Раҳм қилган раҳматга лойиқ

11:06 16.04.2019 393

Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар шу даражада оммалашдики, биз қариндош-уруғларни-да йўқлаш учун вақтимизни қизғанадиган, дўстлар дийдоридан кўра уларнинг тармоққа жойлаган расмларини афзал кўрадиган, ота-онамизнинг ифорига тўйиш ўрнига уларга ҳам тармоқлар орқали ўпич йўлаб қўядиган бўлдик. Аммо динимизда нафақат инсонларга балки ҳайвон ва бутун мавжудотларга силаи раҳмда бўлиш катта савоб эканлиги таъкидланади. Ижтимоий тармоқларда соатлаб вақт ўтказар эканмиз, кўп йиллаб йўқламаган қариндошларимизга бир бора қўнғироқ қилиб қўйишни ёки уларни иккита нон билан йўқлаб қўйишни унутамиз. Хўш, Силаи раҳмнинг маъноси нима ўзи? Нега динимизда бу муносабат учун катта савоб ваъда қилинган? Силаи раҳм – қариндошлар, дўсту ёрлар билан муносабат ўрнатиш, борди-келди қилиш маъносини билдиради. Уларга раҳм-шафқатли бўлиш, яхшиликлар қилиш, мухтожларга ёрдам бериш, меҳр-мурувватли бўлиш инсонийлик ҳақларидан ҳисобланади. Қолаверса, ўсимлик ва ҳайвонот оламига нисбатан раҳмли бўлиш, уларни имкони борича парвариш қилиш ҳам силаи раҳмнинг бир кўринишларидандир. Айтайлик, кўчада кетаётганингизда қўлингизда сув олиб юрасиз. Баъзида эса ортган сувни тўкиб юборишга тўғри келади. Шу ортган сувни бирор дарахт ёки гулнинг тагига тўкиш ҳам яхшиликка киришини ҳаммамиз ҳам билавермаймиз. Дастурхондан ортган ушоқларни деразамиз токчасига махсус идиш қилиб қўйиб, ичига солиб қўйсак қушлар учун озуқа бўлиши мумкин. Динимиз жуда бағрикенг. Сиз ана шу кичик амалларингиз учун ҳам катта савобларга эга бўлишингиз мумкин.
         Аллоҳ таоло Қуръони каримда буюради:“Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг!” ("Исро" сураси, 26-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ризқининг кенгайтирилиши ва ажалининг ортга сурилишини истаса, қариндошларига силаи раҳм қилсин”, дедилар. “Имом Бухорий ривоятида: “Силаи раҳм қилувчи берганга қайтарган эмас, балки, силаи раҳм қилувчи ўзининг силаи раҳми кесилганда уни боғлаган кишидир”, – дедилар.

Баъзида опа-синглимиз, ака-укамиз, ота-онамиз билан келишмовчилик бўлиб қолса, қариндошлик алоқаларини йиллаб узиб юборамиз. Аммо қуйидаги ҳадиси шарифдан билиш мумкинки, бундай қилувчилар жаннатга кирмас экан.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қариндошлик алоқаларини узувчи жаннатга кирмайди” дедилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, пайғамабаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Насабларингиздан силаи раҳм қиладиган нарсангизни ўрганинг, чунки, силаи раҳм аҳлининг муҳаббатидир, молу мулкнинг кўплигидир ва умрнинг зиёдалигидир”, дедилар. “Эй, Аллоҳнинг расули, кимга яхшилик қилай?” дейилади. “Онангга, отангга, опа-сингилларингга, ака-укаларингга сўнгра уларга яқин бўлган яқинингга, бу вожиб ҳақдир ва силаи раҳмдир”, – дедилар.
Абдуллоҳ ибн Умар Макка кўчасида бир кишига йўлиқди ва унга салом берди. Унинг юкларини кўтариб ўзлари минган эшакка юклади. Бошларидаги саллани унга берди. Ибн Динор унга: “Биз: Аллоҳ сизни солиҳ қилсин, у аъробий, озгина нарсага ҳам рози бўлади”, дедик. Шунда Абдуллоҳ: “Бунинг отаси Умар ибн Хаттобнинг дўсти. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Албатта, яхшиликларнинг афзали киши отасининг дўстлари аҳлига силаи раҳм қилиши”, деб айтганларини эшитганман, дедилар. Демакки, отамиз, онамиз ўтиб кетган бўлса-да, уларнинг дўстларига силаи раҳмда бўлишимиз керак экан.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилдилар: “Аллоҳ таоло раҳмли инсонларга раҳм қилади. Ер юзидагиларга меҳрли, шафқатли бўлинг, осмондагилар сизларга раҳм қилишади. Раҳм (қариндошлик алоқалари) Раҳмонга яқиндир. Ким қариндошликни боғласа, Аллоҳ таоло у билан (раҳмат риштасини) боғлайди. Ким уни узса, Аллоҳ таоло ҳам ундан (раҳмат риштасини) узади” (Абуд Довуд ва Термизий ривояти).

* * *

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Раҳмдил бўлмагунча (комил) мусулмон бўлолмайсиз”, деб марҳамат қилганларида саҳобийлари: “Эй Аллоҳнинг расули, ҳаммамиз раҳмлимиз”, деб жавоб бердилар. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Бу ўринда бирингизнинг дўстига кўрсатадиган раҳм-шафқати эмас, барча инсонларга ва ҳайвонларга кўрсатиладиган марҳаматни кўзда тутяпман”, дедилар” (Табароний ривояти).

Ҳар биримизга силаи раҳмда ва улкан савобларга эга бўлиш насиб этган бўлсин!

Манбалар асосида Саида тайёрлади

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!