Ахлоқ

Раҳм қилмаганга раҳм қилинмайди

2658

95. Абу Саъиддан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Раҳм қилмаганга раҳм қилинмайди», дедилар”.

Шарҳ: Бу ҳадис юқорида ҳам шарҳлаб ўтилди. Албатта, ушбу ҳадиси шарифнинг бу бобда келтирилишидан мақсад, болага раҳм қилишни таъкидлаш учундир. Демак, боласига раҳм қилмаган ота-онага Аллоҳ таоло ҳам раҳм қилмайди.

 

96. Жарир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларга раҳм қилмайдиган кишига Аллоҳ раҳм қилмайди», дедилар”.

Шарҳ: Ким одамларга раҳм қилмаса, Аллоҳ таоло ҳам унга раҳм қилмайди. Бу гап ота-оналарга ҳам, болаларга ҳам тааллуқлидир. Шунинг учун мусулмонлар доимо бир-бирларига, хусусан, оила аъзоларига ниҳоятда раҳмдил бўлишлари керак.

Мусулмон ота-она ва болалар бир-бирларига раҳм-шафқат кўрсатиш орқали Аллоҳ таолонинг раҳматига сазовор бўладилар. Агар иш тескарисига айланиб қолса, Аллоҳ таолонинг раҳматидан айрилиб қоладилар.

 

97. Жарир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким одамларга раҳм қилмаса, Аллоҳ унга раҳм қилмайди», дедилар”.

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф аввалги ҳадисни бироз бошқача шаклда такрорлаб, таъкидлаб келган.

 

98. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

“Бир нечта аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. Улардан бири у зотга:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Сизлар ёш болаларни ўпасизларми? Аллоҳга қасамки, биз уларни ўпмаймиз», деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ азза ва жалла қалбингдан раҳматни суғуриб олган бўлса, мен нима ҳам қила олардим» дедилар”.

Шарҳ: Бу ҳадиснинг маъноси ҳам аввалгиларини таъкидлаб келган.

 

99. Абу Усмондан ривоят қилинади:

«Умар розияллоҳу анҳу бир одамни лавозимга тайинлади. У:

“Менинг фалонча болам бор, улардан биттасини ҳам ўпмаганман”, деди. Шунда Умар:

“Аллоҳ азза ва жалла бандаларидан фақатгина яхшилик қилган одамга раҳм қилади”, деди».

Шарҳ: Яъни ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ўзлари мансаб берган одамдан шу камчиликни топган эканлар. Мазкур одамнинг ўз боласини ўпмагани шахсий камчилик сифатида баҳоланган экан. Мўмин-мусулмон ота-оналар мазкур камчиликдан йироқда бўлишлари матлубдир.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.

"Одоблар ҳазинаси китобидан"

Манба: Islom.uz

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага