишида катта қизиқиш уйғотади. Эътиборли жиҳати, бу мулоҳазалар Имом Бухорий, Имом Термизий, Абул-Лайс Самарқандий, Умар Насафий, Шарафиддин Али Яздий, Абу Тоҳирхўжа Самарқандий, Мирзо Бобур, Имом Раббоний каби буюк аллома, улкан маънавият пешволари асарларида келтирилган маълумотлар асосида ёзилган. Табиийки, бу нарса асарнинг илмий даражасини оширишга хизмат қилади, Табаррук зиёратгоҳдаги илк обидалар тарихи ХI-ХII асрларга бориб тақалади. Унинг улкан мажмуага айлантиришдек мислсиз хайрли ишни Соҳибқирон Амир Темур бошлаб берган. Бундай азиз жойни обод этиш ишларига кўп ҳукмдорлар насибадор бўлишга интилишган. Соҳибқирон Амир Темурнинг набираси, буюк султон ва аллома Мирзо Улуғбек, Амир Шоҳмурод кабиларни алоҳида эътироф этиш мумкин. Шу каби давлат арбобларининг муқаддас қадамжога эътибор ва эътимодлари боис бу муаззам обида ўзгача қиёфа касб этган. Масжид, мадраса ҳамда мақбараларнинг қад ростлаши Шоҳизинда ансамбли салобатини оламга кўз-кўз этиб турибди. Улуғ саҳобаи киром ётган тупроқда бошқа азиз кишилар қўйилган.

Ҳазрат Қусам Ибн Аббос мақбаралари дунёдаги хожагон азизларининг зиёрат ва машварат мақомига айланган. Мазкур силсиланинг улуғларидан бўлмиш ҳазрати Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний муршид ва устозлари ҳазрати Хожа Юсуф Ҳамадонийдан ушбу муборак манзилда иршоднома ва ижозат неъматини олишга мушарраф бўлганлар. Баъзи манбаларда ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанднинг бу даргоҳдаги ибодат ва зиёратлари ҳам қайд этилган. Ушбу рисола китобхонга ана шундай маълумотлар бериши билан ҳам эътиборлидир.

Китобнинг яна бир эътиборли жиҳати ҳақида ҳам эслаб ўтиш ўринлидир. Кишилар улуғлар ётган табаррук манзилларни зиёрат этишга, тиловатлар қилишга катта ихлос билан қарайдилар. Бироқ зиёрат одоблари тўғрисида барчамиз кўникмаларга эга эмасмиз. Айни мана шу ҳолатни теран англаган мусанниф Мирзо Кенжабек китобга зиёрат одоблари ҳамда қабр аҳлига салом бериш шаклларини ҳам илова этган. Китоб сўнгида муаллифнинг азиз саҳоба, севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакизодаларига эҳтиром сифатида ёзилган бир шеъри ҳам ўрин олган. Айни ўринда ундан шундай сатрларни келтириб ўтсак:

Ҳар бир пок саҳоба – бир йўлчи юлдуз,
Ҳақ йўлга бошлагай кечами-кундуз,
Умидвор халқ бўлиб сизга бурдик юз,
Қусам ибн Аббос, сизга ассалом,
Дилдан таъзим сизга, дилдан эҳтиром!

Хулоса ўрнида айтиш мумкин, китоб ўқувчига улуғ саҳоба, Пайғамбар алайҳиссаломнинг амакизодалари Қусам ибн Аббос ҳамда Шоҳизинда мажмуасининг ўтмиши ва бугуни тўғрисида кўп ва қиммматли маълумотларни беради. Бу тасниф халқимиз ва зиёратчиларимиз учун жуда катта туҳфадир. Ушбу рисола муаллифга ҳам, халқимизга ҳам муборак бўлсин.

Ғайрат МАЖИД
Манба: “Халқ сўзи”

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!