Рамазон ойи арафасида бутун мусулмон дунёсида Туркияда рўй берган кучли зилзила қурбонлари хотирасини ёдга олиш давом этмоқда. Жумладан, Туркманистон Республикаси пойтахтидаги “Ҳазрати Умар” масжидида ҳам зилзила қурбонлари руҳини шод этиш мақсадида эҳсон тарқатилди, деб хабар берди Туркманистон телевидениесининг «Ватан» ахборот дастури.
Туркманистоннинг собиқ президенти, Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг китоблари савдосидан олинган гонорар ҳисобига ташкил этилди, деб атилаётган ушбу эҳсон маросимига Туркиядан ташриф буюрган бир гуруҳ дин арбоблари ҳам иштирок этишди.
Туркиялик меҳмонлар марҳумлар хотирасига кўрсатилаётган ҳурмат учун миннатдорлик билдиришди. Маросимда Қуръон тиловат қилиниб, савоби қурбонлар руҳига бағишланди, улар ҳақига жамоат бўлиб дуо қилинди.
Эслатиб ўтамиз, 6 февраль куни Туркиянинг жануби-шарқида икки марта — маҳаллий вақт билан 4:17 ва 13:24 да 7 баллдан ортиқ кучдаги зилзила содир бўлган эди. Эпицентри Қаҳраманмарашда бўлган даҳшатли зилзилалар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 48 минг кишидан ошган.