Илм

Раҳмат пайғамбари (2-қисм)

640

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалблари шу қадар кенг эдики, ҳатто У зотни ёлғончига чиқарган, азият берган, уришган, ўз ватанларидан қувиб солган, суиқасд қилишга келишган, қамал қилган ва саҳобаларга азоб берган душманларга ҳам раҳм қилганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу аламларнинг барчасини унутиб юбордилар. Чунки У зотнинг қалблари ҳасад, ёмонлик ва гина-кудуратларни кўтариб юрмайди. Балки муҳаббат, яхшилик, барча инсонларга эзгулик улашиш билан лиммо-лимдир.

Мана, масалан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка фатҳ этилган кун узоқ йиллик даъват, тинимсиз ҳаракат ва қурбонликлардан сўнг шаҳарга ғолиб ҳолда кириб бордилар. Шаҳарга кирар эканлар, Аллоҳ таолога тавозеъ қилиб бошларини эгиб олган эдилар. Мутакаббир қўшин саркардаларнинг кеккайишидан йироқ эди. Макка мушриклари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг атрофларидаги байроқ кўтарган отлиқлар ичида тантанавор юришларини кузатиб турар эди. Барчалари хаёлларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобаларга нисбатан қилган барча қилмишларини эслаб ўтдилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёлғончига чиқарди, азият берди, ўз ватанларидан қувди, жонларига суиқасд уюштирди, шоирлик, сеҳргарлик, коҳинлик ва жиннилик билан айблади. Саҳобалар бошига турли азобу уқубатларни солди. Мана бугун улар ўзларининг номаълум интиҳоларини кутиб турибдилар.

Макка аҳли бу ғолиб қўмондон қандай жазо беришини кутиб турар эди. Улар гўё бу қўмондоннинг қўлида асирдек турар эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг авф ва раҳм қилишларига бир саҳобанинг сўзига жавобан айтган гапларида намоён бўла бошлаганди. Ўша саҳоба: “Бугун малҳама (яъни интиқом олиш ва жазо бериш) куни”, деганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўқ, бугун марҳамат (афв ва раҳм қилиш) куни”, дедилар. Шундан сўнг Макка аҳлининг олдига чиқиб: “Мени сизга қандай жазо беради деб ўйлайсизлар?”, дедилар. Улар: “Яхшилик, сен олижаноб биродаримиз ва олижаноб биродаримизнинг ўғлисан!” деб жавоб берди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Биродарим Юсуф акаларига айтган сўзни сизларга ҳам айтаман: “Бугунги кунда сизларни айблаш йўқ. Сизларни Аллоҳ мағфират қилгай” (Юсуф сураси, 92-оят) боринглар, сизлар озодсиз!” деб марҳамат қилдилар.

Барчалари қабрдан қайта тирилгандек эркин бўлиб тарқалдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалблари кек сақлаш, ёмон кўриш, ҳасад қилиш каби жирканчликлардан пок ва холи эканига далолат қилувчи мана бундай вазиятлар туфайли Макка аҳлининг аксари мусулмон бўлди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалблари пок ва энг ашаддий душманларга ҳам раҳм қила олиш даражасида кенг эканига  далолат қилувчи вазиятлардан яна бири қуйидагича бўлган: Абу Толиб ва Хадича розияллоҳу анҳо вафот этди. Бу билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам учадиган икки қанотларидан айрилган эдилар. Бу иккилари вафот этганидан сўнг азиятлар ҳам кучайди. Натижада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Тоифга, у ердаги қабилаларни Исломга даъват этиш учун сафарга отландилар. Шояд у ерда тавҳидга келадиган ва ширкдан юз ўгирадиган очиқ қалбларни топсам деган ниятда эдилар. Лекин у ерда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёлғонга чиқариш, қайсарлик ва инкор этиш кутиб турган эди. Тоиф аҳли ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга азият берди, эси паст кишиларни ишга солиб, тошбўрон қилдирди. Оёқ кийимлари товонларигача қонга тўлгач, Маккага қайтишга қарор қилдилар. Қайтишда бошлари оққан томонга кетаётган, маҳзун ҳолатда эдилар. Муборак баданларига теккан тош ўринларидан қон оқаётган бўлса, ёлғончига чиқарганлари ва хорлаганлари учун кўзларидан ёш оқарди. У зот “Қарн ас-Саъолиб” деган жойга етганларида бир булут келиб, соя қилди. Қарасалар, унда Жаброийл алайҳиссалом бор эканлар. Жаброил алайҳиссалом нидо қилиб: “Эй Муҳаммад, Аллоҳ таоло қавмингиз айтган сўзлар ва уларнинг жавобларини эшитди! Шунинг учун тоғларга муаккал қилинган фариштани юборди, улар ҳақида хоҳлаган амрингизни қилинг!” деди. Сўнг тоғларга муаккал қилинган фаришта нидо қилди: “Эй Муҳаммад, Аллоҳ таоло қавмингизнинг жавобини эшитди! Мен тоғларга муаккал қилинган фариштаман. Парвардигорингиз мени хоҳлаган амрингизни бажо келтириш учун юборди. Хоҳласангиз, Макка атрофидаги икки тоғни улар устига ағдараман, улардан ном-нишон ҳам қолмайди”. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен Аллоҳ таоло уларнинг зурриётларидан Унинг ўзигагина ибодат қиладиган, Унга бирор нарсани шерик қилмайдиган кишиларни чиқаришини умид қиламан”, деб марҳамат қилдилар. Шундай қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг ҳалок бўлиши, бутунлай изсиз йўқ бўлиб кетишларига сабабчи бўлиб қолишни хоҳламадилар. Ўзларининг баданларидаги жароҳатларни ҳам, ёлғонга чиқаришларию хорлашларини ҳам эсларидан чиқариб юбордилар ва уларга ҳидоят, Аллоҳ таоло уларнинг зурриётларидан Унинг ўзигагина ибодат қиладиган, Унга бирор нарсани шерик қилмайдиган кишиларни чиқаришини сўрадилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг раҳматлари кўпчилик эътибор бермайдиган ҳайвонларни ҳам қамраб олганлиги У зот нақадар меҳрибон бўлганларини билдиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тирик жонзотларга раҳм қилар ва ҳайвонларга меҳр кўрсатиш ташкилотлари тузилишидан минг йил олдин уларнинг ҳуқуқларини белгилаб қўйганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир аёл мушук сабабли дўзахда азобланди. У мушукни қамаб қўйган эди. Шу сабабли жаҳаннамга кирди. Қамаб қўйганга яраша таом ҳам, ичимлик ҳам бермади ёки ер юзида ризқини топиб ейишга ҳам қўймади”, деб марҳамат қилдилар. Ер юзида мушукни ўлгунича қамаб қўйган инсонга дўзахда азобланишни тайинлаб қўйган бирор қонун борми? Албатта, бу Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қонунидир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларда мушук сабабли дўзахга кирган аёл ҳақида хабар берган бўлсалар, бир итни суғориб жаннатга кирган бошқа бир аёл ҳақида ҳам башорат берганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир фоҳиша аёл иссиқ кунларнинг бирида қудуқ атрофида айланиб ётган итни кўрди. Чанқоқдан унинг тили осилиб ётар эди. Оёқ кийимини ечиб, унга сув олди ва итни суғорди. Шу сабабли унинг гуноҳлари кечирилди”, дедилар. Аллоҳ бу зинокор аёлнинг қалбидаги раҳм-шафқатга назар солди ва уни тавба қилишга муваффақ қилди. Чанқоқдан ўлай деган итни суғоргани туфайли гуноҳларини кечириб юборди.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг раҳматлари нақадар улкан эканига қуйидаги воқеа ҳам далолат қилади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ансорийнинг боғига кирдилар. Боғдаги бир туя Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриши билан мунгли овоз чиқарди ва кўзларидан ёш оқди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг олдига бордилар ва ўзига етган зулмдан шикоят қилаётганини билдилар. Туянинг бошини силаган эдилар, у тинчиди. Сўнг: “Бу туянинг эгаси ким?” дедилар. Ансорлардан бир йигит келиб: “Мен, ё Аллоҳнинг расули!” деди. Раҳмат пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ сенга мулк қилиб берган бу жонзотга зулм қилиб қўйибсан, Аллоҳдан қўрқмайсанми? Бу туя уни оч қолдирганинг ва тинимсиз ишлатганингдан шикоят қилди”, дедилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бирор инсон чумчуқ ёки ундан катта жонзотни ҳақсиз ўлдирса, Аллоҳ таоло қиёмат куни бунинг ҳисобини сўрайди”, дедилар. Шунда бир киши: “Ё Аллоҳнинг расули! Унинг ҳақи нима?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уни сўйиб, истеъмол қилиш ва бошини узиб отиб юбормаслик”, деб жавоб бердилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Руҳи бор бирор нарсани нишон қилиб олманглар”, деб марҳамат қилганлар.

Яъни тирик жонзотни камон ўқи билан пойлаш учун нишон қилиб олманглар. Бу айни Испания ва бошқа ўлкаларда машҳур бўлган “Буқалар жанги” деб номланган спорт турига муносиб келади. Бундай ўйин Ислом динида ҳаром қилинган. Чунки бу ўйин меҳрибонликка зид. Ҳайвон нишон қилиб олинади ва ўқ билан урилади. Шундан сўнг ўлгунича қон оқиб туради.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг раҳматларига Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилган қушлар ҳақидаги ҳадис ҳам далолат қилади: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга сафарда эдик. У зот баъзи юмушлар билан овора бўлдилар. Биз бир қушни кўриб қолдик. Унинг икки полапони ҳам бор эди. Биз полапонларни олдик. Шунда қуш устимизда қанотларини қоқиб, гир айланар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бунинг болаларини олиб, ким безовта қилди? Полапонларини қайтариб беринглар”, дедилар. Бир чумоли инини ёқиб юборганимизни кўриб қолдилар ва: “Бу кимнинг иши?” дедилар. “Бизнинг”, деб жавоб бердик. У зот: “Олов билан фақат оловнинг эгаси Аллоҳ азоб беради”, дедилар.

Жонсиз нарсалар ҳам пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг раҳматларидан четда қолмаган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга минбар ясалгандан сўнг У зот олдинлари хутба ўқийдиган хурмо тўнкаси худди ёш боланинг йиғлаши каби овоз чиқарди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбардан тушдилар ва уни бағриларига босдилар. Тўнка юпатиладиган ёш боладек инграр эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу тўнка олдин эшитган зикрларга йиғлаган экан”, дедилар.

Ҳасан розияллоҳу анҳу мана шу ҳадисни айтсалар йиғлар ва: “Мана шу жонсиз ёғоч Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга муштоқ эди. Сизлар У зотга муштоқ бўлишга ҳақли эмасмисиз?!” дер эди.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Расулуллоҳ шундай эдилар...

763 07:03 09.11.2019

Гўзал турмушдан гўзал намуна

946 22:00 08.11.2019

Усмонли султонининг Пайғамбаримизга ёзган мактублари

1728 12:00 04.11.2019

Аёллар Расулуллоҳнинг раҳматларига гувоҳлик беради

1129 11:00 02.11.2019

НАСА тасдиқлади: Ой иккига бўлинган

33327 18:00 20.09.2019

Пайғамбар ва аёл

1290 22:05 12.09.2019
« Орқага