Таҳлил

«Қўйди-чиқди» шахсий масала бўлдими?

1817

"...Ва улар ила яхшиликда яшанг!"

(Нисо, 19-оят) 

Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар оз эмас.  Уларнинг ҳар бирида ўзига  яраша мураккабликлар бор. Айниқса, низо мол-мулк ёки меросга оид бўлса! Буларга таққослаганда оилавий ажримларга доир масалаларни ҳал этиш осонроқдай кўринади (сиртдан қаралганда, албатта). Бу жараён даста-даста ҳужжатлар талаб қилмайди, судьянинг ҳам  кодекс ва қонунларни титкилаб бош  қотиришига ҳожат йўқ.

Аслида-чи? Аслида ўзини ҳурмат қилган судья учун оилавий ажримларнинг юки бошқа низоларга қараганда оғирроқ келади. Зеро, бунда моддий қийматга доир масала эмас, балки инсон тақдири ҳал этилади. Инсон тақдири эса ҳар қандай моддий нарсадан устунлиги барчага маълум.

Юқоридаги фикрлардан муддао нима?

Олий судга келаётган шикоятлар, шунингдек, жойлардаги сайёр қабулларда шундай мазмунда ёзғиришлар эшитамизки, гўёки судья никоҳни бекор қилиш ҳақидаги аризани (томонларга муддат устига муддат бериб!) асоссиз равишда чўзмоқда, унга нисбатан чора кўриш керак...

Қонунда кўрсатилган меъёрларни қўйиб турайлик, оддий мантиқ: эр-хотин арзимас сабаблар билан ажрашаман деб турганда судья уларни яраштириш, оиласини асраб қолиш, фарзандлари тирик етим бўлишининг олдини олишга ҳаракат қилса, бунинг нимаси ёмон, нимаси ғайритабиий? Аслида арзимас маиший муаммоларни рўкач қилиб, судга чопишнинг ўзи ғайритабиий эмасми?!

Ўзаро муносабатлар батамом берк кўчага кириб, ўртадаги риштани боғловчи бирорта омил қолмаган бўлса - бу бошқа гап.

Эр ёки хотинлар томонидан судда “бирга яшаш-яшамаслик менинг шахсий ишим, ўзим биламан”, - деган иддао бот-бот такрорланади.

Тўғри, эр ва хотин кишининг бир оила бўлиб яшаши - икки томоннинг хоҳишига боғлиқ, бироқ  оила масаласи - мутлоқ шахсий масала эмас. Чунки, оилани жамият билан ёки жамиятни оила билан айро тасаввур қилиб бўлмайди. Жамиятдаги иллатлар оилага қанчалик таъсир қилса, оиладаги норасолик-нотинчликнинг ҳам жамиятга таъсири шунча!

Ҳар бир оилавий ажрим - "қўйди-чиқди" натижасида бола тарбияси, уй-жой масаласида юзага келадиган муаммолар, хоҳлаймизми-йўқми, жамиятнинг оғриқли дардига айланади. Аросатда қолган тирик етимлар, рўзғор ташвишида минг азобга дуч келаётган ёлғиз аёллар, оиладан тополмаган ҳаловатни бошқа жойлардан топишга ҳаракат қилиб, турли балоларга гирифтор бўлаётган эркаклар... Буларнинг ҳар бири катта кўргулик бўлиб, алал-оқибат жамиятдаги мувозанатга путур етказмайдими?! Ёинки отасиз ёки онасиз улғаяётган болани олайлик. Тарбияга қанчалар эътибор берилмасин, боланинг хатти-ҳаракатлари ёки юриш-туришда ё онанинг, ё отанинг иштироки йўқлиги билиниб-кўриниб тураверади. Ота-онаси тирик бўла туриб, улардан меҳр кўрмаганлигининг ўрнини ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайди-да.

Бугун оилавий ажримлар масаласи  жамиятнинг  оғриқли муаммоларидан биридир. Рақамларга қаранг: жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида фуқаролик судларида ҳал қилув қарори қабул қилинган  27 701 та  никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишдан 16.739 та оилани сақлаб қолиш иложи йўқ деб топилиб,  никоҳ бекор қилинганлиги қанчалар ташвишли ҳолат?! Салкам ўн саккиз минг оила-я?

Никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги аризалар, суд жараёнида томонларнинг кўрсатаётган важлари замирига қаралса, ажрашишга арзигулик жиддий сабаблар йўқлиги ойдинлашмоқда. Шунга кўра, судлар томонидан ажралиш ҳақидаги даъво талаблари асоссиз деб топилиб, рад этилган ишлар 10.962 тани ташкил этган.

Оилавий ажримларга оид низоларда шундайлари учрайдики, на айтишга тил боради, на ёзишга қўл?! Лекин, бир нарсани қайд қилиш мумкин, асосий муаммо эр-хотин тарбияси, уларнинг маънавиятида бўлиб, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда ана шу жихатга катта эътибор қаратиш лозим...

Эр ва хотиннинг йўллари айро тушганидан кейин, уларнинг вояга етмаган болалари  тақдири ҳақида фақат оғриқ билан гапириш мумкин.

Ажрашган оила фарзандлари ота-она ўртасида сарсон ёки ота-онаси тирик бўла туриб,  меҳрибонлик уйлари тарбияланувчисига айланаётганлиги бугуннинг аччиқ ҳақиқатидир.

Аксарият низоларнинг ягона сабаби томонлар ўз ҳаққини меъёридан ортиқ талаб қилиб, мажбуриятини унутиб қўяётганида кўринади. Эр: "Оилада мен хўжайинман!" дейди. Тўғри, эр оила бошлиғи, бироқ бу мақом  хотинга паст назар билан қарайвер, дегани эмас-да?! Оила бошлиқлиги, бу -  қарамоғидаги хотин, бола-чақани боқишдан тортиб, уларга тўғри тарбия бериш ва жамиятга керакли инсон бўлиб вояга етишида МАСЪУЛсан деганидир. Муқаддас ҳадиси шарифда бежиз эрларга қарата: " ...хотини ва болалари учун мутасадди ва масъулдир", дейилмаган?!  Ёки  аҳлига (хотинига) яхши муносабатда бўлган эрлар энг яхши мўминлар қаторида саналиши ҳақидаги яна бир саҳиҳ ҳадисни эсланг. Қуръони каримда "...ва улар ила яхшиликда яшанг!" (Нисо,19) дея марҳамат қилиниши  эрнинг босиқ, бағрикенг ва ширинсухан бўлишига амр эмасми?

Албатта, қарс икки қўлдан чиқади. Эрга итоат қилмасдан, тенглик эмас, “устунлик”  талабида  ўз сўзини ўтказишга қилинган ҳаракатлар муҳтарама аёлларимизнинг энг катта камчиликларидан бири ҳисобланади. Тўғри, қонун бўйича эр ҳам, аёл ҳам тенг. Бирининг ҳуқуқи иккинчисидан баланд эмас. Бундан англашиладики, оилавий муносабатларда ҳуқуқдан аввал бурчни ўйлаш лозим. Зеро, ҳуқуқни талаб қилавериш бурчни унутишга олиб келади. Бурч унутилган оилада ҳаловат бўлмаслиги тайин. Донишмадлар топиб айтган: аёл эрини подшоҳ билиб, шунга монанд муносабатда бўлса, ўзи қандай маликага айланиб қолганини билмай ҳам қолади!

Демак, такрор айтсак, оила тотувлигининг ўзак томири эр ва хотин ўз бурчини теранг англашида, ҳис этишида! Бунинг илк белгиси  - эътибордир.

Дейлик,  эрнинг хотини тайёрлаган таомни "Жуда ширин бўпти-я?" деб мақтаб тановул қилиши аёлни қанчалар хурсанд қилади? Ёки ишдан ҳориб борган эрга табассумга ўраб айтилган "Ҳорманг, дадаси!" деган гап унинг чарчоқларини чиқариб юбормайдими?!

Ўн-ўн беш йиллаб  бирга яшаб, тўрт-беш нафар фарзанд кўриб, болалари энди вояга етай деган пайтда судда "ажрашаман!" деяётган эр-хотинда бир-бирига оддий эътибор бўлмагани, юзага келган низо эса моҳиятан ўша беътиборликнинг аччиқ ҳосиласи эканига такрор-такрор амин бўласан, киши... Бундай беэътиборлик ота-онадан болаларга ўтиши эҳтимоли катта. Энди айтинг, ўз аҳлига ёки жигарига беэътибор инсонлардан жамият нимаям кутиш мумкин?! Мезонни каттароқ олиб айтсак, жамиятдаги кўп иллатлар ана шундай  эътиборсизликнинг аччиқ меваси эмасми?!

Оила мустаҳкамлиги йўлида хўб ва кўп  гаплар айтиш мумкин. Бироқ бу борада муҳтарам имомларимизнинг маърузаларга алоҳида эҳтиёж сезилади. Зеро, оила пойдевори миллий-диний қадриятлар асосига қурилади. Никоҳ нима, эр ва хотиннинг мажбуриятлари, “талоқ”  ва унинг оқибатларини катта турмуш остонасидаги ёшларга теран тушунтириш керак. Токи, оила қураётган ёшлар шаърий никоҳ ҳақида тўлиқ тушунчага эга бўлсинлар.  Чунки, тажрибада кўряпмиз: томонлар оилани тиклашга рози экани, лекин эр билиб-билмай “талоқ” айтиб қўйгани сабаб эр-у хотин аросатда қолаган...  "Талоқ" шунчаки айтиладиган гап эмас, унинг юки инсон ҳаётини издан чиқариб юбориши мумкин. "Талоқ тушганда Аллоҳ арши ларзага келади", мазмунидаги ҳадиси шариф тафаккур қилинса,  бу сўзнинг залвори яна кенгроқ намоён бўлади. Донишмандлар бежиз таъкидламаган: айтмаган сўзингга ўзинг хўжайинсан, айтган гапининг эса сенга хўжайин...

Оила мустаҳкамлиги жамият учун ўта муҳим масала бўлгани боис доим давлат эътиборида. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ҳам бу борада давлат миқёсида кўрилаётган кўплаб чора-тадбирлардан биттаси. Мазкур ҳуқуқий ҳужжатга асосан бугунги кунда Олий суд, Хотин-қизлар қўмитаси ва Оила маркази томонидан қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Оила қуриш арафасидаги ёшлар билан номига суҳбатлар ўтказиш билангина чекланиб қолиш керак эмас. Балки мактаб ёшидан бошлаб, оила, она-она муқаддаслигини улар онгига сингдириш, балоғат ёшидаги йигит-қизлар билан таълим муассасаларида алоҳида-алоҳида ишлаш, уларга савоб нима-ю гуноҳ нима, ҳалол нима-ю харом нима - буларнинг фарқини қадриятларимиздан келиб чиқиб, тушунтириш ўта муҳим аҳамият касб этадиган омиллардан ҳисобланади. Унутмаслик керакки, ёшларни оилага тайёрлаш мавсумий ёки фақат муайян бир ташкилотнинг вазифаси эмас, балки, бутун жамият-барчамизга тегишли масала бўлиб, бунга ҳар бир онгли инсон масъуллигини ҳис қилиши лозим. Шундагина кўзланган мақсадга эришилади.

Холмўмин Ёдгоров,

Олий суд раиси ўринбосари

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага