Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Қўйнини пуч ёнғоққа тўлдираётганлар ёхуд онлайн қимор жабрдийдалари

524

Қимор динимизда ҳам таъқиқланган ва ҳаром қилинган. Ушбу иллат ортидан қанчадан-қанча одамларнинг ҳаёти издан чиқмоқда. Билим-билмай унинг измига тушиб қолган кўплаб инсонлар бунинг домидан қутилишнинг сўнгги чораси — ўлим дея ўз жонига қасд қилмоқда. Таассуфки, узоқ тарихга эга қимор замонлар оша тараққийлашса тараққийлашдики, урфдан асло қолгани йўқ. Тобора глобаллашиб бораётган кибервиртуал дунё унинг янада гуллаб-яшнаши учун янгидан-янги имкониятлар яратаётгандек, гўё. Шулардан бири онлайн ўйинлардир.

«Текиндан келса бойлик»

Одатда, ишга ҳаммадан эрта келаман. Рўпарадаги хонада компьютер клавиатурасига бош қўйиб, донг қотиб ухлаб ётадиган ҳамкасбим мендан ҳам эрта келади. Бунинг сабабини яқинда билдим: кўпинча у тунини ишхонада ўйин ўйнаб ўтказар экан. Бир йилдан буён онлайн ўйинлар "шайдоси"га айланган бу йигитни қимордаги қарзлари ҳам анча-мунча экан.

«Ўйинга биринчи қизиқтирган ўртоғим бўлади. У интернетда ўйин ўйнаб, ўтирган ўрнида топган пуллари ҳақида мақтаниб гапирган. Шунда мен ҳам қизиққанман. Бошида 300 минг ютдим, кейин 200 минг. Ютган сарим тобора қизиқишим ортиб бораверди. Кейин 400 минг ютқазиб қўйдим. Ўша пулимни қайтариб оламан деган аҳд билан ўйинга муккамдан кетдим. Таниш-билишларимдан қарз олиб бўлса ҳам ўйин ўйнайман. Қарзга кирганман, буни тан оламан. Қиморда бир гал ютади, бир гал ютқазади, одам. Ўйинда катта сумма ютиб олсам қарзларимни узаман ва онлайн қиморни тарк этаман», — дейди у.

Ўйиндан чиққан ўт — қиморбоз ҳикояси

Бундан бир неча йиллар илгари сартарошлик қилардим. Ўзимни устахонам, кўплаб шогирдларим бор эди. Авваллари мижозларга ўзим ҳам хизмат қилардим. Шогирдларим мустақил бўла бошлагач, бўш вақтларим кўпайди. Натижада, интернет “қироли”га айландим. Асосий вақтимни ижтимоий тармоқларда ўтказадиган, турли ўйинлар ўйнайдиган бўлдим. Кунларнинг бирида интернет орқали пул ишлаб, бойиб кетаётганлар ҳақида ўқиб қолдим. Табиийки, қизиқдим. Аввал пул тикиб, бойиб кетганлар билан интернет орқали суҳбатлашдим. Ишонч ҳосил қилганимдан сўнг мен ҳам йиққан пулларимни гаровга қўйиб, ўйин иштирокчисига айландим. Ҳақиқатда, бошида пулларим кўпая бошлади. Ҳатто, битта машинамни иккита қилдим. Бир куни 10 000 доллар ютқазиб қўйдим. Очиғи, фақат ютиб юрганим учун бу мағлубиятни кўтаролмадим. Ютқазган пулимни қайтариб олиш мақсадида қайта-қайта пул тикиб, ўйнайвердим. Машиналаримни, сўнг шаҳардан олиб қўйган 2 хонали уйимни сотдим.  Буларни ҳам бой берганимдан сўнг юрагимни шундай алам қуршаб олдики, барча йўқотганларимни қайтаришни мақсад қилдим. Афсус, мен ўйлагандек бўлмади: 75 000 доллар қарзга кирдим яна. Охири, яшаб турган ҳовлимни сотишга мажбур бўлдим. Мени бу қилмишларимга чидай олмаган дадам юрак хуружидан вафот этди. Аёлим фарзандларимни олиб ота уйига кетиб қолди. Дадамнинг ўлимидан сўнг опаларим мендан воз кечишди. Маҳалла-кўйда бош кўтаролмай қолдим. Барча бойликларим ва яқинларимдан айрилганимдан сўнг Россияга кетишга мажбур бўлдим. Бу ерда ишлайдиган танишларимга вазиятимни тушунтирдим. Улар чипта учун пул жўнатишди. Ҳозир бу ерда қурилиш соҳасида ишлаб юрибман.

Ўзбошимчалигим оқибатида мен деярли барча нарсамдан айрилдим. Бир умр ўзимни кечиролмасам керак. Чунки ўзимни тиклаб, уй олгунимча орадан яна қанча йиллар ўтади, билмайман. Ўзимнинг бошимни ўзим едим. Юртдошларимиздан илтимос қилардимки, ҳеч қачон қимор ўйнаманглар. У қай тарзда бўлмасин, бир кун оёғингизга болта уради. Менга ўхшаб умрингизда афсус-надоматда ўтказманг!

Бугун орамизда Алишер (воқеа қаҳрамонларининг исмлари ўзгартирилган)нинг тақдирига ўхшаш тақдирлар оз эмас. Унинг ҳаётида содир бўлган бу воқеаларни эшитар эканман, юрагимни алланечук туйғулар чўлғаб олди. Ҳаётимизга замонавий технологияларнинг кириб келгани, ундан мақсадсиз фойдаланиш охир-оқибат орамиздан муқаддас туйғуларнинг йўқолиб кетишига сабаб бўлаётганини ҳис қилдим. Юртдошларимиз четга фақатгина ишсизлик оқибатида эмас, балки ўзлигидан қочиб ҳам кетаётганига гувоҳ бўлдим.
 

Дарҳақиқат, онлайн қимор ўйнаб, бор-будидан айрилаётганлар бу ўйиннинг якуни яхшилик билан тугамаслигини билишса-да, бироқ мўмай даромад топиш илинжида унинг қурбонига айланиб қолмоқда. Бугун интернет ўйинлари келтираётган маънавий ва моддий зарарлар бир умрлик афсус-надоматга сабаб бўлиши ҳақида деярли қайғурмаяпмиз ҳам. Бунга биргина сабаб — сиз-у бизнинг лоқайд ва эътиборсизлигимиздир.

Қалтис ўйинларга кимлар кўпроқ мойил?

Бу ҳақда психолог Шоира Исақованинг фикрлари билан ўртоқлашдик:

— Бугунги кунда интернетда қалтис ўйинлар жуда кўпайган. Бу ўйинларнинг мазмун-моҳиятини тушунмай телеграм мессенжери орқали энг машҳур каналлар ҳам тарғиб қилмоқда. Қабулимга келаётган мурожаатчиларнинг аксарияти, айнан, онлайн қимор тузоғига илинганлар. Шу нарсани ҳеч қачон унутмаслигимиз керакки, қимор ўйинларнинг барчаси ҳар бир оиланинг шахсий жамғармасига жуда катта таъсир кўрсатади.

Ҳаётда ҳар бир одам омадли, муваффақиятга тез эришишни ва ғолиб бўлишни хоҳлайди. Аммо нотўғри қадам босиб, бу орзу-истакларни амалга ошириб бўлмайди. Йиллар давомида нотўғри тушунчалар билан шаклланган шахслар қалтис ўйинларга кўпроқ ружу қўяди. Кези келганда яна бир нарсани таъкидлаб кетишни истардим: кўпчилик виртуал оламни ҳақиқий ҳаётга алмашади. Натижада, бу ерда муваффақиятларга эришишни хоҳлайди. Шифокорлар бундай ўйинларга тобеликни норкотик ва алкоголь маҳсулотларига қарамлилик билан тенг баҳолашади.

Яқинда қабулимга бир йигит келди. У 10 йилдан бери онлайн ўйин ўйнаркан. Бир ойда 100-200 доллар топишини, бироқ буни топиш учун 500-600 доллар пул тикишини айтди. Ваҳоланки, у бир оиланинг бошлиғи. Биз унга керакли мутахассисларни жалб этиб, қарамликдан чиқишида амалий ёрдам кўрсатдик.

Онлайн ўйинларга қарамлилик оиладаги носоғлом муҳит, фарзандга бўлган эътиборсизлик, доимий назорат қилмаслик, осон пул топиш, бекорчилик оқибатида келиб чиқмоқда. Бу каби ўйинларга тезроқ барҳам берилмаса, жамиятимиз иллатлар исканжасига ғарқ бўлаверади.

Қонунда жазо муқаррар

Қиморда ютқазган тараф ютган тарафни ҳеч қачон яхши кўрмайди. Ўртада адоват, нафрат, жанжал пайдо бўлади. Мағлуб тараф имкон топилди дегунча, ютган тарафдан пулларини қайтариб олишга, бунинг учун ҳатто ўша ютган кимсани ўлдиришгача бориб етади. Қимор сабабли инсонлар ўртасида душманлик, бир-бирини ёмон кўриш ва ҳатто қотиллик юзага келади. Мана шуларнинг ўзиёқ қиморнинг жамиятга соладиган хавфи, келтирадиган зарарлари нечоғли аянчли эканини кўрсатади. Жиноят жазосиз қолмайди. Интернет орқали ташкил этиладиган бу каби ўйинлар учун қонунчиликда қатъий чора қўлланилиши белгилаб қўйилган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 191-моддасида: Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ёки ўтказиш учун телекоммуникация тармоқларида, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғи провайдерлари томонидан хизматлар кўрсатиш ёки хизматлар кўрсатишга кўмаклашиш, тегишли дастурий таъминотдан нусха кўпайтириш, уни кўпайтириш, тарқатиш — компьютер ва бошқа ёрдамчи воситаларни, шунингдек ўйинга тикилган ҳамда ўйиндаги ютуқ бўлган пуллар, ашёлар ва бошқа қимматбаҳо буюмларни мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлишлиги белгилаб қўйилган. Худди шу кодекснинг 278-моддасида эса Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ёки ўтказиш учун телекоммуникация тармоқларида, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғи провайдерлари томонидан хизматлар кўрсатиш, тегишли дастурий таъминотдан нусха кўпайтириш, уни кўпайтириш, тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса — базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан етмиш беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазолананиши кўрсатиб ўтилган.
 

Қонунчиликда қатъий чоралар белгилаб қўйилган бўлса-да, жиноят кўчасига кириб, ундан қутулолмай, миллионлаб пуллари, уй-жой ва қимматбаҳо буюмларидан ажралиб, ўзини абгор аҳволга солаётганлар орасида хотин-қизлар, вояга етмаган ёшларнинг ҳам борлиги жамиятимиз учун катта фожиа. Фуқароларни бундан асрашнинг энг самарали йули фақатгина тарғибот. Чунки уларнинг ҳисобидаги пулларини ишлатишларини доимий назорат қилишни имкони йўқ. Шу боис биз мунтазам тарғибот тадбирлари, рейдлар ўтказиб, жиноятларни фош этяпмиз. Фуқаролардан ҳушёрлик ва огоҳликни талаб этамиз.

Аёл бошим билан 50 000 долларга “тушдим”

Одамларда меҳнат қилмай, қийналмай, осон ва тез пул топишга бўлган истак уларни мана шундай жирканч иш — қимор ўйнашга, қиморга йўналтирилган каналларга аъзо бўлишга ундайди. Қимор ўйновчи кимса охир-оқибат  ҳамма нарсасидан жудо бўлади. Оиласининг пароканда, фарзандларнинг уйсиз қолишига, уларнинг луқмаси узилишига сабаб бўлади.

Бундан 2-3 йил илгари фарғоналик Дилобарнинг ҳаёти ҳавас қилса арзирлик эди. Токи у “қалтис ўйин” иштирокчисига айлангунга қадар турмуш ўртоғи билан бахтли, фарзандларининг шодон кулгуси ила хонадони файзли эди. Унинг кўр-кўрона қилган хатоси туфайли бугун у бахтиёр оиласини йўқотди. Фарзандларини ота меҳридан мосуво этди. Гулдек умрини пул топиб, қарзларини ёпишга совурмоқда.

Одатда, аёллар жиддийроқ хатога йўл қўйса, унинг айбини моддий эҳтиёж, эътиборсизлик оқибатидан деб биламиз. Аммо Дилобарнинг ҳаётини бу нарсалар эмас, балки тўқчилик ўзгартириб юборди. Шаҳар марказидаги дўконларнинг бирини бошқараётган қаҳрамонимиз интернет ўйинларига муккасидан кета бошлайди. Кунларнинг бирида у “тармоқ овчилари”нинг тузоғига тушиб қолади.     

— Интернетдаги ўйинлар кишини шу қадар ўз домига тортадики, гўёки сеҳрлаб қўйгандек, — дейди у. — Осон пул топиш кимга ҳам ёқмайди, дейсиз. Мен ҳам телефон орқали пул топиш пайига тушиб қолдим. Интернет орқали ўйналадиган қимор ўйинларга аралашиб, натижада, 50 000 долларга “тушдим”. Дастлаб, 10-15 минг сўм тикилган пулга 300-400 минг сўм ютуқ бериб, ўйин иштирокчисини янада каттароқ пулни тикишга ундайдиган бу ўйинлар, аслида, қиморнинг виртуал кўриниши, холос. Қимор қандай домига тортса, бу ўйинлар ҳам худди шундай. Хуллас, мана шу ўйинни деб гулдек оиламдан ажралдим. Минг-минглаб долларларни топса бўлар, аммо бахт қўрғониничи?  Аёллик бахтини, оиладаги, жамиятдаги ўрнимни қайта тиклай оламанми? Ҳар гал шу саволлар оғужида ожиз қолавераман. Фарзандларимга муносиб она бўлиш ўрнига, “қиморбоз” деган тамға олдим, холос. Агар менга қайта имкон берилгани-да эди, асло бундай ёлғонларга учмаган бўлардим. 

Хулоса ўрнида

Бундай ўйинлар фақат ва фақат таназзулга олиб келади. Ундан ҳеч қандай фойда йўқ. Тўғри, бу ўйинга тикилган пуллар топилар, олинган қарзлар ўрни кун келиб ёпилар, аммо ота-она, яқинларнинг ишончи, зое кетган вақт, ёшликнинг нодир даврларини қайтариб бўлмайдику? 

Интернет тармоқлари фарзандларимиз учун фақат яхшиликка хизмат қилиши учун назорат зарур эканлигини унутмайлик. Уларни бу зарарли оқибатларга олиб келувчи ўйинлардан огоҳ этиш бурчимиздир. Фарзандларимиз интернетда нима кўраяпти, нима билан шуғулланаётганини текшириш ва уларга тўғри йўлни кўрсатишимиз даркор. Қалтис ўйин оқибатларига биз ҳам жавобгармиз. Шундай экан, ёшларимизнинг хатти-ҳаракатларини доимо назоратда тутайлик, бепарво бўлмайлик. Зеро, фарзандларимиз келажагини ҳушёр ва эътиборли бўлиш билангина асраб қолишимиз мумкин.

Баҳринисо Мадумарова

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

“Туркия географик ва стратегик жиҳатдан муҳим давлат” – НАТО Бош котиби

212 23:45 25.05.2022

Мевлут Чавушўғли ва Маҳмуд Аббос Фаластин масаласини муҳокама қилди

145 23:25 25.05.2022

Саудия Арабистони: “Исроил Фаластин муаммосини ҳал қилиши керак!”

267 22:50 25.05.2022

АҚШ ва Хитой тўғридан-тўғри қарама-қаршиликка киришмаслиги керак – Генри Киссинжер

228 22:30 25.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРУН – Ажр

110 21:50 25.05.2022

«Казбек. Осиё арслони»: қалтис ҳаракат

362 21:10 25.05.2022
« Орқага