Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Раҳбарга қарши гапириш гуноҳми?

1223

Жанубий Кореяликлар Сеулдаги Кванхуамун майдонида президент Пак Кин Хенинг истеъфосини талаб қилиб, намойиш уюштирди. Сабаби, у ўз мансабини суиистеъмол қилиб, юқори мансаблардан бирига ўз дугонасини тайинлаган эди. Президент телевидениядан чиқиш қилиб халққа узр айтиб, йиғлаб кечирим сўради. 

Агар бу хабарни эшитиб даҳшатга тушган бўлсанг, сен аниқ Ўрта Осиёдан ёки Шарқдансан. Сенга ёшлигингда мактабда ўқитувчиларинг, қариганингда эса хоинлар: “Подшоҳ ёки ҳокимларга қарши гапириб бўлмайди. Улар истаган ишини қилади. Уларни тергашга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ! Мусулмон киши подшоҳнинг олдида гўё ғассол олдидаги маййит сингари туриш керак. Ғассол уни истаган томонга қараб айлантиради”, деб сингдиришган. 

Мен сенга бу исломдан эмас, десам ажабланишинг мумкин. Сени юмшоққина қўй бўлишингни айтаётганлар аслида хоинлардир. Улар  давлатга эмас, мавжуд ҳокимиятга хизмат қилаётганлардир. 

Мендан сўрашинг мумкин: “Олдинги мусулмонлар сен даъво қилганингдек султонларини сўроққа тутиб, тергаб туришганми?” Мен айтаманки, “Ҳа, тергаб сўроққа тутиб туришган”.  Сенга далилларни келтираман. Аммо аввал сенга бошқа нарсаларни айтмоқчиман. Бошлиқ сайлаш дегани, бир миллатнинг ўзларидан бир кишига ишларини бошқариши, манфаатлари учун бедор бўлиши, чегараларини ҳимоя қилиши, давлат даромадини ўзаро тенг тақсимлаши ва ҳоказолар учун мажбуриятларини топширишидир. Шу маънода у халқнинг хизматкоридир. Халқ унга хизматкор эмас. У фақат халқнинг молидан меҳнатига яраша маош олади, холос. Агар бундан ортиқча олса, у ўғри бўлади. Унга фақатгина яхши ишларда итоат қилинади. Исломда монархия йўқ. Бўлган бўлса, Исломга амал қилинмагани учун бўлган. 

Энди сенга мисол келтираман. Биринчиси омманинг моли учун ҳокимнинг сўроққа тутилиши. Иккинчиси қонунчиликда ҳокимнинг сўроққа тутилишидир. Иккаласи ҳам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан содир бўлган. Умар розияллоҳу анҳу сўроққа тутилган бўлса, бошқалар эрта кунда тутилиши лозим. Бугунги кундаги барча адолатли ҳокимларни бирлаштирсангиз ҳам, Умар розияллоҳу анҳудан пастда туришади. Бошлиқларни очиқ-ойдин сўроққа тутиш Аллоҳ ва Росулига исён деб бизни алдаб келишган. Аслида эса бу иш диннинг аслларидандир. Чунки сиёсатнинг бузилиши – дунё ва диннинг бузилишидир. 

Ибнул Қоййим роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Аъломул муқиъин” китобида келтиради. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга Ямандан кийимлар келди. Уни бир-бир кишиларга тарқатиб чиқдилар. Ўзлари ҳам мусулмонлардан бири бўлганликлари учун битта кийим олдилар. Жума куни бўлганида минбарга кўтарилиб: “Эй инсонлар! Эшитинг ва итоат қилинг!”, дедилар. Шунда  Салмон Форсий розияллоҳу анҳу туриб: “Аллоҳга қасамки, эшитмаймиз, итоат қилмаймиз!”, деди. Умар розияллоҳу анҳу: “Нега? эй Салмон?!”, дедилар. Салмон розияллоҳу анҳу: “Ўзингиз иккита кийим кийиб олибсиз. Бизга эса биттадан кийим бердингиз”, деди. Умар розияллоҳу анҳу: “Эй Абдуллоҳ! Салмонга жавоб бер”, дедилар. Шунда Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу туриб, деди: “Отамнинг бўйлари узун, гавдалари катта. Битта кийим у кишига кичиклик қилди. Мен ўзимнинг улушимни ҳам отамга бердим”, деди. Шундан сўнг Салмон розияллоҳу анҳу : “ Энди гапиринг эшитамиз, амр қилинг, итоат қиламиз!”, деди.

Кимдан ажабланишни ҳам билмайсан. Бир метр мато учун давлат раҳбарини сўроққа тутган Салмонданми, ёки ўзидан бу айбни рад қилиш учун ўзини қонундан устун қўймаган Умар ибн Хаттобданми! 

Катта саҳобалар ҳам давлат раҳбарига хушомад қилиб Салмонни “хавориж” деб айблашмади.

Бу халқнинг моли учун сўроққа тутишга мисол эди. Энди қонунчилик учун раҳбарни сўроққа тутишга мисол келтираман. Умар розияллоҳу анҳу маҳрнинг қимматлашиб кетаётганини кўриб турмуш қуриш осонлашиши учун унга бир меъёр қўймоқчи бўлдилар. Минбарга чиқиб маҳрни чегаралайдиган янги қонун ҳақида гапирдилар. Шунда Шифо бинт Абдуллоҳ розияллоҳу анҳо туриб: “Эй мўъминлар амири! Бу сизга ҳалол бўлмайди. Аллоҳ таоло: “ Агар хотин ўрнига бошқа хотин олмоқчи бўлсангиз ва уларнинг бирига ҳаддан зиёда маҳр берган бўлсангиз ҳам, ундан ҳеч нарсани қайтариб олманг”, деган. Аллоҳ очиқ қўйган нарсани сиз чегараламоқчимисиз?!”, деди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “Аёл тўғри гапирди, Умар хато қилди”, дедилар.

Қайси биридан ажабланишни билмайсан. Давлат қонунининг қуръонга хилоф келишига кўнмаган аёлданми ёки ҳақ олдида тақа-тақ тўхтаган Умар розияллоҳу анҳуданми?!

Катта саҳобалар ҳам халифага хушомад қилиб: “Айтганингизни қилаверинг. Аёл кишининг ақли калта бўлади”, демадилар. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Шаҳидларнинг саййиди Ҳамзадир ҳамда золим ҳокимнинг ҳузурига кириб уни амри маъруф ва наҳйи мункар қилган , бунинг натижасида ҳоким уни ўлдирган кишидир”, деганлар. 

“Халқ подшоҳдан қолганини олади”, деб бизни алдашган. Аслида подшоҳ халқдан маош олади. “Ҳокимларнинг хатосини гапирадиганлар ватанини ёмон кўради”, деб бизни алдашган. Аслида ватанни ана ўшалар севишади!

Абдулқодир Полвонов

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Сисий мисрликларни камроқ фарзандли бўлишга чақирди

1168 20:30 17.02.2021

Мусулмонлар етакчиси насронийларни Рождество билан табриклади

2187 09:56 27.12.2020

Раҳбарлар ишга автомобилсиз келади ~ янги қонун тавсияси

1006 19:30 02.12.2020

Си Цзиньпин Хитой генералларини ҳақиқий урушга тайёргарлик кўришга чақирди

2293 13:30 01.12.2020

Раҳбарлар қиммат хизмат автомашинасини қайси пулга оляпти?

1852 16:15 14.11.2020
« Орқага